Қирғизистоннинг тўнғич театри: Янги бинонинг очилиш тантаналари (фоторепортаж)

Бобур номидаги театр янгиланган биносининг очилиши катта дўстлик байрамига айланиб кетди.

Аввал хабар берганимиздек, бугун Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўш шаҳрида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги давлат академик ўзбек мусиқали дарама театрининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Биноси эскириб қолган Бобур театри бугун тўлиқ реконструкциядан чиқарилиб, фойдаланишга берилди. Уни таъмирлаш ишлари 2021 йилнинг сентябрь ойида бошланган эди.

Тадбирга Қирғизистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов бошчилигидаги расмийлар ҳамда қўшни Ўзбекистондан Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Улар орасида икки қардош халқнинг таниқли санъаткорлари ва маданият арбоблари иштирок этишди.

Ўзбекистондан келган делегация сафида Ёдгор Саъдиев, Гавҳар Зокирова ва Муқаддас Ҳолиқова каби халқ ардоғидаги машҳур санъаткорларни кўриш, мулоқот қилиш ва биргаликда расмга тушиш мумкин бўлди.

Тадбирда сўзга чиққан Эдил Байсалов бугунги куннинг Ўш аҳолиси учун катта байрам эканини айтиб, икки давлат халқининг маданияти ҳаётида катта воқеа ҳисобланишини таъкидлади.

“Ушбу катта кошонани бизга совға қилиб берган қариндош Ўзбекистон халқига ҳамда давлат раҳбари ҳурматли Шавкат Мирзиёевга, ҳамда унинг ҳукуматига Қирғизистон ҳукумати ва шу ерга йиғилганлар номидан миннатдорчилик билдирамиз. Раҳмат”, – деди  вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари.

Халқаро “Турксой” ташкилоти раиси Султан Раев қирғиз ва ўзбек халқи бир қушнинг икки қаноти деган машҳур иборани яна бир бор эслатди. У ушбу ҳаракатларнинг икки элнинг дўстлигини янада мустаҳкамланишига замин бўлганини эътироф этди. Икки халқ санъаткорларининг бундан кейин ҳам ҳамкорликда фаолият юритиб, бир саҳнада ижод қилишларига умид билдирди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги раҳбари, халқимизнинг севимли хонандаси Озодбек Назарбеков ҳам театрнинг яна кўп йиллар халқларимизга хизмат қилиб, дўстлик кўприги вазифасини ўташига ишонч билдирди.

“Чегаралар бўлгани билан икки халқнинг қалбида чегара йўқ. Улар бир-бирлари билан азалдан иноқ қўшни бўлиб келган. Бугунги кунда бу анъана янада мустаҳкамланди”, – деди Озодбек Назарбеков.

Тадбирга ташриф буюрган болалиги ва ёшлигининг бир қисми Ўшда ўтган, ҳозирда Ўзбекистонда ижод қилаётган Халқ артисти Эркин Комилов эса театрнинг ички реконструкциясига, сахнадаги шароитлари ҳақида ижобий фикрини билдирди.

“Актёрларнинг овоз акустикаси шунақанги жарангдор чиқяптики, микрофоннинг ҳожати йўқ. Ўрта Осиёдаги бармоқ билан санарли саҳналардан бири бўлибди”, – дея таъриф берди халқ артисти.

Таниқли адабиётшунос, филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддиновнинг сўзларига кўра, театр қурилиши ушбу жамиятнинг ташаббуси ва сайъ-ҳаракатлари билан амалга оширилди. Икки давлат раҳбарлари ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлагач, шундай улуғ бир иш рўёбга чиқди.

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддинов

“Бундан кейинги режамизда театрнинг ёнида жойлашган Алишер Навоий номидаги истироҳат боғини ҳам реконструкция қилиниши қаралган ва бунга жиддий бел боғлаганмиз. Бу ишлар ҳам тез орада амалга ошиш арафасида”, – деди Исомиддинов.

Театр саҳнасида буюк саркарда ва шоир, шоҳ Бобур ҳаётига бағишланган “Айролиқ” спектакли намойиш қилинди, куй ва қўшиқлар янграб, икки халқ вакиллари биргаликда атрофдагиларла қувончлари билан бўлишишди.

Бобур театри Марказий Осиёдаги энг кекса театрлардан бири. Тошкентдаги Миллий академик драма театри (аввалги Ҳамза номли) ушбу қитъада дастлабкиси бўлса, ундан кейин иккинчи бўлиб, ундан бир йил фарқи билан Ўшдаги Бобур театри очилган.

Театр 1914-йилда ўз даврининг жамоат арбоби Раҳмонберди Матазимов ташаббуси билан кичик бир тўгарак сифатида очилган. 1918-йилга келиб, тўгарак аъзолари кўпайгани учун, репертуарлар тузишиб, кичик саҳна асарларини ижро этадиган труппа пайдо бўлган. Айнан мана шу тўгарак фаолияти Ўшда ўзбек театрининг яратилишига замин бўлган ва бу жамоа издошлари шу кунгача ўзининг ижодий фаолиятини тўхтатмай келмоқда.

Театр аввалига совет даврига ҳамоҳанг Киров номи билан аталган (1939-йил).

1919 йили театр тўгараги театр драма труппасига айлантирилган. Ушбу труппа Қирғизистоннинг жанубида нафақат театр санъатини, балки профессионал мусиқа санъатининг ривожланишига ҳам юксак ҳисса қўшган. Кейинчалик театр труппаси Бобур (Киров) номли Ўш Давлат академик ўзбек мусиқали драма театрини тузишга асос бўлган. Ўш театри Тошкентдаги Ҳамза номли ўзбек миллий академик драма театридан (1913—1914 йиллари тузилган) кейин Марказий Осиёдаги энг кекса профессионал театрдир.

 

Давлатларимиз мустақилликка эришгандан кейин 1992-йилда Ўзбекистон Халқ артисти, марҳум Наби Раҳимовнинг таклифи билан унга Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилган.

Театрнинг замонавий биноси 1980-йилда фойдаланишга топширилган эди.

Оқбура, Ўш-Бишкек.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг