Баджаҳл одамлар: Қирғизистонда тўнғич президентнинг қайтишини истамаганлар кўп
Сўров одамларнинг ҳамон матбуотда яратилган «ёмон Ақаев» образидан қутула олмаганини кўрсатди.
Қирғизистонда айрим нашрлар ўтказган сўров натижаларига кўра, аҳолининг аксарият қисми мамлакатнинг тўнғич президенти, квант физикаси соҳасида дунё миқёсида тан олинган олим, Миллий ва қатор халқаро академияларнинг ҳақиқий аъзоси Асқар Ақаевнинг ватанига қайтиб келишини истамайдилар.
Масалан, 24.kg интернет нашрининг уч кун давомида ўтказган онлайн сўрови натижаларига кўра унда иштирок этганларнинг 66 фоизи шу йилнинг ноябрида 80 ёшга тўладиган Асқар Ақаевнинг собиқ президент мақомига эга бўлиши ва юртига қайтиб келишига қарши. 26 фоиз иштирокчи (654 киши) Ақаевнинг ушбу мақомга ва унга бюжетдан маблағ сарфланишига муносиб эмаслигини айтса, яна 24 фоизи (608 киши) собиқ президентга ушбу мақомни қайтариш тугул уни суд қилиш лозимлигини таъкидлашган.
Унинг ватанига келишига қарши бўлганларнинг яна 16 фоизи Ақаев оқланса, ундан кейин иккинчи президент Қурманбек Бакиевни ҳам оқлашади, деган хавотирда. Аслида Ақаевни оқлаш учун унга қўйилган айбловнинг ўзи йўқ. Иштирокчиларнинг бўлгани 23 фоизи (575 овоз) Асқар Ақаевни биринчи президент бўлгани учун ватанига қайтариб, собиқ президент мақомини бериш керак, деб ҳисоблайди.
Шуни айтиш керакки, сўровда икки минг кишига етмаган одам иштирок этиб, бу мамлакат аҳолиси онгли қисмининг 0,03 фоизиниям ташкил қилмайди. Бунинг устига нашр бешта савол қўйган бўлса, уларда белгилаш мумкин бўлган жавобларнинг дастлабки учта варианти салбий жавоб. Сўровга фақат битта ижобий жавоб қўйилиб, яна бир ҳолатда “менга барибир” деган жавобни белгилаш мумкин бўлган. 4 фоиз иштирокчи уларга барибир эканини маълум қилган.
Тахмин қилиш мумкинки, “инқилобий” руҳи баланд ва доимо ҳар бир одамни, бутун борлиқни танқид қилиб ўрганган аҳоли ушбу жавобларни белгилашда узоқ йиллар давомида Ақаевнинг оммавий ахборот воситалари орқали яратилган салбий образига таянган бўлса керак. Суриштириб келса, уларнинг аксарияти тўнғич президент фаолиятига асосли баҳо бера олмаслиги аниқ.
Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Ақаев мамлакатни 1990 йилдан то 2005 йилнинг мартигача, қарийб 15 йил бошқарган. 2005 йилнинг мартида мухолафат кўтарган қаршилик намойишлари президент идорасига ҳужумга уланди. Натижада Ақаев мамлакатни ташлаб қочишга мажбур бўлди ва Москвада бошпана топди. Ҳозир Ломоносов номидаги Москва давлат университетида дарс беради ва илмий ишлар билан машғул.
Асқар Ақаевга нисбатан холис муносабатда бўлган ҳозирги президент Садир Жапаров Ақаевга собиқ президент мақомини қайтариб бериш борасида фикр билдирар экан, бунга очиқча қаршилик билдирмади. «Қабар» миллий ахборот агентлигига берган анъанавий интервьюсида Жапаров бу масалани парламент ҳал қилишини ва ўзи бу ҳақда ҳеч нарса айта олмаслигини маълум қилган.
«[Бу масалани] депутатлар ўзлари ҳал қилади. Унинг қонунийлигини кўриб чиқишсин. Қонунларни назорат қилиш – парламентнинг мажбурияти,» – деди Жапаров.
Шуни айтиш керакки, конституцияга кўра Ақаевга собиқ президент мақоми ўз-ўзидан берилган. Бу мақомидан уни қонунан ҳеч ким маҳрум қилмаган. Кейинги президентлар Қурманбек Бакиев ва Алмазбек Атамбаевлар эса расман бу мақомларидан ажратилган.
Жапаров уларнинг ҳолати тўнғич президент Ақаевникидан фарқ қилишини айтди.
«Асқар Ақаев қочиб кетганида қурбонлар бўлмаган, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаган ва у қидирувга берилмаган. Албатта, Асқар Ақаев даврида кўп камчиликлар бўлган. …Шу билан бирга, мамлакат илк мустақилликка эришган йилларда унинг фаолиятида ижобий жиҳатлар ҳам бўлганини ҳам айтиш керак”, – деди Жапаров. Садир Жапаров Атамбаев ва Бакиевларнинг ҳатти-ҳаракатлари туфайли қурбонлар бўлганини, уларга нисбатан жиноий ишлар очилганини эслатиб, уларнинг собиқ президент мақомини тиклаш нотўғри бўлиши ҳақида фикр билдирди.
Бир неча кун аввал Қирғизистоннинг тўнғич президенти Асқар Ақаев ўзига «собиқ президент» мақомини қайтаришларини сўраб, парламентнинг тегишли қўмитасига мурожаат қилган.
Қирғизистон мустақилликка эришгандан буён ўтган 33 йил ичида мамлакатни бешта президент бошқарди. Улардан фақат иккитаси – Рўза Ўтунбаева ва Сўўрўнбай Жеенбеков собиқ президент мақомига эга. Ҳозирда Жеенбековнинг мана шу мақомини бекор қилиш бўйича ҳаракатлар мавжуд. Бу ташаббус тарафдорларининг фикрича, Атамбаевнинг қўллови билан ҳокимиятга келган Сўўрўнбаев президентлик лавозимида ўтирган 3 йил ичида на давлат ва на халқ учун ҳеч нарса қилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилги норозилик намойишларидан сўнг мамлакатда учинчи бор ҳокимият куч ишлатиш йўли билан алмашди. Бугунги президент Садир Жапаров ана шу тўнтариш натижасида ҳокимиятга келган. Аввалига президентлик лавозимини ҳимоя қилиши ҳақида баёнот берган Жеенбеков қамоқдан озод бўлиб чиққан Садир Жапаров ва унинг дўсти Қамчибек Ташиев билан музокаралардан кейин ўз ихтиёри билан лавозимидан воз кечган. Ана шу музокаралар натижасига кўра у собиқ президент мақомига эга бўлган ва бугун давлат резиденциясида яшайди, оиласи билан давлат ҳисобидан таъминланади, ҳайдовчи ва қўриқчилар хизматидан фойдаланади.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди