Геосиёсат: Хитой Марказий Осиёни ўз назорати остига оладими?

Россиянинг минтақага таъсири сусайгани сайин Хитой бу ўлкаларга яқинлашиб келмоқда.

 

Жорий йилнинг 18-19 майи кунлари Марказий Осиёнинг беш давлати ва Хитой давлат раҳбарлари Сиан шаҳрида бўлиб ўтган “Хитой-Марказий Осиё” саммитига йиғилдилар. Сиан шаҳри Буюк ипак йўлининг бошланғич нуқтасида жойлашган бўлиб, Хитойнинг қадимий пойтахти ҳисобланади. Шу сабабдан саммитнинг бу шаҳарда ўтказилиши рамзий маънога эга.

Икки кунлик саммит давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Хитой Халқ республикаси раиси Си Цзинпин тарихда илк бор юзма-юз учрашиб, мулоқот қилишган.

Си Цзинпин ўз нутқида, Хитойнинг Марказий Осиё давлатларига мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда ёрдам беришга тайёр эканлигини урғулаган. Дипломатия тилидан таржима қилганда бу сўзлар ушбу давлатнинг минтақадаги ҳарбий таъсирини кучайишини англатади.

«Хитой Марказий Осиё давлатларига ҳуқуқ-тартибот идораларининг хавфсизлик ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда ёрдам беришга, минтақавий хавфсизликни сақлаш ва терроризмга қарши курашда мамлакатларни қўллаб-қувватлашга тайёр», деди Си.
Хитой раҳбари, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлаб, қўшниларига суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик каби соҳаларда «аниқ ва қатъий қўллаб-қувватлаш»ни таклиф қилди.

Шунингдек, Си Цзинпин минтақа давлатларини Хитойга нефть ва газ етказиб бериш ҳажмини ошириш, энергетика ва атом қувватидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга чақирди.

Бу мавзудаги музокаралар натижаси ўлароқ 19 май куни Хитой ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўзаро ёрдам тўғрисидаги Сиан декларациясини имзоладилар.

Миллиардлаган долларлар

Хитой Марказий Осиёга қарийб 4 миллиард доллар молиявий ёрдам ажратишини маълум қилган.

“Хитой – Марказий Осиё” саммити доирасида Хитой ва Ўзбекистон президентлари жами 41 та икки томонлама ҳужжат имзолаб, умумий қиймати 25 миллиард доллардан зиёд бўлган лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришдилар.

Хитой ва Қозоғистон президентлари 22 миллардлик 23 келишув имзолашган бўлса, Тожикистон билан 25, Қирғизистон билан 26 ва Туркманистон билан эса 5 келишув имзоланган. Лекин ушбу уч давлатга тегишли келишувлар қиймати очиқланмаган.

Бундан ташқари давлат раҳбарлари кўп томонлама келишувларга ҳам эришдилар. Бундай лойиҳаларнинг энг йириги шубҳасиз, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси бўлиб, унга оид уч томонлама ҳужжат Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги ва Хитой Тараққиёт ва ислоҳотлар қўмитаси томонидан имзоланди.
Ҳужжатга асосан, томонлар қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш, инвестициялар ажратиш, лойиҳани молиялаштириш моделини ўрганиш ва аниқлаш ҳақида келишиб олдилар.
Аввал хабар берганимиздек, 2022-йил 14-сентябрда Самарқандда ўтган ШҲТ саммити доирасида “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланганди.
Мазкур темир йўлни қуриш ташаббуси 2000 йиллар бошларида кўтарилган, аммо ҳанузгача амалга ошмай келаётган эди. Жумладан, бунга юк ортилган поездларнинг ўз ҳудудидан ўтишидан манфаатдор бўлган Россия ва Қозоғистоннинг қаршилиги сабаб бўлгани яқинда очиқланди.

Саммит олдидан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Си Цзинпин бир қатор шартномаларни имзолаган эдилар. Улар орасида визасиз режим ҳақидаги келишув ҳам бор.

Ҳужжатга кўра, Қозоғистон фуқаролари Хитойда, Хитой фуқаролари эса Қозоғистонда чегарадан кириб келган кундан бошлаб 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатда визасиз саёҳат қилишлари мумкин бўлади.

Россиями Хитой, қай бири афзал?

Халқаро кузатувчиларга кўра, Россия Украинадаги урушга чалғиб, халқаро иқтисодий санкциялар остида мураккаб халқаро вазиятга тушиб қолган бир пайтда, Хитой Марказий Осиё минтақасида ўз таъсирини кучайтирмоқда.

Шунга қарамай, Марказий Осиё ҳали-ҳануз Россиянинг геосиёсий таъсири остидаги ҳудуд сифатида кўрилади. Албатта, Россия ҳам минтақада ўз таъсирини сақлаб қолишгина эмас, янада кучайтириш учун ҳаракат қилмоқда. Аммо уруш туфайли пайдо бўлган молиявий муаммолар, халқаро сиёсий ва иқтисодий босим натижасида вазият Хитойнинг фойдасига ўзгараётгани кўриниб турибди.

Аслида Хитойнинг таъсири бу ерда аввалдан ҳам суст эмасди.

Лондонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов Хитой Марказий Осиёда янги ҳўжайин бўлмоқчи эканлигини айтади.

“Афтидан, Хитой бутун Марказий Осиёни саховатли сармоялари орқали “сотиб олган”. Шунингдек, Хитойда бўлиб ўтган минтақавий саммит Россия иштирокисиз ўтказилган биринчи саммит бўлди. Москва геосиёсий ўйинчи сифатида ҳисобдан чиқарилганга ўхшайди. У нафақат Ғарбда, балки ҳозир жануби-шарқда ҳам муваффақиятсизликка учради”, дейди таҳлилчи.

Рақамлар “тилга кирганда”

Айни пайтда Марказий Осиёнинг барча давлатлари Хитойдан миллиардлаб доллар қарздор. Улар орасида Қозоғистон тўққиз миллиард доллар қарзи билан биринчи ўринда туради. Расмий Тошкент Пекиндан тўрт миллиард доллар қарз олган.

Қирғизистоннинг Хитойдан қарзи 1,78 миллиард долларни ташкил этади. Қўшниларига қараганда камроқ бўлса-да, бу иқтисодий жиҳатдан заиф, бўлган Бишкек учун жуда оғир. Қолаверса, Қирғизистоннинг Хитойдан олган пуллари барча хорижий давлатлар олдидаги қарзининг 39 фоизини ташкил қилади.

Тожикистоннинг қарзи бир миллиард долларга яқинлиги айтилса, Туркманистоннинг Хитойдан қанча қарзи борлиги номаълум. Бу мамлакат одатда қанча қарзи бўлса ҳам, ҳеч қачон ошкора эълон қилмайди.

Хуллас, минтақадаги қайси давлат бўлмасин, Хитой билан яқин иқтисодий алоқаларга эга ва Хитой сармоясига қарам. Бундан ташқари, Хитойда ишлаб чиқарилган ва бутун дунёни босиб кетган арзон товарларнинг кириб келиши маҳаллий корхоналар фаолиятига жиддий зара бериши мумкин.

Хитой божхона хизмати маълумотларига кўра, 2022 йилда Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошиб, 70,2 миллиард долларни ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи чорагида товар айирбошлаш ҳажми 22 фоизга ошиб, бугунги кунда 17,8 миллиард долларга етган.

Хитой божхона бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йилда Марказий Осиё давлатларининг Хитой билан савдоси қўйидагича бўлган.

Хитой ва Қирғизистон ўртасидаги савдо ҳажми 15,50 миллиард долларни ташкил этган. Бироқ Қирғизистон Миллий статистика қўмитасига кўра, ўтган йили Хитой билан савдо айланмаси атиги 4,1 миллиард долларга етган. Статистика қўмитаси Қирғизистон божхона хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга таянганиб, бошқа методика билан ҳисоблашини айтсада, бу ерда келаётган товарларнинг каттагина қисми Божхона назоратини четлаб ўтаётганини тахмин қилиш мумкин.

Ўтган йили Хитойнинг Қозоғистон билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 31,17 миллиард, Тожикистон билан 2,6 миллиард доллар, Ўзбекистон билан 9,78 миллиард доллар,

Туркманистон билан эса 11,18 миллиард долларни ташкил этган.

Хитойнинг ташқи экспорт салоҳияти шу қадар зўрки, юқорида кўрсатилган рақамлар Марказий Осиёнинг Хитой ташқи савдосидаги улушининг атиги 1,1 фоизини ташкил этади, холос. Минтақа давлатлари иқтисодиёти учун эса бу рақамлар жуда жиддий кўрсаткич бўлиб, Хитой бу давлатларнинг асосий савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирча, Россия минтақа давлатларининг барчаси учун энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорларидан бири саналади. Анаъанага кўра, минтақа давлатларининг қарийб барчаси ҳанузгача рус давлатини ўзининг энг йирик стратегик ҳамкори сифатида эътироф этади.

Бунга бир неча ўн йилар давомида минтақа давлатларининг аксарият аҳолиси учун Россия энг йирик меҳнат бозори вазифасини ҳам ўтаб келаётгани ҳам сабаб. Бугунги кунда 10 миллионга яқин марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари Россияда қўним топиб, оилаларини тебратмоқдалар.

Бир томондан АҚШ ва Европа Иттифоқи ва энди Хитой бу ерда ўз таъсирини фаол равишда оширишга интилаётган вазиятда Россиянинг минтақада тарихий мавқеини сақлаб қолиши тобора мураккаблашиб бормоқда.

Қолаверса, халқаро экспертларнинг хулосаларига кўра, Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий таъсири нафақат Марказий Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари, балки Россиянинг ўзига нисбатан ҳам кучайиб бормоқда.

Шоҳрух Соипов, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг