Жарликка қулаш: Қирғизистон матбуот эркинлиги рейтингида 50 поғонага пасайган

Бир пайтлар дунёга “демократия оролчаси” деб донғи кетган мамлакатга нима бўляпти?

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг 3 май Жаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида эълон қилган ҳисоботига кўра, Қирғизистон матбуот эркинлиги бўйича дунё мамлакатлари рейтингида 50 поғонага тушиб, 180 давлат орасидан 122-ўринни эгаллаган.

Баёнотда, Қирғизистон ҳукумати ҳамон барча анъанавий оммавий ахборот воситаларини назорат қилиши ва ўз таъсирини хусусий оммавий ахборот воситаларига ҳам кенгайтиришга ҳаракат қилаётгани таъкидланади.

Бироқ, мамлакатда маълум даражада плюрализм мавжуд, буни 24.кг, Кактус.медиа ва Клооп.кг каби сайтларнинг оммабоплиги, шунингдек, суриштирув ва маълумотлар (дата) журналистикасининг ўсиши бўйича кўрсаткичлар гувоҳлик бериши урғуланади.

“Сўнгги йилларда амалдорлар цензурани кучайтиришга ва матбуот эркинлигини чекловчи қонунларни қабул қилишга ҳаракат қилишди. 2020-йилдаги муваффақиятсиз уринишлардан сўнг, президент Садир Жапаров 2021-йилда “ёлғон маълумотлар” деб аталмиш, Конституцияни, шунингдек, халқаро шартномаларни бузувчи, матбуот эркинлигини чекловчи қонунни имзолади”, дейилади “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг ҳисоботида.

Одатда, мустақил оммавий ахборот воситалари ҳокимиятни танқид қилганда, аксари ҳолларда “туҳмат учун” жавобгарликка тортилади. Баъзан улар порахўрлик ҳақида мақолалар эълон қилгандан кейин киберҳужумлар нишонига айланади. Суриштирув олиб борувчи журналистлар, шунингдек, митинг ва намойишлардаги мухбирлар зўравонлик қилиш учун нишон ҳисобланади.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти рейтингига киритилган 180та давлат ва ҳудуддан, 31тасида матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият “жуда оғир”, 42та давлатда вазият “қийин”, 55тасида “муаммоли”, 52тасида эса “яхши” ёки “қониқарли” экани қайд этилган. Бошқача айтганда, дунёнинг ўнта давлатидан фақат учтасида журналистлар фаолияти учун қониқарли шароитлар яратилган.

Матбуот эркинлиги рейтингида еттинчи йилдирки, Норвегия етакчилик қилмоқда. Рейтингнинг кейинги ўринларини Ирландия, Дания, Швеция, Финляндия, Нидерландия, Литва ва Эстония эгаллаган.

Ҳисоботда Россия 164-ўринни, Беларус – 157, Ўзбекистон – 137, Тожикистон – 153, Қозоғистон – 134, Туркманистон эса 176-ўринни эгаллаган.

Охирги, 180 ўринни ҳамон Шимолий Корея эгаллаб турибди. Рейтингда Хитой, Въетнам ва Эрон ундан олдинроқда эканлигини кўриш мумкин.

“Озодлик” ёпилмасин

Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги ваколатхонаси 3 май куни “Озодлик”нинг оммавий ахборот воситаси сифатида фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги суд қарори юзасидан баёнот ёйинлаган.

Европа Иттифоқи ваколатхонаси, “Озодликнинг” лицензиясини бекор қилган суд қароридан хавотир билдириб, юқори инстанцияни мурожаатни адолатли кўриб чиқишга чақирган.

“Ваколатхона барқарор ва гуллаб-яшнаган демократия учун эркин, мустақил ва плюралистик оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлайди”, дейилади баёнотда.

Биринчи май куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Халқаро алоқалар қўмитаси раиси Майкл Маккол, Қирғизистон ҳукуматининг “Озодлик” радиоси фаолиятини тўхтатишга уриниши юзасидан баёнот тарқатган.

У “Қирғизистон ҳукуматининг эркин оммавий ахборот воситаларига шафқатсиз ҳужумини, “Озодлик” нашри фаолиятини тўхтатиб қўйганини қоралашини ва эркин ОАВни чеклаш Конституцияга зид эканлигини” урғулаган.

Аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти ҳам Қирғизистон расмийларига мурожаат қилиб, “Озодлик” радиоси фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги суд қароридан хавотир билдирган ва шикоятни синчиклаб, холис кўриб чиқишга чақирган эди.

“Ички ишларимизга аралашманг”

Қирғизистон президенти матбуот котиби Эрбўл Султанбаев 3 май куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Халқаро алоқалар қўмитаси раиси ва ушбу давлат Давлат департаментининг “Озодлик” бўйича мурожаатига жавобини маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги “Озодлик” радиосининг чегарадаги воқеа ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатгани бўйича тегишли қонунларда кўрсатилган ваколатлари доирасида иш олиб борган.

“Шундан сўнг мазкур вазирлик адлия органларига мурожаат қилган. Суд идоралари тергов жараёнида тегишли қарорлар қабул қилган. Суд тизими бизга қарам эмас, мустақил равишда қарор қабул қилади. Уларнинг ишига ҳеч ким аралашишга ҳақли эмас. Қирғизистон шаффоф ва эркин давлат”, – деган Султанбаев.

Унинг иддаосига кўра, Қирғизистонда “сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигига ҳеч қандай чекловлар йўқ, мамлакатда ҳар бир фуқаро ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга ва улар бу ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланади”.

“Барча ташкилотлар бундай ҳуқуқларга эга. Ягона шарт – улар ўз фаолиятини қонунларга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширишлари керак. Шунинг учун биз бу гапларни ноўрин ва асоссиз деб ҳисоблаймиз ва ички ишимизга аралашмасликка чақирамиз”, дейди президент матбуот котиби Эрбўл Султанбаев.

Жорий йилнинг 27 апрелида, Бишкек шаҳри Ленин тумани суди Қирғизистон Маданият вазирлигининг «Азаттиқ медиа» муассасасининг фаолиятини тўхтатиш талаби бўйича шикоятини қаноатлантирган.

Марказий Осиёда нисбатан эркин деб ҳисобланган Қирғизистонда, бугун “Озодлик”, эртага қайси мустақил медиа ёпилади деган хавотирлар кучайиб бормоқда.

Бунгача Қирғизистондаги сўз эркинлигига босим кучайиши муносабати билан БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ҳам ташвиш билдирган эди.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура, Бишкек.

расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг