Ўзбекистонда ўтказилган референдумнинг якуний натижалари эълон қилинди

Тўқсон фоиздан ортиқ сайловчилар Конституцияга таклиф қилинган ўзгартиришларни ёқлади.

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририни қабул қилиш бўйича ўтказилган референдумнинг Марказий сайлов комиссияси эълон қилган якуний натижаларига кўра овоз беришда 84,5% сайловчи қатнашиб, унинг 90,2 фоизи Асосий қонунга киритиш таклиф қилинган ўзгартиришларни ёқлади, 9,35 фоизи қарши овоз берди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 38-моддасига кўра, овоз беришда қатнашган фуқароларнинг ярмидан кўпи овоз берган бўлса, қарор референдумда қабул қилинган ҳисобланади.

Қонунга кўра, Марказий сайлов комиссияси референдум ўтказилгандан кейин 10 кундан кечиктирмай, ўз қарорини расмий веб-сайтида ва расмий манбаларда эълон қилади. Референдумда қабул қилинган қарор (қонун) эса Марказий сайлов комиссияси референдум натижалари расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Референдум якунлари расмий эълон қилинган куниёқ қабул қилинган қарор ижросини ташкил этиш учун Олий Мажлис палаталари ва президентга юборилади.

Фаоллик намунаси

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририда мамлакат президентининг ваколат муддатини беш йилдан етти йилгача узайтириш ва ҳокимиятнинг бошқа тармоқларини мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг давлатни бошқариш жараёнида ролини ошириш кўзда тутилган.

Хорижда фаолият юритадиган оммавий ахборот воситаларининг аксари айнан мана шу масалага, яъни референдум президент ваколатини узайтиришига эътибор қаратдилар.

Хорижлик кузатувчилар ҳам ўзбекистонлик сайловчиларнинг юқори фаоллигини қайд этдилар. 30 апрель куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган референдум бўйича халқаро кузатувчилар миссияси ишида иштирок этган Қирғизистоннинг Жўғўрқу Кенеш депутати Фарҳод Алимжонов ўзининг Facebook’даги саҳифасида шундай ёзди:

“Референдум Ўзбекистоннинг яқин йиллардаги ривожланиш векторларини белгилайди. Референдумга тайёргарлик кўриш кўлами, фуқароларнинг овоз беришдаги фаоллиги Конституцияга ҳурмат белгиси сифатида ҳайратга солди. Эрта тонгдан бошлаб овоз бериш жараёнида фуқароларнинг фаоллигини қайд этиш мумкин [бўлди]. Соат 17:00 ҳолатига кўра, сайловчиларнинг 81,39 фоизи [овоз беришда] иштирок этди.

Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган қирғизистонлик мустақил журналист Маҳмуд Қазақбаевнинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқларда сайловда қатнашган фуқароларнинг бюллетен ташлаётган вақтини расмга олиб, имкон қадар ижтимоий тармоқларда “кўз-кўз қилишга ҳаракат қилганини” таъкидлайди.

Президент ваколатлари Ғарбнинг диққат марказида

Буюк Британияда нашр этиладиган “Гардиан” газетаси «Ўзбекистон президент бошқарувини 2040 йилгача узайтирадиган банд учун овоз беряпти», деб ёзди.

«Конституцион ўзгаришлар президентлик муддатини беш йилдан етти йилга узайтиради, бу президентга яна икки муддат хизмат қилиш ва ҳокимиятдаги вақтини 2040 йилгача узайтиришга имкон беради”, – дейилади нашр материалида.

Бўлиб ўтган референдумни жуда ижобий баҳолаган нашрлар ҳам бор.

«Ўзбеклар президент Мирзиёевнинг ислоҳотлар таклифларини қўллаб-қувватладилар», деб сарлавҳа қўйди Қатардаги «Ал-Жазира» телеканали.

«Сайлов комиссиясининг душанба куни эълон қилишича, Марказий Осиёдаги бу мамлакат сайловчиларининг 90 фоизи ислоҳотларни қўллаб-қувватлаганлар. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳукуматнинг авторитар бошқаруви ўзгача фикрни чеклайди дейдиган собиқ Совет мамлакатида давомат 85 ни ташкил этган», – деб ёзди “Ал-Жазира”.

«Дастлабки натижалар кўрсатишича, Ўзбекистондаги овоз берувчилар президент Шавкат Мирзиёевга 2040 йилгача иқтидорда (ҳокимиятда) қолишига изн берадиган конституциявий ўзгаришларни аксар овозлар билан дастаклаганлар», деб ёзилади телеканал эълон қилган мақолада.

Аксар нашрлар Ўзбекистоннинг Ғарбдаги ҳамкорлари Мирзиёевнинг президентлик муддати узайтирилишини маъқуллашлари даргумон, деб ёзадилар. Шунга қарамай…

«Ғарб Украинадаги уруш туфайли Россияни яккалаб қўйиш ҳаракатларида собиқ совет давлатларидан мадад излаётганини ҳисобга олсак, бу Ўзбекистон учун унчалик хавф туғдирмайди», деб ёзди Қатар телевидениеси.

«Ўзбеклар президентнинг ҳокимиятдаги муддатини узайтирадиган конституциявий ўзгаришларга овоз бердилар» деб ёзди Франциянинг “France 24” канали.

«Якшанба куни бутун Ўзбекистон бўйлаб овоз бериш участкалари ёпилди. Бу кун Марказий Осиёдаги мамлакатда президент Шавкат Мирзиёевга 2040 йилгача ҳокимиятда қолишига имконият берадиган конституционал референдумда овоз беришнинг охирги куни эди», дейилади мақолада.

Нашр 65 ёшли Мирзиёевнинг 2016 йилда собиқ президент “диктатор” Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин президент бўлиб сайланганини эслатар экан, юз берган конституциявий ўзгариш “бошқарувни яхшилайди, ҳуқуқлари узоқ вақт қаттиқ чекланган 35 миллионлик аҳолиси бор, ҳар томондан денгизга чиқиши чекланган Марказий Осиё мамлакатида ҳаёт сифатини яхшилайди”, деб таъкидлайди.

«Бироқ кузатувчиларнинг айтишича, аҳолисининг аксари мусулмон бўлган мамлакатда бу ўзгаришлардан энг кўп наф кўрадиган Мирзиёев бўлади деб кутилмоқда», дейилади “France 24” мақоласида.

«Ўзбекистон референдуми президентнинг ваколати муддатини узайтиради» деб ёзди Германиянинг «Дойче Велле»си.

«Ўзбек раҳбари қудратини кенгайтирадиган референдумда енгди» дея сарлавҳа қўйди ўз мақоласига “Рейтер” ахборот агентлиги.

«Ўзбекистондаги референдум президентнинг 2040 йилгача қудратда қолишига етаклаши мумкин» деб ёзди “Евроньюс”.

Кутилган натижа

“Eurasianet” нашри референдум арафасида Ўзбекистондаги таниқли шахслар ва блогерлар аҳолини таклиф этилган ўзгаришларни қўллашга ундаганига урғу берди.

Шунингдек нашр референдум олдидан уюштирилган кампанияда овоз беришга ёшлик қиладиган болалар ҳам жалб қилингани ҳақида ёзди.

“Ушбу плебисцитнинг ягона мақсади – президент Мирзиёев бошқарувига легитимлик бағишлашдир”, – деди тошкентлик номи аталмаган сиёсатшунос “Eurasianet” нашрига берган интервьюсида. – “Ҳукумат референдум халқнинг президент ва унинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлаётганини кўрсатишини хоҳлайди”.

Референдумни “умрбод президент амалиёти” деб атаган “Deutsche Welle” нашри референдум натижалари мутахассислар учун кутилган ҳодиса эканлиги ҳақида ёзди.

“Ҳокимиятни ўзидан ўзига ўтказиш бўйича “А режаси” барча кузатувчилар учун кутилган чора”, – деди Карнеги жамғармаси таҳлилчиси Темур Умаров ушбу нашрга берган интервьюсида.

Референдум орқали президентлик муддатини узайтириш минтақада янгилик эмас.

Ўзбекистоннинг 2016 йилда вафот этган биринчи президенти Ислом Каримов 1995 ва 2002 йилларда икки марта референдум ўтказган ва бу унга ўз ҳокимиятни сайловларсиз узайтириш имконини берган.

Ўтган 2022 йилда қўшни Қозоғистонда ҳам референдум ёрдамида президент ваколатлари оширилган эди.

Қандай бўлган тақдирда ҳам биз ушбу референдум ва унинг натижалари Ўзбекистон халқига фақат яхшилик ва тинчлик-ҳотиржамлик, иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуши фаровонлигини олиб келишини тилаймиз.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг