Ишга ўзбек машинасида: Амалдорларнинг хизмат машиналари янгиланмоқда

Қирғизистонда амалдорларнинг хизмат машиналарини янгилаш олис Боткендан бошланди.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров олис Боткен вилоятига қилган хизмат сафари чоғида маҳаллий ҳокимларга янги хизмат машиналари топширди. Ҳукумат матбуот хизмати берган маълумотга кўра, дастлабки янги машиналар Қадамжой тумани ҳокими ва Сулукта, Қизилқия ҳамда Боткен шаҳарлари мэрларига топширилган. Бу туман ва шаҳарлар чегара ҳудудидаги ҳудуд махсус мақомига эга.

Яқинда мамлакат президенти иш бошқармаси 90 дона Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган замонавий Chevrolet Captiva русумли автомашиналарни сотиб олган. Улар ҳисобидан бутун республикадаги хизмат машиналари янгиланади.

Янги машиналарни топширар экан, Ақилбек Жапаров президент Садир Жапаровнинг амалдорларга юклаган ўз хизмат вазифаларини яхши ва виждонан бажариш талабини эслатди. Унинг огоҳлантиришича, барча машиналарга GPS тизими ўрнатилган бўлиб, уларнинг ҳаракати доимий равишда назоратда бўлади. Яъни, хизмат машинасидан шахсий мақсадларда фойдаланишга йўл берилмайди.

“Биринчи машиналар алоҳида мақомга эга бўлган Қадамжой тумани ва Сулукта, Қизилқия ҳамда Боткен шаҳарлари раҳбарларига топшириляпти. Бошқа туманларнинг раҳбарларига ҳам янги машиналар берилади, – деди Жапаров. – Айрим эски машиналарни ишлатиш умуман мумкин бўлмай қолди, чунки уларни таъмирлашга жуда катта ҳаражат кетяпти”.

Қирғизистонда маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг автомашиналари парки бир неча йиллардан буён янгиланмаслиги оқибатида, уларнинг кўпчилиги шалоғи чиққан эски машиналардан ёки ўзларининг хусусий автомобилларидан фойдаланиб келишаётган эди.

Хизмат сафари чоғида бош вазир қирғиз-тожик чегарасида охирги йилларда жабрланганларга ёрдам беришнинг аҳволи билан танишди, одамларнинг шикоятларини эшитиб, уларни ҳал қилиш бўйича тегишли идораларга вазифалар юклади.

 

Оқбура, Бишкек.

Сурат Қирғизистон ҳукумати матбуот хизматига тегишли

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг