ЯХШИЛИК УНУТИЛМАЙДИ

Бу воқеага 60 йил булди. Укам ҳарбий хизматдан келгач, уйланиш навбати келди. Уй эса битта. Кексайган дадамиз ва кейинги “онамиз” пастак уйда туришади. Мен оилам бошқа уйга кўчмасак, укам уйланадиган бошқа уй йўқ. Шу боис, нариги маҳаллада экин экиб юрган участкага уй қуриш керак. Мен муаллим бўлиб ишлайман, маош оз. Эплаб, топганимни сарфлаб, бир уй-бир даҳлиз қилиб девор тикладим. Ҳовлимиздаги теракларни кесиб, бир-бирига улаб стропила қилдим. Аммо том ёпишга ўйланиб қолдим. Шунда раҳматли дадам;”Колхозда ўттиз йил дурадгорлик қилганман, раис меҳнатимни эътиборга олар”, дея раисга учраса, у ”Ишлаган бўлсангиз меҳнат кунига ҳақ олгансизлар, ҳозир сизлардан ҳеч ким колхозда ишламайди. Шифер ҳам, ёғоч ҳам бермайман, овора бўлманг”, дебди. Етмиш ёшдан ошган дадам жуда хафа бўлиб қайтиб келди. “Дада, бекор борибсиз, бу раис камбағалга қайишмайди, бир амаллаб ёпиб оларман”, дедим.

Ўша йили ҳовлимизга пиёз экиб, пулига ғунажин олган, соғин сигир қилиб олиш умидида эдик. Шуни сотдим. Ҳисобласам, шиферга етмайди. Тунука оламан, деб қўшни Пахтаобод шаҳрига бордим. Бир-бирига қопланадиган тунука черепица олдим, аммо йўлкирага пулим оз қолди. Қолаверса, у пайтда катта юк машинаси оз юкка овора бўлгиси келмайди. Йўл бўйида ҳар ўтган юк машинага ёлвордим. Юкни олмоқчи бўлганлари менда қолган пулга кўнишмади. “Нима қилсам экан, биронта таниш учраса қарз олиб турардим, ё Оллоҳ, ўзинг мушкулимни осон қил” деб музтар эдим.

Бир пиёла чой ичгунчалик вақт ўтмай Бозорқўрғон томондан келаётган сариқ рангли “ПАЗ” автобуси қаршимда тўхтаб қолди. Қарасам, синфдошим Кутбиддин.

– Ҳа, кимни кутяпсан? – деди.

– Сизни-да, – дедим. Аҳволимни тушунтирдим.

– Ҳозир йўловчиларни ташлаб қайтаман, кутиб тур, – деди.

Вақт тушдан оғиб қолгани учун Бозорқўрғонга қайтаётган йўловчилар оз экан, тунукани автобуснинг орқа томонига юкладик. Кутбиддин билан 10 йил бир синфда ўқиганмиз. У биздан ёши улуғроқ эди. Мактабда энг фаол ўқувчиларнинг бири бўлган. Жисмоний тарбия дарсларига жуда қизиқарди. Югуриш, велосипед пойгасида ҳеч кимни олдига ўтказган эмас. Республикада велосипед пойгаси бўйича ўтказилган мусобақада биринчиликни олиб, республика чемпиони ҳам бўлган.

Шўх-шодон, кўнгли очиқ, тўғрисўз, одамларга меҳр-муҳаббатли бу дўстим билан қишлоққа келгунча ёзилиб гаплашдик, Бозорқўрғонда йўловчиларни туширгач, тунукани тўғри уйимизга олиб келди. Унга йўлкира деб сақлаган пулларимни узатсам, кулиб турган юзи бирдан жиддийлашди.

– Ҳали бир-биримизга кўп керак бўламиз, пулингни чўнтагингга солиб қўй, мени ҳафа қилма, – деди.

Шофёр синфдошим дастлаб юк машинасида ишлаб автобазада қадр-қиммат топди, фахрий ёрлиқлар олди. Илғор ҳайдовчи сифатида Бозорқўрғон – Пахтаобод йўналишида автобус ҳайдаб, йўловчи ташиди. Автобаза ёш ҳайдовчиларни ўқишга юборадиган бўлганда биринчи бўлиб Кутбиддин Россияда ўқиш истагини билдирди ва Ўш шаҳрида кириш имтиҳонларидан ўтиб, Томск политехника институтида ўқий бошлади. Бир йил ўқигач, уларнинг факультети Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрига кўчирилди. Тақдирни қарангки, у шу ердаги автобазада мастер, бригадир ва ҳайдовчи бўлиб то нафақага чиққунча ишлади. Кундалик режани 125-130 фоизга мунтазам адо этиб турди. Сурати “Ҳурмат тахтаси”дан тушмади. “Меҳнат ветерани” медалини ҳам олди. Автобаза жамоаси унинг ҳайдовчиликдаги қирқ йиллик меҳнат фаолиятини эътиборга олиб ва қадрлаб ўзи ҳайдаган ГАЗ-24 “Волга” енгил машинасини унга мукофот қилиб топширди. Шаҳарда ишлаб юриб, ўзига умр йўлдоши топди.

Синфдош дўстим Қутбиддин Эгамбердиев қарийб олтимиш йилдирки, Бишкек шаҳрида яшаб келмоқда.

Бундан 35 йил муқаддам Жалолобод вилояти қайта ташкил топганда вилоятда ўзбекча газета чиқариш тараддуди бошланди. Бишкек шаҳрига бориб газетани рўйхатдан ўтказиш керак эди. Маҳалладош дўстим Сотволди Эргашевга машинасида пойтахтга бориб келадиган иш чиқиб қолди деганимда, ҳеч иккиланмай рози бўлди. Ботиржон Ғозибоев ва Тўйғонбой деган йигит билан йўлга чиқдик. Бишкекка етиб боргунча кеч бўлди. Шунда шаҳарда яшайдиган синфдош дўстим Қутбиддинни эслаб, уйини излаб топдик. Кўпдан кўришмай соғинишиб қолган эканмиз, бизни қулоч очиб кутиб олди. Хотини қўли гул пазанда экан, бизни уйғур лағмони билан меҳмон қилди. Бир кеча дўстникида тунаб, иш битгач, ортга қайтдик.

Ўшандан буён шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган Кутбиддин дўстимнинг хонадонига йил-йил оша ташриф буюраман. Боши осмонга етиб, топганини ўртага қўяди. Дўстим умр йўлдоши Гулчеҳрахон билан эллик йилдан зиёд бирга яшаб келди. Улар тўрт ўғилли бўлишди. Афсуски, Анваржон деган ўғли айни қирчиллама ёшида ёмон одамлар қўлида нобуд бўлди. Дониёрбек, Мирзажон ва Қаҳрамон деган ўғиллари, келинлари, неваралари билан улар жуда фахрланишади. Ўғиллари ҳам оталари каби кўнгли очиқ, меҳмондўст, меҳнаткаш, оилапарвар.

Нафақага чиққач, Қутбиддин жамоат ишларида фаол қатнашиб келар эди. 2010 йил сентябрда фазогир Солижон Шарипов билан Бишкек шаҳрида учрашди. Солижон дўстона суҳбатда унга ўзининг космосга қилган парвозлари хусусида сўзлаб берди. Қутбиддин дўстим у билан эсдалик учун суратга тушди.

Ҳар қачон Қутбиддин дўстимни эслар бўлсам, Абдулла Ориповнинг ушбу масралари ёдимга келади:

 

Қирқ йиллик адоват унутилар секин,

Унутилар ҳатто юракдаги дарз.

Яхшиларнинг меҳри унутилмас лекин, 

Унутилмас улар олдидаги қарз

 

Тўқсонни қоралаб қолган дўстимиз сўнгги йиллари бетобланиб, бу йил баҳорда омонатини топширди. Эшитганки танишлар, ҳамқишлоқлари жанозага қатнашиб сўнгги сафарга кузатишди. Оллоҳдан дўстимни ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат қилишини сўраб дуоларда бўлдик.

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг