8-март “совғаси”: Қирғизистонда йўл қоидасини бузганлик учун жарималар кескин оширилди

Яхши ниятда амалга оширилган ўзгаришлар порахўрлик ва таъмагирликка ҳам кенг йўл очиши мумкин.

Асосий ўзгаришлардан бири – маст ҳолда машина ҳайдаганлар уч йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармаси берган маълумотга кўра, жорий йилнинг 8 мартидан тортиб, маст ҳолда машина ҳайдаган фуқаролар турли муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан ажраладилар.

Бошқарманинг маълум қилишича, ҳаракатдаги қонунга асосан, ичиб олиб машина ҳайдаганларга бунгача 17,5 минг қирғиз сўми (200 АҚШ доллари атрофида) миқдорида жарима солинарди. Ёки айбдор жамоат ишларига тортилиши мумкин эди. Энди ана шу ҳуқуқбузарлик учун ҳайдовчилар бир йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан ажратиладилар. Агар маст ҳолда машина ҳайдаб кетаётган одамнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаса, уч кунга ҳибсга олиниши мумкин. Бу ҳолда у жаримани ҳам тўлайдими, йўқми эканига аниқлик киритилмаган.

Мабодо, ҳайдовчи ичиб олганликда гумон қилиниб, наркологик текширувдан ўтишдан бош тортса, у ҳолда ҳам уч суткага қамалиши мумкин, борди-ю, камига ёнида ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаса, унда 5 суткага ҳибсга олинади.

Шу ерда бир савол туғилади. Бу хабарга қараганда, ичиб олган одам қўлга тушиб, ҳайдовчилик гувоҳномам йўқ деса, енгилроқ жазо – уч суткага қамаладими? Бу ҳар ҳолда бир йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан айрилишдан кўра енгилроқ эмасми? Балки ким учундир 3 кунлик қамоқ оғирроқдир, лекин нима бўлганда ҳам бу ерда қоида бузган одам “ГАИ” ходими билан келишиб олишиш имконига эга бўлиб қолмаяптими? Текинга эмас, албатта. Яъни, “ёнимда правам йўқ”, деса, уч кун ҳибсда ўтириб чиқиб, яна машинасини миниб юраверадими?

Нима бўлган тақдирда ҳам, аксари ҳайдовчилар озроқ пул тўлашга ҳаракат қиладилар. Одатда бу пуллар “ГАИ” ходимининг чўнтагига кетади. Шу сабабдан бунинг олдини олиш учун ходимларнинг ҳар бирини видео камералар билан таъминлаш масаласини ҳал қилиш керак.

Қонун талабларини кучайтириш мамлакатда авж олган даҳшатли аварияларнинг олдини олиш экани ойдай равшан. Чунки Қирғизистон кўп йиллардан бери одамлари авария туфайли энг кўп ўлаётган давлатларнинг олдинги сафларида келади. Йилига мамлакат кўчаларида 500-600 киши қурбон бўлади, уларнинг ҳар ўндан бирини ёш болалар ташкил қилади.

Хўш, янги қонунга кўра авария содир қилган ҳолатлар учун қандай жазо қаралган?

Амалдаги қонунга кўра, маст ҳолда машина ҳайдаган одам авария содир қилса, 20 минг сўмгача жарима солинарди. Энди, яъни қонун “кучайтирилгандан” кейин бундай ҳайдовчи, ёнида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган тақдирда, етти кунга ҳибсга олинади. Агар ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлса, унда бир йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади. Қизиқ, бу ердаям ҳайдовчига гувоҳномасиз юриш, яъни, яна битта қоида бузишлик фойдалироқ бўлиб қолмаяптими? Аниқроқ қилиб айтганда, ҳайдовчи бир ҳафтадан сўнг яна рулга ўтириши мумкин бўляпти-ку?

Тўғри, янги қонунга кўра, агар ҳайдовчи жазо ўташ муддати тугагунига қадар (яъни, бир йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан ажратилган бўлса – бир йил ичида ва ёки уч-етти кунлик ҳибсда ўтирган чоғида) яна шу қоидабузарликка йўл қўйса, унда бу одамнинг миниб кетаётган машинаси вақтинча (муддати айтилмаган) олиб қўйилади. Ўзи уч йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан ажратилиши мумкин. Ажратилмаслиги ҳам мумкин. Бошқача айтганда, “келишиб олиш” мумкин. Балки қонунда бошқачароқ ёзилгандир? Биз ИИВ бош бошқармасининг оммавий ахборот воситаларига берган маълумотига асосланиб ёзяпмиз.

Умуман олганда, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазони кучайтириш вақти аллақачон келган эди. Бир неча йил олдин кучайтирилган ҳам эди. Кейин депутатлар қоидабузар сайловчиларига “раҳмдиллик” қилиб, “юртимиз камбағал, одамларнинг бунча жаримани тўлагани пули йўқ”, деган аҳмоқона баҳонани рўкач қилиб, айрим жазоларни енгиллаштиришга эришишган ҳам эди.

Шу вақтнинг ўзида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда машина ҳайдаганлик учун жарима 15 минг сўмгача кўтарилган, ҳозирги қонун бўйича 5 500 сўм тўланарди. Бу қоидабузарлик учун энди жаримани вақтида тўлаганлик учун арзонлаштирилмайди.

Светофорнинг қизил чироғидан ўтиш ёки йўловчилар йўлакчасидан (тротуардан) юрганлик учун жарима аввал 3 минг сўм бўлса, энди 5000 сўмга кўтарилди.

Тезликни рухсат берилган тезликдан соатига 40-60 километрга ошириб юборганлик учун аввал 5500 сўм тўланса, энди 7500 сўм тўлашга тўғри келади. Агар соатига 60 ёки ундан ҳам кўпроққа ошириб юборилса, унда 15 минг сўм жарима тўлашга тўғри келади. Авваллари жарима ҳажми икки баробар кам эди. Шунингдек, қарама-қарши йўлга чиқиб кетганлик учун ҳам 15 минг сўм жарима қаралди.

Автомобилда безорилик қилганлик учун ҳам 15 минг сўм жарима қаралган, бу қоидабузарлик иккинчи бор такрорланса, унда айбдор олти ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Йўл транспорти ҳодисасига (авария) йўл қўйган ҳайдовчи, агар бу ишда жиноий жазога лойиқ ҳолатлар бўлмаса, 6 ойгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Авваллари бунинг учун 10 минг сўмгача жарима қаралган эди.

Агар ҳайдовчи бир йил ичида уч ёки ундан кўпроқ қоидабузарликка йўл қўйса, унда бу одамнинг ҳайдовчилик ҳуқуқини олиш учун бошқатдан имтиҳон топширишига тўғри келади.

Бугунги кунда катта ҳажмдаги жарималари бўла туриб уни тўламасдан машина миниб юрганлар жуда кўп. Авваллари 10 минг сўмгача жарима тўламай юрганларнинг машиналари олиб қўйилиши керак бўлса ҳам, баъзи ҳолларда жарималар тўпланиб, бир неча ўн мингга чиқиб кетарди. Энди машина эгасининг тўламаган жаримаси 3000 мингдан ошса, унинг машинаси мажбуран жарима бекатига олиб бориб қўйилади.

Автомобилга бошқа давлат рақами қўйиб олиб юрганлар авваллари 15 минг сўм тўлаши лозим бўлса, энди 20 минг сўм тўлашлари керак бўлади. Бу қоида такроран бузилса, унда айбдор бир йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Қоида бузишни яхши кўрадиган (ёки қоидани яхши билмайдиган), лекин бунчалик катта жарима тўлашга имконияти ёки хоҳиши бўлмаганлар жаримани бир ой ичида тўласалар, унда жарима ўлчами 70 фоизга қисқаради. Яъни, масалан, 1000 сўм жарима бўлса, унинг 300 сўмигина тўланади.

Бу ўзгаришларни киритишдан мақсад – ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш ва йўл-транпорт ҳодисаларининг олдини олиш ва камайтириш экани айтилади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг