САИДАҲМАД ХОЛТЎРАЕВ

МАЪРИФАТ ФИДОЙИЛАРИ

Муаллимлик – буюк мақом. “Муаллим” сўзининг маъноси илм берувчи, ўргатувчи демакдир. Динимиз таълимотига кўра, ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.

Устоз деганда ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини унутмаслик лозим. Чунки муқаддас динимизда илмлар «диний» ёки «дунёвий»га ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Моҳир педагог, меҳрибон устоз, Қирғизистон халқ маорифи аълочиси Саидаҳмад Холтўраев 1932 йил Ўшнинг Шаҳидтепа маҳалласида туғилган.

Отаси Холтўра қори Парпихўжа эшон ўғли 1888 йилда Ўшда туғилган. Бухоро мадрасасида 7 йил ўқиб келиб, масжидда имом бўлган. Масжидни бобоси Парпихўжа эшон Октябрь инқилобидан аввал қурдирган экан. Бобосининг ер-мулки катта бўлиб, ҳовлининг бир чеккасига масжид қуриб, қолган қисмига фарзандлари учун кщркам уйлар солдирган.

Онаси Ҳожихон Эҳсонбой қизи катта бойнинг қизи бўлишига қарамасдан, анча меҳнаткаш, сабр-қаноатли, меҳрибон аёл бўлган. Саидаҳмад Холтўраев 1939 йилда шаҳардаги “Шўро” (кейинчалик Телъман) номли ўрта мактабнинг эски биносида биринчи синфига ўқишга борган.

1947 йилдан бошлаб Ўшдаги педагогика билим юртида ўқий бошлади. Лекин бетоб онаси оғир ишларга ярамай, оиланинг юмушлари Саидаҳмад зиммасига ўтди. Онасига ҳам асосан у қарайдиган бўлиб қолди.

САИДАҲМАД ДОМЛАНИНГ ЭСДАЛИКЛАРИДАН:

“1936 йилда СССР Конституцияси қабул қилинди. Шундан кейин коммунистик идеологиянинг динга қарши ҳужуми бошланди. “Дин ҳалқ учун афюн деган сафсатани топишиб, атеистик пропаганда бошланди. “Халқ душмани”, “миллатчи деган жиноят мақоми берилиб, мамлакатдаги энг талантли раҳбарлар, олимлар, ижодкорлар ва ҳақиқий инсонлар репрессия қилинди. Бу офатдан бизнинг аждодларимиз ҳам четда қолмади. Тоғаларим бой ўғиллари сифатида қамоққа олиниб, Сибирга сургун қилинди.

Дадамнинг сиймоси ҳануз кўз олдимда. Чиройли, покиза, ширинсухан инсон эди. Кўп шогирдлари бўларди. Улардан бири кейинчалик Жоме масжидига имом бўлган Шафоат ҳожи эди. Дадам қамоққа олинганда, уйимизда тинтув ўтказилгани, кўп китоблар, опамнинг сеплари, турли газламалар, кийим-кечаклар олиб чиқилиб, Шаҳидтепа пастидаги чойхонага ёйилиб, суд жараёни бўлгани ва у 6-7 кун давом этгани кўз олдимда туради.

Бу воқеа 1939 йилда содир бўлиб, дадам аввал Қуршобдаги “зона”га юборилган. Биз барчамиз онамиз билан дадамни кўргани борганимизни эслайман. Кейин дадам Сибирга “этап” қилинади. Мол-мулкимиз мусодара этилади. Кўча кўрмаган онам раҳматли беш бола билан қолади.

Катта опам Зумрадхон ўн олти ёшида, кичик укам (дадам қамалганда туғилгани учун унга Озодбек деб ном қўйган экан) бир ярим ёшида ўлган.

Дадам кетгандан кейин икки-уч йил рўзғордаги буюмларини сотиб-совуриб, бир амаллаб тирикчилик ўтказдик. Сўнг уруш бошланиб, биров-бировга қарамай қўйди. Очарчилик йиллари бошланиб кетди.

Сотишга ҳеч вақо қолмагач, кимнингдир маслаҳати билан нонвойлик қила бошладик. Нонлар сават ёки катта тоғараларда бошига қўйиб бозорга олиб борилар эди. Нон сотувчилар кўпроқ аёллар, мен каби ёш болалар бўларди. Ўн икки ёшимдан рўзғор тебратишга киришдим. Шаҳидтепа гузарида ҳар куни онам ёпиб берган нонни сотиб юрдим. Онам ҳасталаниб қолганда кейин, ўзим нон ёпиб сотар эдим….

1955 йилда Фарғонада ўқишни битириб келиб, ҳозирги шаҳардаги Пушкин номли мактабга ишга бордим. Ўқитувчилик касби менга ёқди. Мен ҳам педагогик жамоага ва ўқувчиларга ёқдим. Уч ой ишлаганимда армия хизматига чақирилдим.

Ўша даврда армия хизматини ўташ мажбурий бўлиб, муддати уч йил эди. Лекин мен икки йил хизмат қилиб, офицерликка имтиҳон топширдим ва кичик лейтенант унвони билан яна мактабга келадиган бўлдим. Бироқ мени Тбилиси шаҳридаги давлат хавфсизлиги (КГБ) органига ўқишга тавсия қилишди. Мен ёшлик романтикасига биноан разведкачи бўламан деб (разведкага доир китобларни кўп ўқир эдим ), дарҳол розилик бердим. Қоида бўйича, менинг ижтимоий келиб чиқишим текширилиши керак экан, КГБ хизматида қисқа муддат ишладим, бу орада опам мени уйлантириб қўйди. Бу қиз эндигина 10 синфни битирган экан. Буни тақдир деб айтадилар. Қарийб эллик йилдан зиёд бирга яшамоқдамиз. 8саккиз фарзандга эга бўлдик.

Фарғонада 4 йил давомида ўқишим кўп нарсани ўргатди. Менга омад кулиб боқди. Ўқишга киришим билан стипендияга илашдим, ярим йилдан кейин оширилган стипендия олишга муяссар бўлдим. (“4“ баҳоси бўлмаган талабаларга 25 % қўшиб бериларди ). Бу менга тўрт йил давомида жуда асқотди. Кўп муаммоларимни шу ҳал қилар эди. Озиқ-овқат, кийим-кечак дегандай камчиликларим шу пул билан битар эди. Қўшимча равишда пахта терими даврида (мен ҳаммадан кўп терар эдим ) кийимдан ташқари китоб ва бошқа ўқув қуролларини ҳам шу пулларга олар эдим. Ҳеч кимдан ёрдам кутмас эдим

Саидаҳмад Холтўраев 1950 йилда Ўш педбилим юртини битириб, ўрта махсус билимга эга бўлди ва шаҳардаги Пушкин номли ўрта мактабида бошланғич синфда ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади. 1951 йилда Фарғона Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирди. Уни тамомлагач, армия хизматига чақирилади. 1957 йилда Грузия пойтахти Тблиси шаҳридаги давлат хавфсизлиги органи (КГБ)нинг махсус курсда ўқийди. Бир муддат давлат хавфсизлиги соҳасида ишлайди.

Ўқитувчиликка ўз тақдирини бағишлаган инсон 1960 йилда яна касбига қайтди. Дастлаб икки йил Новқат шаҳридаги мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берди, бир неча йил Ўш шаҳридаги 21- мактабда илмий бўлим мудири лавозимида ишлади. Кейин 22- мактабда илмий бўлим мудири, директор лавозимида фаолият кўрсатди. 1971 йилдан Панфилов номли 23 -сон ўрта мактабида узоқ йиллар директор бўлиб ишлаб келган.

Саидаҳмад Холтўраев ўзбек тили ва адабиётининг етук мутахассиси, юзлаб ўқувчиларга она тили мағзини, ўзбек адабиёти, айниқса мумтоз адабиётнинг теран мазмунини маҳорат билан етказиб келган. Ўзбек тили ва адабиёти мутаҳассислиги бўйича ўнлаб кадрларга устозлик қилган.

Чорак асрдан кўпроқ вақт мактаб директори лавозимида ишлаб, ташкилотчилик, раҳбарлик қобилиятини кўрсатди. Аҳил, бир-бирига меҳрибон, ишчан коллективни шакллантира олди.

Раҳбарликни методик ва илмий ишлар ишлар билан қўшиб олиб борди. Ўз педагогик тажрибасини матбуотда эълон қилиш билан бирга, Ўш ўқитувчилар малакасини ошириш институти курсларида ҳам ҳар доим лекциялар, суҳбатлар ўтказиб турган.

 

ДАРСЛИКЛАР ТАЙЁРЛАШ МАРКАЗИДАГИ ФАОЛИЯТИ

Дарсликлар тайёрлаш марказининг ташаббускори аслида Олмосбек Ҳудойбердиев эди. Мустақил Қирғизистонда ўзбек мактабларини дарслик билан таъминлаш ҳақида Олмосбек Ҳудойбердиевдан бошқа ҳеч ким бош қотирмаётган эди. Бу ташаббусни эшитиб қолган академик М.Мамасаидов дарров тушуниб етиб, Олмосбек акани қўллаб-қувватлади. Қирғиз-Ўзбек университети қошида Дарслик тайёрлаш маркази очилди (Бу даврда М.Мамасаидов университет ректори эди )

Дарслик тайёрлаш маркази (ДТМ) Саидаҳмад Холтўраевнинг наздида кексайганда охирги иш жойи бўлиши керак эди. Бу иш домлага жуда ёқарди. Аввалида бошланғич синфлар учун чиқаётган она тили, адабий ўқиш китобларига муҳаррирлик қилди. Кейин 5-6 синф ўзбек тили дарсликларини тайёрлашда қатнашди. 10-11 синф ўзбек тили дарсликларини бевосита ўзи ёзиб тугатди. Китоблар мактабларга тарқатилди. 5-11 синфлар учун адбиёт китобларини Тошкентдаги олимлар билан шартнома тузиб ёздира бошлади.

Куюнчак раҳбар Саидаҳмад Холтўраевни шаҳар ўқитувчилари йиғилишларда, ўзбек миллий маркази анжуманларида, дарслик тайёрлаш марказида кўриш мумкин эди.

Домла Қирғизистон Халқ маориф аълочиси эди, эришган муваффақиятлари учун маориф вазирлиги ва республика ҳарбий комиссарлигининг ёрлиқлари билан, бир неча марта вилоят ва шаҳар маориф бўлимларининг мақтов ёрлиқлари билан тақдирланган.

Моҳир педагог, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Саидаҳмад Холтўраев 2013 йил вафот этган. Ўшдаги «Қайирма» қабристонига дафн этилган.

 

                                                                                Одилжон Дадажонов

Ўш

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг