Қирғизистон: Ўзбекистонлик машҳур фотосурат устасининг кўргазмаси ўтяпти

Умида Аҳмедованинг ноёб ишларини ўшлик санъатсеварлар жуда илиқ кутиб олишди.

Ўшда ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи ва ҳужжатли фильмлар мутахассиси, қатор фотолойиҳалар раҳбари Умида Аҳмедованинг фотосуратлари кўргазмаси ўтказилмоқда.

“Хотира кўприклари” деб номланган кўргазма шаҳардаги сурат музейида ташкил этилган ва 15-майгача давом этади.

Кўргазмага муаллифнинг 15га яқин суратлари қўйилган. Уларда асосан Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларида қўл ҳунармандчилиги билан шуғулланган аёлларнинг меҳнатларидан намуналар  тақдим этилган.

“Суратлардаги ҳар бир қаҳрамонни мен Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидан топганман. Улар халқимизнинг ҳунармандчилигини авлодлардан-авлодларга мерос бўлиб келишида ўзларининг хиссаларини қўшган инсонлар. Улар билан суҳбатлашганимда ҳар бир сўзананинг, ҳар бир каштанинг ўз яратилиш тарихи борлигини айтишади. Менга шуниси қизиқ”, – дейди Умида Аҳмедова

Муаллифнинг ушбу фотосуратлари Ўшдаги кўргазмадан аввал пойтахт Бишкекда ҳамда Гонконг шаҳри аҳолисига тақдим этилган. Бишкекда ҳам хотирага боғлиқ суратлар тақдим этилди. Гонконгда эса ҳунармандчиликка бағишланган фотосуратлар намойиш этилди.

Муаллифнинг сўзларига кўра, фотосуратларни у Ўшдаги сурат музейига тақдим этган.

Кўргазмада Умида Ахмедованинг расмларидан ташқари қирғизистонлик икки фотосуратчи Павел Большаков ҳамда Болот Исабеқовларнинг суратлари ҳам қўйилган.

Умида Аҳмедова – ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи ва ҳужжатли кино мутахассиси. У тасвирчилик (операторлик)да ҳам катта тажрибага эга бўлиб, кўплаб фотосуратлар ва ижодий лойиҳалар муаллифи. Ўрта Осиёдаги биринчи аёл-кино тасвирчи ҳисобланади.

Албатта, Аҳмедованинг моҳирона ижодини барча юртдошлари бирдек тушунаверишмайди. Чунки бу – санъат. Умуман эса, Аҳмедованинг асарлари дунёнинг  бошқа турли шаҳарларида намойиш этилган. Умида Аҳмедова 2016 йилда Вацлав Гавел мукофотига сазовор бўлди. Бир йил ўтиб, Тошкентда “Zero Line” арт-галереясида унинг “Беғубор осмон” номли кўргазмаси ташкил қилинди.

Умида Тўхтамуродовна Аҳмедова 1955-йилда ЎзССР Тошкент вилоятининг Паркент шаҳрида туғилган. 1980 йилда Россиянинг Владимир шаҳридаги Маданий таълим коллежини «Кино-фото-ҳаваскор томошалар бошлиғи» мутахассислиги бўйича тамомлаган. 1980-йилдан Ўзбекистонда, илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар студиясида оператор ёрдамчиси сифатида ўз касбий фаолиятини бошлаган.

Умида Аҳмедованинг “Аёллар ва эркаклар: субҳидамдан то кун ботгунча” фотоальбоми (2007 йилда нашр этилган) ва “Бокиралик юки” (2008) ҳужжатли фильми машҳур. Бундан ташқари, 2005 йилда у “Урф-одатлар ва маросимларда аёллар ва эркаклар” фильмини яратди.

Европанинг кўплаб мамлакатлари ва собиқ СССР ҳудудида ўтказилган кўргазмаларда, жумладан, Ўзбекистон шаҳарларида (Фарғона, “Қўпол ердаги участкалар”, 2008 ва бошқалар), Грузия пойтахти Тбилисида (“Гендер ва медиа” халқаро конференцияси, 2005-2007 йиллар), Дания пойтахти Копенгагенда (2006), Россиянинг Нижний Новгород (2010), Ростов-Дон (2010) ва бошқа шаҳарларида шахсий кўргазмаларини намойиш қилган.

Оқбура, Ўш.

Расмлар Ўш сурат музейининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг