Гап фақат Ботировдами? 2010 йил июнидаги “Ўш воқеалари” иши судда қаралмоқда

Айбланувчилар орасида ўша пайтдаги Муваққат ҳукумат аъзолари бор, лекин раҳбарлари йўқ.

Бишкек шаҳрининг Биринчи Май (Первомайский) тумани судида Қирғизистон жанубида 2010 йилнинг июнида бўлиб ўтган миллий низо билан боғлиқ иш қаралмоқда. Кеча, 3 март куни суднинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Гап асосан судга тайёргарлик масалалари ҳақида боргани маълум. Жумладан, айбланувчилардан бирининг хасталиги туфайли келмай қолган ёқловчиси ўрнига давлат томонидан ёқловчи берилди.

Суднинг умумий бориши ишни атайлаб чўзишга ҳаракат қилишаётгандай таассурот қолдиради.

Собиқ Муваққат ҳукумат аъзоларидан ҳибсдаги собиқ бош прокурор, Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Кенешбек Дуйшебаев ва Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори Бектур Асановлар судга қўриқчилар назорати остида олиб келинди.

Суд залига собиқ Мудофаа вазири Исмаил Исақов ва Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, миллий низо пайтида Жалолобод ва Ўш вилоятлари коменданти бўлган Бақтибек Алимбековлар ўзлари келишган.

Бу иш бўйича тергов 2021 йилнинг апрелида қайта бошланиб, Жиноят кодексининг “Хизмат аҳволини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича олиб борилган. Иш асосан биргина эпизод – Қирғизистондаги ўзбек ҳамжамиятининг собиқ лидерларидан бири бўлган ишбилармон, собиқ парламент депутати Қодиржон Ботировнинг миллий низо арафасида мамлакатдан бемалол чиқиб кетиши факти бўйича айрим Муваққат ҳукумат аъзоларига қарши олиб борилмоқда. Терговга кўра, айнан Ботировнинг четга чиқиб кетиши миллий низонинг бошланиб кетишига сабаб бўлган омиллардан бири бўлган.

Марҳум Ботировнинг ўзи тириклик чоғида, ўша кунлари Муваққат ҳукумат раҳбариятининг илтимосига кўра мамлакатдан чиқиб кетганини айтиб, буни илтимос қилганлар орасида Муваққат ҳукумат раҳбарларининг номларини, хусусан ўша ҳукумат бошлиғи Рўза Ўтунбаеванинг исмини ҳам атаб ўтган. Бироқ на Ўтунбаева, на бошқалар айбланувчилар орасида йўқ.

Иш судга ўтказилиши олдидан бу иш бўйича жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани, агар айбланувчилар шу сабабдан ишни қаровсиз қолдиришни суддан сўрасалар, иш қаралмай қолиши маълум қилинган. Бироқ айланувчилар бир овоздан бу имкониятни рад этишган. Чунки унда бу одамлар жазога тортилмасалар ҳам гўёки айбларини бўйниларига олгандай бўлиб қолар эдилар.

Айбланувчилар бу ишда ҳақиқат қарор топиши учун ҳам суд бўлиши лозимлигини айтишиб, унда қатнашиш истагини билдиришган. Жумладан, улар Ботировнинг мамлакатдан чиқиб кетишида бошқа одамлар айбдорлигини иддао қилишиб, умуман “Ўш воқеалари” иши бўйича бошқаларга ҳам саволлар борлигини айтиб келишади.

Бу ишда жазога тортилиши мумкин бўлганлар орасида яқинда қамоқдан озод қилинган собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам бор.

Қамоқдан чиққандан кейин ташкил қилган матбуот анжуманида у ҳам судда айбдорлар қаторида бошқа одамлар ўтириши лозимлигини айтган. Албатта, улар орасида ўзи ҳам борлигини тан олмаган ҳолда.

“Бу иш бўйича биринчи илашадиган нарса бор – Қодиржон Ботировни ким чиқариб юборган. Ишда айрим сиёсатчиларнинг уни ким чиқариб юборгани, бунга ким буйруқ бергани ҳақида кўрсатмалари бор”.

Атамбаев собиқ парламент депутати Жилдизқан Жўлдўшеванинг бу ҳақда айтганларини ҳам, ўзини оқлаган ҳолда изоҳлаб берди. Жўлдўшева бу иш бўйича суд пайтида мамлакат жанубида катта жанжал чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақида Рўза Ўтунбаева ва Алмаз Атамбаевларни огоҳлантирганини, лекин уларнинг бунга эътибор қилмаганларини айтган эди.

Бунга жавоб қилар экан, Атамбаев ўша пайтда Муваққат ҳукумат аъзолари орасида иш тақсимланишига кўра ўзининг мамлакат шимоли учун жавоб бериши лозим бўлганини айтган.

“Муваққат ҳукумат аъзоларидан сўранглар, мен шимол учун жавоб берардим… Маевкада бошланганида (2010 йилнинг баҳорида Бишкек яқинидаги Маевка қишлоғида қирғизлар билан тунгонилар ўртасида чиққан жанжалда ўнлаб тунгониларнинг уйлари ёқиб юборилган. – таҳр.) мен Нурсултан Назарбоев (ўша пайтда Қозоғистон президенти. – таҳр.) билан суҳбатлашиб ўтирган эдим, менга Рўза Ўтунбоева телефон қилиб, тез учиб келинг, деб ялиниб-ёлворди. Мен учиб келдим ва милициянинг ёрдамисиз тартибсизликларни тўхтатдик… Мен ўзимга қарши бу ишлардан қўрқмайман”, – деган Атамбаев.

Аслини олганда, 2010 йилнинг июнида юз берган, ҳар икки тарафдан юзлаб одамларнинг қурбон бўлиши, минглаб одамнинг жабрланиши ва вақтинча уй-жойларини ташлаб чиқишига сабаб бўлган воқеаларнинг илдизи чуқур. Ботировнинг шахси ва унинг чет элга чиқиб кетиши бу ишнинг кичкина бир эпизоди холос.

Жанжалнинг бошланишидан тортиб, унинг бостирилиши пайтидаги, тергов давомида ва суд залида низо қатнашчиларига нисбатан турлича муносабатда бўлингани каби масалалар атрофлича қаралиши керак. Агар қаралиши лозим бўлса. Яъни, бу ишда адолат қарор топишига умид бўлса.

Бўлмаса бу ишни ёпиб, афви умумий бериш йўли билан бугунги кунга қадар туҳмат ва бўҳтондан иборат айбловлар билан ёки қўйилган айби қонуний йўл билан исботланмаган ҳолда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган одамларни эркинликка чиқариб юбориш керак. Бу иш бўйича бугун қамоқда ўтирганларнинг барчаси ўзбек миллатига мансуб экани ҳаммага маълум.

Ўтган йиллар давомида умрбод қамоққа ҳукм қилинганларнинг бир нечтаси қамоқда вафот этди. Улар орасида таниқли журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ҳам бор. У 2020 йилнинг 25 июлида қамоқхонада ҳалок бўлди. Расман унинг ўпка ва нафас олиш йўлларидаги муаммо туфайли вафот этгани айтилди. Аммо кутилмаган бу ўлим унинг яқинлари ва ҳамкасблари орасида кўплаган асосли шубҳа ва гумонларни пайдо қилди.

Жумладан, Асқаровнинг адвокати Валериан Вахитов бир ҳафтача олдин у билан қамоқхонада учрашиб чиққач, маҳбуснинг аҳволи оғирлигини, уни даволанишга чиқаришлари лозимлигини айтган. Бунга жавобан Жазоларни ўташ хизмати матбуот котиби Асқаровнинг соппа-соғ эканини, касаллик ҳақидаги гаплар уйдирма эканини баралла айтган.

Хўш, унда соппа-соғ одам нега бир-икки кундан сўнг ўлиб қолади? Хуллас, саволлар кўп, лекин бу ўлимнинг сабаб ва тафсилотларини ўрганиш, ҳамда айбдорларни жазога тортиш бўйича талаблар ҳануз натижа берилмай келяпти.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг