Собиқ президентга муносабат: Бир талабанинг норозилиги давлат сиёсатидан устунми?

Тўнғич қирғиз президенти Асқар Ақаевга ватанида маъруза ўқишга ижозат берилмади.

Собиқ президент Асқар Ақаевнинг Қирғизистон университетларида режалаштирилган маърузалари бекор қилинди. Бу ҳақда парламентнинг Ижтимоий сиёсат қўмитаси йиғилишида таълим ва фан вазири Қанибек Иманалиев маълум қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, унга Асқар Ақаевнинг маърузаларини 26-29 май кунлари Миллий фанлар академияси ва икки университетда уюштириш режалаштирилгани ҳақида маълумот берилган, лекин улар тасдиқланмаган эди.

Расмийнинг сўзларига кўра, маърузалар бекор қилинган – жамоатчиликнинг салбий муносабати туфайли университетлар тадбирлардан воз кечишга қарор қилишган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг тўнғич президенти Асқар Ақаев мамлакатни 15 йилдан ортиқ бошқарган. У 2005 йилнинг мартидаги «Лола инқилоби»дан сўнг мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Инқилобга туртки бўлган парламент сайловлари халқаро кузатувчилар томонидан ҳам адолатсиз ўтди, деб тан олинган.

Расман “инқилоб” дея талқин этилувчи давлат тўнтаришидан сўнг Ақаевга бир қатор оғир жиноятлар қилишда айбловлар қўйилган, лекин тергов натижаларига кўра уларнинг бирортаси ўз тасдиғини топмаган.

Ақаев Москвада қўним топиб, ўша ерда машҳур Москва давлат университетида дарс бериб, илмий ишлар билан шуғулланиб келади. У замонамизнинг энг илғор фан йўналишларидан бўлган квант физикаси соҳасида қатор илмий тадқиқотлар қилиб, уларнинг натижалари жаҳон илмий доираларида катта эътиборга сазовор бўлган. Бугунги кунда Ақаевни дунёнинг қатор нуфузли университетлари маъруза ўқиш учун таклиф қилиб туришади.

Асқар Ақаев кўп йиллик қувғиндан сўнг Бишкекка 2021 йилнинг декабрида учиб келган. Эртаси куни у «Қумтўр» олтин кони иши бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроққа тутилган. 20 декабр куни Ақаевнинг сафдоши Бекбўлўт Талғарбеков матбуотга Ақаевга қўйилган барча айбловлар олиб ташланганини ва у энди Қирғизистонга бемалол ташриф буюриши мумкинлигини айтган.

Эртаси куни, 21 декабрда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ақаевга нисбатан жиноий иш бўйича тергов давом этаётгани ва унга “Қумтўр” иши бўйича қўйилган айбловлар бекор қилинмагани ҳақида хабар берган.

Бир неча ой аввал президент Садир Жапаров барча собиқ президентларни Дубай шаҳрида тўплаб, мамлакат келажаги ва равнақи учун бири-бирини кечиришга, бирлашишга, халқни тарафма-тараф қилиб бўлишни тўхтатишга чақирган. Бу воқеа кўпчиликда турли фикрлар пайдо қилсада, Жапаровнинг бу ташаббуси кўпчиликда ижобий таассурот қолдирган. Чунки Қирғизистонда сурункали давом этаётган ҳокимият талаш, турли сиёсий кучларга бўлиниб, аҳолининг ўта юқори даражада сиёсийлашиб кетиши ва бунинг оқибатида 2005, 2010 ва 2020 йилларда куч билан ҳокимиятнинг алмашиши давлат тараққиётига ўзининг кучли салбий таъсирини бериб келаётган эди.

Лекин юқорида айтилганидек, Исҳақ Раззақов номидаги Қирғизистон давлат техника университети (собиқ политехника институти) талабалари собиқ президент Асқар Ақаевнинг бу билим даргоҳида маъруза ўқишига қарши эканликларини айтиб чиқишгани жамиятдаги салбий дунёқараш ва душманлик кайфияти ёшларнинг онгига ҳам чуқур сингдириб юборилганини кўрсатди. Хабар қилинишича, талабалар бу ҳақда университет ректорига мурожаат юборишган.

“Мен ва бизнинг авлодимиз учун Асқар Ақаев коррупция, ўғирлик, ҳалокат ва хиёнат тимсоли”, деб ёзган қандайдир талаба Элхан Алибоевнинг интернет тармоғида эълон қилинган мурожаатида.

Кимлиги ноъмалум бўлган бу талабанинг фикрича, “унинг (Асқар Ақаевнинг. — таҳр.) ўзи келажагини ўғирлаган ёш авлодга маъруза ўқиш истаги” талабаларни масхара қилиш эмиш. Ана шундай мурожаат муаллифларидан бири барча талабаларни Асқар Ақаев маърузаларини бойкот қилишга чақирган.

Аммо, ушбу университетнинг матбуот котиби Айнура Султанова мамлакатнинг собиқ президенти Асқар Ақаевнинг маърузалари ҳақида олийгоҳ эълон қилмаганини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, талабалар томонидан таълим муассасаси раҳбариятига маърузаларни бекор қилиш бўйича ёзма ариза ҳам тушмаган. Яъни, мурожаат фақат интернетда эълон қилинган.

Шунга қарамай, бир пайтлар Асқар Ақаевнинг матбуот котиби ва кейинроқ парламент депутати ва бошқа лавозимларни эгаллаган фаол сафдошларидан бири бўлган, эндиликда Фан ва таълим вазири Қанибек Иманалиев ҳам бир гуруҳ талабанинг чиқишларидан қўрқиб кетгани кишини лол қолдиради. Қизиқ, давлат раҳбарининг ўзи собиқ президентлар ва унинг тарафдорларини ўзаро кечиримлиликка, давлат манфаатлари йўлида аввалги ҳафагарчиликларни унутиб, бирлашишга чақириб турганда бу қадар ортга чекинишни нима деб баҳолаш мумкин?

Қолаверса, дунё миқёсида кашфиётлари, илмий асарлари билан жаҳондаги нуфузли илм масканларини лол қолдириб келаётган академик Асқар Ақаев қаёқдаю, кечагина университет остонасини ҳатлаб, она сути оғзидан кетмаган бир-икки талабалар қаёқда?

Мунозарали ташриф тафсилотлари  

Аввалроқ тахтдан ағдарилган биринчи президент Асқар Ақаев рафиқаси Майрам Ақаева билан Қирғизистонга келгани айтилган эди. Бу ҳақда уларнинг собиқ сафдоши, Ақаев давридаги республика бош вазири аппаратининг собиқ раҳбари Бекбўлўт Талғарбеков маълум қилган.

Унинг айтишича, Ақаевлар оиласи Қирғизистонга 18 май куни етиб келган. Биринчи навбатда улар Майрам Ақаеванинг 2022 йили январь ойида вафот этган онасига Қуръон ўқитгани Таласга боришган. Ўшанда, яъни онаси вафот этганда Майрам Ақаева 2005 йил мартидаги инқилобдан кейин, яъни Асқар Ақаевни ҳокимияти ағдарилиб, оиласи билан мамлакатни тарк этганидан кейин илк бор Қирғизистонга келган эди.

Маълумотга кўра, улар Қозоғистон билан чегарадаги “Ақ-Жол” назорат-ўтказиш пункти орқали мамлакатга киришган. Чегарани кесиб ўтаётганлар ҳақидаги маълумотлар махфий бўлиб, фақат суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ваколатли органларнинг сўровига биноан берилади, деган журналистлар саволига Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати жавоб тариқасида.

«Кеча улар Таразда (Қозоғистон) эди. У ерга (Ақаевни) машҳур кардиожарроҳ Сейтхан Жошибоев (қозоғистонлик кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори – таҳр.) таклиф қилди. У (Ақаев) поликлиника билан танишиб, жамоа билан учрашувда қатнашди. Кечаси рафиқаси билан Қирғизистонга қайтиб келди. Ташрифдан мақсад – Политехника университети ва Фанлар академиясида маърузалар ўқиш», – дея маълум қилган эди Бекбўлўт Талғарбеков.

Қирғизистоннинг тахтдан қулатилган биринчи президенти Асқар Ақаев мамлакатга илк бор 2021 йилнинг 2 августида, қочганидан 16 йил ўтиб келган.

Кейин Ақаевни аэропортда хавфсизлик кучлари кутиб олишган ва «Қумтор» лойиҳасидаги коррупция иши бўйича сўроқ қилиш учун Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига олиб кетишган – у кечқурун у ердан жўнаб кетди. Бош прокуратуранинг қайд этишича, Ақаев бу иш бўйича «тергов билан фаол ҳамкорликка рози бўлган».

Ақаев мамлакатда бўлган вақтида президент Садир Жапаров ва бошқа расмийлар билан учрашишга, шунингдек, Чўнг-Кеминдаги кичик ватанига боришга ҳам муваффақ бўлди.

8 август куни Ақаев Москвага учиб кетгани маълум бўлган, бундан олдин собиқ президент ўз ватанига қайтишни хоҳлашини айтганди.

Бунгача икки бора яқин қариндошлари вафот этганда у айнан Қирғизистондаги норозиликлар туфайли таъзияга кела олмаган эди.

Асқар Ақаевнинг президент сифатида олиб борган ишлари турлича талқин қилинади. Унинг давлат миқёсида коррупциянинг илдиз отишига йўл бергани, давлат бошқарувига оила аъзоларини (биринчи галда аёли Майрам Ақаевани) жалб қилгани ва бошқа хато ва камчиликлари ҳақида кўп айтилади. Шу билан бирга унинг мустақил давлат сифатида тажрибаси бўлмаган тарқоқ республика негизида янги қирғиз давлатини шакллантириб, мустаҳкамлаш, иқтисодий, сиёсий, молиявий, халқаро муносабатлар ва бошқа соҳалардаги мисли кўрилмаган ислоҳотлари ва узоқни кўриб ташлаган дадил қадамларини рақиблари ҳам инкор қила олишмайди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг