Июнь воқеалари бўйича суд: Расмийлар Ботиров билан учрашганини тан олишяпти

Суд йиғилишида собиқ чекист Мамитов ва собиқ бош прокурор Бекназаров сўроқ қилинди.

Бишкек шаҳар Биринчи май (Первомайский) тумани судида 2010 йилнинг июнь ойида юз берган қонли воқеалар бўйича иш ёпиқ тарзда қаралмоқда. Кеча гувоҳ сифатида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Тўқўн Мамитов сўроқ қилинди. У 2010 йили парламент депутати сифатида июнь воқеаларининг сабабларини ўрганувчи миллий комиссия аъзоси бўлган.

Мамитов ўша комиссияга 25 халқ депутат кирганини, улардан 22 нафари комиссиянинг якуний протоколини имзолаганини айтиб берди. Сўнгра уни парламент муҳокама қилиб, махсус қарор қабул қилган.

Суд Жалолобод вилоятининг ўша пайтдаги губернатори (шу иш доирасида суд қилиняпти) Бектур Асановнинг ўша пайтдаги ўзбек жамоатчилиги лидерларидан бири бўлган Қодиржон Ботиров билан учрашгани ёки йўқлигини сўради.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, бунга жавобан Мамитов комиссия иши давомида Асанов билан учрашганини ва ундан бу ҳақда сўраганини айтган.

“Ўшанда Асанов губернатор сифатида қабул қилишини сўраган одамларнинг ҳаммаси билан учрашишга мажбур бўлганман, дея жавоб берган”, – деди Мамитов.

Мамитов шуни ҳам маълум қилдики, бу масалада комиссия аъзолари собиқ президент, ўша пайтда Муваққат ҳукумат раиси ўринбосари бўлган Алмазбек Атамбаев билан ҳам гаплашганлар.

“У ўша пайтда асосан республиканинг шимолий минтақаси билан машғул бўлганини айтди. Ўшанда Маевка қишлоғида вақеалар бўлиб ўтганди”, – дея жавоб берган суднинг саволига Мамитов.

Алмазбек Атамбаев ҳам Қодиржон Ботиров билан учрашганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, ўша пайтда у (Ботиров) миллий партия тузиш ҳақидаги масалани кўтарган. Мамитовнинг гувоҳлик беришича, Атамбаев ёмон оқибатларига олиб келиши мумкинлигини айтиб, бу таклифга қарши чиққан.

Марҳум Қодиржон Ботировнинг ўзи эса, видео мурожаат билан чиқишларида ва журналистлар билан қилган суҳбатларида губернатор Бектур Асановдан тортиб, Муваққат ҳукуматнинг деярли барча аъзолари у билан шахсан учрашмасада, доимий алоқада бўлиб туришганини айтган. Атамбаев билан эса, миллий партия тузиш ҳақида эмас, мавжуд “Родина” партияси билан сайловда қатнашиш ҳақида гаплашган. Бу партиянинг лидерлари ва аъзоларининг кўпчилиги ўзбеклардан иборат эди.

Ботиров ўзининг Қирғизистондан чиқиб кетиши шахсан Муваққат ҳукумат раиси Рўза Ўтунбоева ва унинг ўринбосари Алмазбек Атамбаевларнинг шахсий илтимосларига кўра амалга ошганини айтган. Уни мамлакатдан чиқариб юборишар экан, расмийлар унга тез орада қайтиб келишга рухсат беришларини ваъда қилишганини аммо Ботиров мамлакатни тарк этгач, кўп ўтмай унга қарши жиноий иш қўзғашганини қайта-қайта айтиб келган.

Терговда илгари сурилган иддаоларга кўра, айнан Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан чиқиб кетиши июнь воқеаларининг келиб чиқиш сабабларидан бири бўлган.

Президент Қурманбек Бакиевни лавозимидан воз кечиб, Беларусга қочишга мажбур қилган 2010 йилнинг апрелидаги давлат тўнтаришидан кейин Қодиржон Ботиров ўша пайтда тузилган Муваққат ҳукуматнинг сиёсатини қўллаб-қувватлаган ва унинг аъзолари билан тиғиз алоқада бўлган. Бу президент Бакиевнинг тарафдори бўлган юртдошлари, мамлакат жануби аҳолисининг ғазабини келтирган.

Ботировнинг айтишича, Қурманбек Бакиевнинг тарафдорлари Муваққат ҳукуматдан уни қўлга олишни талаб қилавергач, ундан вазият юмшагунга қадар вақтинча мамлакатдан чиқиб туришни сўрашган.

Қодиржон Ботиров бирмунча вақт Швециядан сиёсий бошпана олиб яшаб турган. Сўнгра Украинада яшай бошлади ва кутилмаганда, 2018 йилнинг 4 декабрида Украинанинг Одесса шаҳрида номаъалум ҳолатларда вафот этди.

Рўза Ўтунбаева ҳам қамалиши керак

Бир неча кун аввал мана шу иш доирасида судда гувоҳ сифатида Муваққат ҳукуматнинг яна бир аъзоси, собиқ бош прокурор Азимбек Бекназаров сўроқ қилинди. У судда Қодиржон Ботировнинг ўлганига ишонмаслигини айтди ва уни топиб, Қирғизистонга олиб кетишни талаб қилди.

Азимбек Бекназаров “2010 йилги инқилобдан кейин” мамлакатдаги вазият учун жавобгарликни Муваққат ҳукуматнинг барча аъзолари ўзига олганини эслатди. Шу муносабат билан у нега судланувчилар ўриндиғида Рўза Ўтунбаева (ҳозирда БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили. – таҳр.) ва Ўмурбек Текебаевнинг (ҳозирда Қирғизистоннинг Германиядаги элчиси. – таҳр.) йўқлиги ҳақидаги саволни кўндаланг қўйди.

Бекназаровнинг адвокати Алтинбек Тўқтўсуновнинг журналистларга айтишича, Бекназаров судда Қодиржон Ботировга дипломатлар паспортини ўз вақтида Эдиль Байсалов (ҳозирда Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари. – таҳр.) берганини ҳам айтган. Бекназаровнинг фикрига кўра, суд мантиқсиз ва айбдорларни танлаб олган ҳолда иш тутмоқда, судланувчиларнинг эса бу ишда айблари йўқ.

Қурманбек Бакиев даврида бош прокурор ишлаган Бекназаров агар бу ишда айбдор бўлса, унда бутун Муваққат ҳукумат аъзоларини, жумладан унинг ўзини ҳам жавобгарликка тортиш кераклигини айтган. Бекназаров Бакиевдан сўнг Муваққат ҳукумат раисининг ўринбосари бўлиб, ўша кунларда ҳуқуқ-тартибот ва суд органларининг ишини назорат қилган.

Битта жавобгар ўйиндан чиқди

Бир неча кун аввал судда айбланувчилардан бири, 2010 йил воқеалари даврида Ўш ва Жалолобод вилоятлари бўйича комендант вазифасини бажарган, собиқ ички ишлар вазири ўринбосари Бақтибек Алимбековнинг адвокати унга нисбатан ишни тўхтатиш ҳақида илтимос қилди ва суд уни қаноатлантирди.

Суд бошланишидан аввал бу иш бўйича жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани боис айбланувчилар ишни қисқартириш ҳақида даъво аризаси ёзсалар, иш қаралмай қолавериши ҳақида расман айтилган. Аммо судланувчилар ўз номларини оқлаб олиш ва зарур бўлса чинакам айбдорларни жавобгарликка тортишга эришиш мақсадида талаб қилинган аризани ёзишдан бош тортган эдилар.

Алимбековнинг бундай қарор қабул қилганига нима сабаб бўлганини на унинг адвокати ва на унинг ўзи очиқламадилар.

Хуллас, бирор бир қимматга эга бўлишига умид бўлмаган суд иши ҳамон давом этмоқда. Унинг нима билан тугашини ёлғиз Яратгандан бошқа ҳеч ким билмайди. Чунки ишдаги асосий кўрсатмаларни бериши мумкин бўлган Ботиров йўқ, жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахсларнинг аксарияти яна юқори лавозимларда ёки ҳокимиятга яқин бўлишга илинжида унга қўл беришга тайёр.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг