Навбатма-навбатми? Ўзбекистонда эркинлик ҳақида гапириляпти, Қирғизистондачи?
Жаҳон тажрибаси кўрсатиб турганидек, ҳали ҳеч бир халқ сўз эркинлигидан зарар кўрмаган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига қилган хизмат сафари чоғида Қарши шаҳридаги 71-ўрта мактабда ўқитувчилар, фахрийлар билан суҳбатлашиш чоғида сўз эркинлиги ва жамиятдаги ошкоралик масаласига тўхталди.
«Ёпиқ давлат бўлиб, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламаганимиз учун халқнинг овозини эшитмадик, – деди давлат бошлиғи яқин ўтмишни назарда тутиб. – Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади”.
Мирзиёев сўз эркинлиги шароитида ишлаш ўзига қийинроқ бўлишини, кўпчилик унга [танқидчи оммавий ахборот воситаларини] ёпиб қўйишни маслаҳат беришини тан олди.
“Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидек, прокурор, СНБ, текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими? – савол ташлади президент.
“Шунинг учун, эркинлик нафасини, оммавий ахборот воситаларини дўст биламиз. Гапирсин, адолатли гапирсин. Танқид қилсин, тўғри танқид бўлсин. Шу қишлоққа, мактабга, таълимга фойдаси бўлса, нур устига нур, – давом этди Шавкат Мирзиёев. – Мен ҳар куни ўқийман, интернетни ҳам ўқийман. Ким қандай гапирганини вақтим борича, қўлимга қалам олиб, ўзимга ёзиб оламан. Барибир 10 та фикрдан 9 таси тўғри бўлиб чиқади. Бу тўғри йўналишми? Агар бизда [ОАВ] ёпиқ бўлса, сизларни ҳам ҳеч ким эшитмайди…».
Ўзбекистондаги сўз эркинлиги борасида ҳали саволлар қолаётган бўлсада, охирги пайтда бу ерда катта ижобий ўзгаришлар бўлаётганини инкор қилиб бўлмайди. Давлат раҳбарининг юқоридаги сўзлари ҳам жуда жиддий баёнот. Шу вақтнинг ўзида бир пайтлар “Демократия оролчаси” номини олган Қирғизистонда сўз эркинлиги ва мустақил оммавий ахборот воситаларига босим ўтказиш тобора ортиб боряпти.
Гарчи сўз эркинлиги борасида Қирғизистон ҳамон Марказий Осиё давлатлари ичида пешқадамлик қилиб келаётган бўлсада, бу ерда ҳам сўз эркинлигини бўғиш, эркин фикрловчиларга босим ўтказиш тажрибаси қўллана бошлади. Жумладан, бугун муҳокамага қўйилган Оммавий ахборот воситалари ҳақидаги янги қонун лойиҳаси, журналист ва блогерларнинг фаолиятини жиддий чеклашга қаратилган.
Шунингдек, ҳукумат сиёсатига қарши чиққан бир қатор фаоллар қамоққа ташланиб, бир неча ойдан бери терговсиз ва судсиз ҳибсда ушлаб турилибди. Бу мамлакатда ва жаҳон ҳамжамиятида фуқаролик жамиятига кўрсатилаётган мислсиз босим, сўз эркинлигига қилинган тажовуз қатори баҳоланмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди