Бобур номли Ўш ўзбек академик драма театри расман фойдаланишга топширилди

Театрнинг очилишида Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков қатнашди.

Бугун, 24 апрел куни Ўшда ниҳоят ўзбек жамоатчилиги томонидан кўпдан кутилган воқеа юз берди. Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон раҳбарларининг ўзаро келишувлари асосида катта реконструкциядан чиқарилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали дарама театри расман очилди. Таъмирлаш ишлари 2021-йилнинг баҳор ойларида бошланиб, роса икки йил давом этди.

Тадбирга Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов қатнашиб, унга Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги делегация ҳам ташриф буюрди.

Театрни тўра реконструкция қилиб таъмирлаш ишларига Ўзбекистон ҳукумати 5 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратган. Қурилиш ва таъмир ишларини эса Ўзбекистоннинг энг кучли қурувчи ва меъморлари олиб боришди.

Театрнинг таъмирланиши ҳақида Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Тошкентга қилган расмий ташрифи давомида Ўзбекистон президенти билан ўзаро келишиб олинган эди.

Меҳмонларни ҚР Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Қайрат Иманалиев, ҚР президентининг Ўш вилоятидаги вакили Элчибек Джантаев ҳамда Ўш шаҳар мэри Бақитбек Жетигенов бошчилигидаги расмийлар кутиб олишди.

Катта концерт дастуридан сўнг, расмийлар ўз табрик сўзларини айтишди.

Театр биносини реконструкция ишларида фаол иштирок этишда жонбозлик қилган ўзбекистонлик қурувчилар ҚР Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Шундан сўнг, янгиланган бинони очиш учун икки давлат расмийлари томонидан ленталар кесилди. Бинодаги ўзгаришлар билан меҳмонларни театр раҳбари Аъзамжон Абдураззақов таништирди.

Бир асрдан ортиқ тарихга эга бўлган театрни таъмирлаш Қирғизистон ва Ўзбекистон давлатлари дўстлигини мустаҳкамлашда бир восита бўлмоқда, деди театр директори.

“Театр деярлик 100 фоизга ўзгарди. Бу айтишга осон. Аввалги театр биносида ҳам шароитлар бор эди. Лекин бугун улар замон талабига мос ҳолатда ўзгарди. Гримхоналар сони кўпайтирилди.  Ундаги жиҳозлар замонавийлари билан алмаштирилди.

Аввалги саҳнада акустика масаласи мураккаброқ эди. Актёрлар микрофонсиз ҳолатларда қаттиқроқ гапиришга мажбур бўлишар эди. Шунга эътибор қаратилди. Саҳна умуман бошқача қурилди. Замонавий аппаратуралар қўйилди”, – деди Абдураззақов.

Унинг айтишича, томошабинлар учун залда ҳам ўзгаришлар катта, ҳатто балкон ҳам қурилди. Аввалги залда томошабинлар учун ўриндиқлар сони 480тагача бўлса, ҳозир театр 500тагача томошабинни қабул қила олади. Ҳатто саҳна пардаси ҳам ўзгартирилди.

“Театр маъмурияти, актёрлар, ҳисобчилар учун алоҳида хоналар қилинди. Бундан ташқари репетициядан олдинги жараён учун махсус ўқув зали, балет гуруҳи, мақомчилар, мусиқачилар учун алоҳида заллар қурилди”, – дейди Абдураззақов.

Театрнинг очилиши шаҳарда катта бир тантанага айланди. Чунки бугун нафақат театрнинг янгиланган биноси, балки 105 йиллик мавсумининг ҳам очилиши нишонланмоқда.

Бу ҳақдаги фоторепортажимизни сайтимизда тез орада кўришингиз мумкин.

Оқбура, Ўш.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг