Эти сизники… Россия ўзи қурган мактабларга ўзи хўжайинлик қиладими?

Жорий йилнинг ўзида Россия ҳукумати Қирғизистонда тўққизта мактаб қурмоқчи.

Шу йилнинг 29-мартида ушбу масалада ҳукуматлараро битимни имзолаш учун Россиядан бош вазир ўринбосари Алексей Оверчук бошчилигидаги делегация Қирғизистонга келади.

Малумки, Россия жорий йилда Қирғизистон ҳудудида тўққизта умумтаълим мактаби қуришни режалаштирган. Бу мактабларнинг ҳар бири 1200 ўқувчи ўрнига мўлжалланган.

Россия президенти маъмуриятининг хорижий давлатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бошқармаси бошлиғи Игор Масловнинг Бишкекда журналистларга маълум қилишича, қурилиш шу йили бошланади ва бу ҳаражатлар учун федерал бюджетда 500 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ қаралган.

Келишувга кўра, Россия ҳукумати мактабларни қурибгина бермай, уларни тўла жиҳозлайди, дарсликар билан таъминлайди, бинолар атрофини кўкаламзорлаштиради, ўқитувчиларга маош тўлайди ва бошланғич синфлар учун иссиқ овқат ҳам уюштиради. Бундан ташқари бинолар таъмирини ҳам ўз бўйнига олади. Мактабларни қуриб битириш 3 йилга мўлжалланган.

“Бу муҳим дастур. Ҳар бир мактаб 1200 нафардан ортиқ ўқувчига мўлжалланган бўлиб, барча замонавий талабларга жавоб беради – зарур жиҳозларнинг тўлиқ тўпламидан тортиб, ҳар бирида иккитадан бассейн ва футбол майдонини ўз ичига олган кучли спорт базасигача…”, – деди амалдор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жўғўрқу Кенешнинг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси тегишли келишувни қўллаб-қувватлаган эди.

Таълим муассасалари Бишкекнинг “Ақ-Ўрдў” турар-жой массивида, Ўш шаҳрининг Жануби-Шарқий кичик туманида, Чуй вилоятидаги Новопавловка қишлоғида, Иссиқкўл вилоятининг Қорақўл шаҳри ва Жалолобод вилоятининг Жалолобод шаҳрида, Ўзган туманидаги Прогресс қишлоғида, Боткен вилоятининг Ойгул-Тош участкасида, Толас вилоятининг Бала-Саруу қишлоғида ва Норин шаҳридаги истироҳат боғи ҳудудида қурилади.

Келишувга кўра, бу мактабларда ўқув дастури рус ва қирғиз таълим андозалари асосида тузилади. Бу ҳақда парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида халқ таълими вазири ўринбосари Нодира Жусупбекова маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, келишувда ушбу мактабларда Россиядан келган ўқитувчиларнинг ишлаши кўзда татилган. Мактаб директорлари ҳам Россия фуқаролари бўлади, бу лавозимга улар Қирғизистон томони билан келишилган ҳолда тайинланади.

“Бизнинг ўқитувчиларимиз ҳам у ерда бўлишади, чунки рус ўқитувчилари барча фанлардан дарс бериша олмайди. Бизнинг ўқитувчилар қирғиз тили, адабиёти, Қирғизистон тарихи, ҳарбийгача тайёргарлик фанларидан сабоқ беришади. Битирувчиларга икки давлат шаҳодатномалари топширилади”, деди Жусупбекова.

Мактаблар билан бир қаторда Россиядан келган ўқитувчилар учун ётоқхоналар қуриш масаласи кўриб чиқилмоқда. Жўғўрқу Кенеш депутати Шайлобек Атазов бу мактаблардаги таълим ва ўқув дастурлари миллий мафкурага асосланган бўлиши кераклигини эслатди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жўғўрқу Кенеш Бишкекдаги Россиянинг “Газпром-Қирғизистон” ширкати қуриб берган мактабни ширкатнинг ўзига 20 йилга текин фойдаланишга бериш ҳақида қарор қабул қилган. Бу ҳақдаги шартномани кўриб чиқиш чоғида Таълим вазирлиги бунинг эвазига Россия Қирғизистоннинг ҳамма вилоятларида таълим муассасалари қуришга ваъда бераётганини маълум қилган эди.

Берганига қувонаверамизми?

Россиянинг Қирғизистонга таълим даргоҳларини қуриб бергани яхши, аммо бу муассасаларда ўзининг давлат таълим андозаларини киритиши, ўқитувчи ва директорларни Россия фуқароларидан тайинлаши ажабланарли. Гапнинг лўндасини айтганда, биз болаларимиз келажагини, уларнинг тарбияси ва мафкурасини ўзга давлат кишиларига топшириб қўймаяпмизми?

Қизиғи, давлат тили келажаги учун жон олиб жон беришга тайёр бўлган ватанпарварлар бир овоздан сукут сақлашмоқда. Биз изоҳ сўраб мурожаат қилган 2-3 ана шундай фаол экспертлар “тинч юришни” исташларини айтиб, ўз фикрларини айтишдан бош тортишди.

Бунгача қўшни Ўзбекистон ҳам Қирғизистоннинг Ўш ва Боткен вилоятларида учта умумтаълим мактабини барча шароитлари билан қуриб берди. Қозоғистон томонидан ҳам билим даргоҳи қурилган. Лекин бу давлатлар қурилиш эвазига ҳеч қандай талаб қўймаган.

Таҳлилчи Айбек Таалайбек ўғли Россия бизнинг турмушимизда ҳамкоримиз бўлиб келганини эслатади. Бундан ташқари, унинг фикрича, “халқимизнинг кўпчилиги Ўзбекистон ёки Қозоғистонга ишлагани кўпам боравермайди”.

“Асосий мигрантларимиз Россияга боради. У ерда ишлаб, ўқиб юрганлар қанча? Уларнинг кўпи тил билмагани учун ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаган ҳолатлар кўп бўлади.

Россия ривожланган давлатлар қаторига киради, унинг билим дастури асосида ўқиш ҳеч қандай зарар олиб келмайди”, – дейди Таалайбек ўғли.

Шунингдек суҳбатдошимиз, ушбу мактабни битирган ўқувчилар учун Россиядаги олий ўқув юртларига киришга яна ҳам қулай имкониятлар пайдо бўлиши мумкин, деган фикрда. Ҳеч кимга сир эмаски, бугун Қирғизистонда рус тилига йўналтирилган хусусий мактабларда фарзандларини ўқитаётганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда.

“Охирги 30 йил ичида Россиянинг университетларига ўқишга кира олмаётганлар бор. Бу ҳам рус тилига бўлган сусткашликнинг натижаси бўлиши мумкин. Биз 70 йил Собиқ иттифоқ таркибида яшаганмиз, ҳеч қандай зарар кўрмадик. Ўша вақтда ҳам рус тили яхши ўзлаштирилар эди. Энди янги қуриладиган мактабда ҳам рус тилида билим берилса, бундан чўчишнинг ҳожати йўқ”, – дейди Таалайбек ўғли.

Албатта, Россия ҳукумати ҳам айнан шу нарсани эътиборга олиб, узоқ йилларни кўзлаган ҳолда иш қиляпти. Табиийки, бу мактабларни битирган ёшларимиз Россия ғоялари билан вояга етишади, вақти келиб, улар Россия олий ўқув юртларини битириб келиб, давлат лавозимларини эгаллашади.

Агар давлат илғор иқтисодий сиёсат олиб бора олса, бунинг натижасида мамлакатда иш ўринлари кўпайиб, меҳнат муҳожирларининг сони қисқариши, балки умуман камайиб кетиши мумкин. Лекин бу мактабларчи?

Одамлар орасида “Россия ўз дастури, ўқитувчилари билан келса, ўқувчилар таълим-тарбиясига салбий таъсири қилмайдими”, деган хавотирлар пайдо бўлиши мумкинлигини эътироф этган эксперт ишонадики, “қирғизнинг урф-одати сақланиб қолган оилада тарбия кўрган бола, ҳеч қачон ўзлигини йўқотмайди”.

Ёш тадбиркорлар ассоциациясининг Таълим қўмитаси раисаси Айгул Атабекованинг сўзларига кўра ҳам, “Россия мактаб қураётгани бу катта ёрдам”. Унинг фикрича, Россиянинг ўз билим тажрибасини олиб келиши орқали Қирғизистон таълим соҳасига янги ўзгаришларни киритади. Икки давлат дўстлиги яна ҳам мустаҳкамланади. Келажак авлодга янги имкониятлар эшигини очади”.  

“Бугунги кунда Сингапур, Финландия каби давлатларнинг таълим йўналишидан фойдаланмоқдамиз. Доимий ҳамкоримиз Россиянинг таълим тизими ҳам бизга фойда келтиради, деган умиддаман”, – дейди Атабекова.  

Куни кеча Қирғизистоннинг биринчи хоними Айгул Жапарова Москвага қилган ташрифи чоғида сўзлаган нутқида Қирғизистонда 2300 дан ортиқ мактабда рус тили ўқитилишини таъкидлади. Қарийб 250 мактабда таълим тўлиқ рус тилида берилади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг