“Ош нечпул ака, ёки Ўзбекистонда паловнинг инфляцияга нима алоқаси бор?

Сўнгги икки ичида паловхонтўранинг нархи ўз ватанида ўртача 7-8 минг сўмга қимматлаган.

Ўзбекистон давлат Статистика қўмитасининг “палов индекси” ҳақидаги расмий маълумотига кўра, мамлакатда энг қиммат палов Тошкент шаҳрида бўлиб, ўтган йили унинг бир порциясининг нархи ўрта ҳисобда 27 200 сўмни (салкам 2,5 АҚШ доллари) ташкил қилган. Паловхўрлик қилишни истаганлар Фарғонага борганлари маъқул, чунки энг арзон ўша ерда бўлиб, унинг порцияси ўртача 19 минг сўмдан сотилган.

Солиштириш учун айтсак, расмий статистика маълумотларига кўра, 2020 йилнинг февралида энг арзон ош нархи Сурхондарё вилоятида қайд этилиб, унинг 1 порцияси 11 800 сўм, 1 килоси эса 82 600 сўм бўлган. Ўшанда энг қиммат ош Самарқанд вилоятида, бир порцияси 16800 сўмдан сотилган.

Расмий “Палов индекси”дан келиб чиққан ҳолда ҳисобланса, 2020 йилга нисбатан энг қиммат паловнинг бир порцияси камида 10 400 сўмга, энг арзони эса камида 7 200 сўмга қимматлаган.

Хўш, “Палов индекси” нима ва уни жорий қилишдан мақсад нима?

Бугунги кунда турли мамлакатларда инфляция даражасини қайд этиш воситаси сифатида ўша давлатдаги энг оммабоп таомларга нисбатан, масалан, “Биг-Мак индекси” ёки “Оливье индекси” каби мезонлар мавжуд. Ўзбекистонда энг оммавий таом, шубҳасиз, ош бўлгани боис “Палов индекси” танланган ва у 2020 йилнинг январидан бошлаб расман жорий этилган. Мақсад –  Ўзбекистондаги энг оммавий таом мисолида инфляция даражасини ҳисоблаш.

Фақат бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда «Палов индекси» ўзгариши ҳақидаги маълумотлар доимий равишда, ой сайин эълон қилиб борилмайди.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг охиридан бошлаб, Статистика қўмитаси 1 кило ош нархи ҳақидаги маълумотни ўз ҳисоботидан олиб ташлади. Энди қизиққанлар фақат 1 порция палов нархларини кузатиб боришлари мумкин.

Шубҳасиз, дунёнинг кўплаган давлатларида ҳам энг оммабоп ва севимли таомлардан бири бўлган ўзбек палови инфляция даражаси кўрсаткичи сифатида қабул қилинган экан, мухлисларингизга, “паловингиз арзон, лекин мазали бўлсин!” – деймиз.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг