Қирғизистон: Ўшда туркий давлатлар халқаро этнофестивали ўтмоқда
Халқаро миқёсда ўтаётган еттинчи тадбирда дунё халқлари эпик санъатига урғу берилмоқда.
Қирғизистоннинг жанубий пойхтахтида, очиқ осмон остида бўлиб ўтаётган халқаро этнофестивали 20-майгача давом этади. Унинг очилиши 17-май куни бир нечта туркий давлатлардан келган нуфузли меҳмонлар иштирокида бўлиб ўтди. Этнофестивальни Қирғизистон маданияти маълумот, спорт ва ёшлар сиёсати министрлиги ва Ўш шаҳар мерияси ташкил этган.
Дунё халқларининг эпослари фестивали расман очиқ деб эълон қилингач, Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирининг биринчи ўринбосари Қайрат Иманалиев нутқ сўзлаб, бу йил еттинчи маротаба ўтказилаётган халқаро тадбирнинг нуфузи ва аҳамияти ортиб бораётганини айтди.
Қирғизистон давлат котиби Суюнбек Қасмамбетов президенти Садир Жапаровнинг иштирокчиларга табригини ўқиб берди. У Қирғизистон ҳукуматининг эпик меросни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратаётганини, дунё достонлари халқаро фестивалини ҳам шу мақсадда еттинчи маротаба ўтказаётганини таъкидлади.
“Турксой” халқаро ташкилоти бош котиби Султан Раев мазкур фестивалнинг аҳамиятли томонларига тўхталиб, унинг давомийлиги муҳим эканлигини айтиб ўтди. Раев, “Турксой” халқаро ташкилоти номидан фестивал лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Дамира Алишбоевага алоҳида хизматлари учун махсус мукофот топширди.
Фестивалнинг маданий қисми “Тундукни кўтариш” маросими билан бошланди. Тундук (бўз уйнинг юқори қисми) кўтариш маросими дунё халқлари, эпос тадқиқотчилари ва умуман одамларни ҳамжиҳатликка даъват этувчи рамзни акс эттирувчи маросимлардандир. Тундук кўтаришга Қайрат Иманалиев, Қирғизистон президентининг Ўшдаги вакили ўринбосари Эрнис Тўлтўев ва фестивалга келган меҳмонлар иштирок этди. Ундан сўнг ёш болага “Тушов кесиш маросими” ўтказилиб, у меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Бу маросимнинг шартларидан бири бўлган югуриш эстафетасида меҳмонлар ҳам қатнашиб, совринли ўринлар эгаллашди.
Фестивал иштирокчиларга қирғиз халқининг Манас эпоси ва бошқа халқларнинг шу каби тарихий халқ асарлари билан яқиндан танишиш имконини берди. Шунингдек меҳмонлар қирғиз бўз уйини қурилиши жараёнини бошидан охиригача кўриб, унинг ичидаги шароитлар билан танишиб, қирғиз таомларидан татиб кўрдилар.
Вақти-вақти билан “ЭлТР” давлат телерадиокомпанияси жонли эфирда тадбирни намойиш этиб турибди. Фестиваль қирғизистонлик ва хорижлик санъат усталари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди. Ижодий чиқишларда Қозоғистон, Тива Республикаси, Саха-Якутия, Хакасия, Олтой ва бошқа ўлкалардан келган ижодий жамоалар ўз маҳоратларини намойиш этдилар.
Фестивал 4 кун давом этади ва Ўш шаҳри аҳолиси ҳамда меҳмонларига илдизи бир, шу билан бирга ранг-баранг кўринишларга эга бўлган маданият ва санъат, миллий ўйинар, ошхона ва фольклор асарлари билан танишиш имконини беради.
Этнофестивал Ўш шаҳрида 20-майга қадар давом этади.
Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.
Расмлар муаллифники