Зуҳриддин Исомиддинов: Тўхтаб қолган поезд яна юра бошлади

(ўзбек тилида чоп этилган туркий адабиёт дурдоналарининг юз жилдлиги ҳақида суҳбат)

Бу ноёб адабий тўплам яқинда Самарқандда ўтган Турк давлатлари ташкилотининг саммитида қондош давлатлар президентларига бир нусхадан тақдим этилди. Куни кеча Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида нашрнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Биз бу ҳақда ана шу кенг кўламли лойиҳа иштирокчиси, таниқли адабиётшунос, филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зуҳриддин Исомиддинов билан суҳбатлашдик.

– Зуҳриддин ака, туркий давлатлар тарихида мисли кўрилмаган бу лойиҳа нимадан бошланди ва унинг мақсади нима эди?

– Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 15 октябрида Боқуда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида туркий давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат 100 жилдлик мажмуани нашр этиш ғоясини илгари сурган эди. Мақсад – туркий тилда сўзлашувчи халқларнинг қадимий илдизлари бирлиги, уларни умумий қадриятлар ва қардошлик асосида янада яқинлаштириш, маданий, маънавий соҳалардаги алоқаларни янада кучайтиришдан иборат.

100 жилддан иборат «Туркий адабиёт дурдоналари» нашр этилди

– Туркумга қандай асарлар киритилди?

– Унга умумтуркий адабиётнинг қадимги даврлари, туркий давлатларнинг атоқли адиблари ва асримизнинг шу кунларига қадар яратилган асарлар, умуман олганда 1010 нафар шоир ва ёзувчининг ижоди намуналари киритилди.

Мажмуанинг дастлабки беш жилди “Умумтуркий адабиёт намуналари”дан иборат бўлиб, улардан Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” ва Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, Аҳмад Яссавий ва Сулаймон Боқирғонийнинг “Ҳикматлар”и ҳамда Носируддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарлари ўрин олди.

Охирги 15 жилд замонавий ўзбек, қорақалпоқ, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз ва туркман адабиётлари антологияси бўлиб, унда 700 га яқин ёзувчи ва шоирларнинг асарлари ўрин олди. Сўнгги, 100-жилдда таниқли венгер адиби Аран Яношнинг “Ажойиб суйғуннинг ҳикояти” достони ва ўндан ортиқ венгер адибларининг асарларидан намуналар берилди.

– Янглишмасам, бу асарларнинг кўпчилиги авваллари ўзбек тилига ўгирилган-а?

– Ҳа, таржимонлик борасида Ўзбекистонда жуда кўп намунали ишлар қилиниб, юзлаб асарлар ўзбек тилига ўгирилган. Шундай бўлса-да, мажмуага киритилган адабиётларнинг 40 фоизи биринчи марта ўзбек тилига таржима қилинган асарлардан иборат бўлди. Лойиҳада 200 дан зиёд таржимон қатнашди.

Бу ишга қўшни давлатларнинг фуқаролари бўлган таржимонлар ҳам фаол иштирок этишди. Масалан, қирғиз адабиёти намуналарини ўзбек тилига ўгиришда Қирғизистонда истиқомат қилаётган 25 нафар ўзбек шоир ва адиблари, Қозоғистонда яшаётган 10 дан ортиқ ижодкор, Туркманистондан 3 нафар таржимон иштирок этишди.

Шунингдек, тўпламни нашрга тайёрлашга элликка яқин адабиётшунос ва матншунос олимлар, адиб, муҳаррир ва рассомлар жалб қилинди.

Шуни айтиш керакки, нашрдан чиққан китоблар мажмуаси нафақат мазмуни, балки полиграфия жиҳатидан ҳам жуда сифатли безатилган ва техник ижроси зўр.

– Мажмуа неча нусхада нашр этилади ва уни қаердан топиш мумкин?

– Айтиб ўтиш керакки, бу жуда катта кўламдаги нашр бўлиб, бир неча жомадонга жой бўлади. Уни 2000 нусхада чоп этиш режалаштирилган, нашрнинг асосий қисми Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, консуллик муассасалари, қардош давлатлардаги ўзбек миллий-маданий марказлари, тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ва кутубхоналарга бепул тарқатилади. Самарқанд саммитида иштирок этган давлат раҳбарлари мажмуанинг дастлабки нусхаларини биттадан, яъни юз жилддан совға сифатида олиб кетдилар.

– Юз жилд, мингдан ортиқ муаллиф ва 200 дан ортиқ таржимон… Бунча ишни ташкил қилиш осон кечмагандир?

– Албатта, қолаверса, вақт ҳам анча тиғиз эди. Шунга қарамай, биз ўзимизга юкланган вазифанинг уддасидан чиқдик, десак бўлади. Қирғиз адабиётини таржима қилишга ўнлаб таржимон қатнашди, улар орасида ўтиб кетганлар ва энди таржимонликка кириб келаётганлар ҳам бор.

Мажмуага киритилган муаллифлар ва асарлар рўйхати тасдиқлангач, заруратга қараб, айрим мамлакатларга ижодий сафарлар ҳам қилдик.

Асарларни танлаш жараёни осон кечмади. Аввалига кимнинг қандай таржимаси бор, борлари қанақа асарлар, деган савол туғилди. Чунки мавжуд таржималарнинг кўпчилиги совет даврида қилинган бўлиб, уларда шўро руҳидаги ғоялар акс этган, ҳозирги даврга тўғри келмайди. Шу сабаб, янги таржималарга эҳтиёж пайдо бўлди. Туркий давлатларда бу лойиҳа маҳаллий Ёзувчилар уюшмаси билан муҳокама қилинди, зарур бўлганда асарлар рўйхатига ўзгартиришлар киритилди.

Мен ҳам Бишкекда бир қатор одамлар билан учрашдим. Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси раиси Нурлан Қалибековга раҳмат, у мен билан икки кун ўтириб ишлади. Муҳокамага фалон адибгина эмас, фалон адибнинг фалон асарини киритиш керак, деган таклиф ва ҳатто талаблар бўлди. Ўша кунлари қирғиз халқининг забардаст ёзувчиси Тугалбай Сидиқбековнинг 90-йиллиги нишонланаётган экан. Юбилейга ўзига хос совға сифатида марҳум оқсоқолнинг 400 бетдан ортиқроқ “Кўк ялов” асари тўлалигича бир жилд қилиб туркумга киритилди. Уни Улуғбек Абдусаломов тез ва соз қилиб ўгириб берди.

– Умуман қирғиз адабиётига лойиҳада қанча ўрин берилди?

– Қирғиз адабиётига 9 жилд берилди. Унга “Манас” эпоси таржимасини ҳам қўшмоқчи эдик, кейин фольклорни қўшмасликка қарор қилдик. Йигирманчи аср арафасида қирғиз адабиётида ёзувчи оқинлар деган қатлам пайдо бўлди. Улар араб имлосини ўрганиб, оғзаки ижодларини қоғозга туширишган. Уларнинг асарлари бир жилд бўлди. Иккинчи жилд Мўлда Ниёз билан бошланиб, Тўқтағул, Женижўқ ва бошқалар киритилди. Бу жилд совет даврида ўтган Қосим Тинистанов, Қосимали Баялинов, Аали Тўқамбаев, Муқан Элебоевлар билан тугайди. Асли киритиладиган асарлар кўп эди, лекин жой масаласи ва вақт билан ҳисоблашишга тўғри келди. Таржималар ҳам кўп эмасди. Хуллас, ўтган асрнинг 40-60 йилларида ижод қилганлар, яъни совет даврининг гуллаган даврига тўғри келган Муса Жонғазиев, Соврўнбой Жусуев, Жалил Содиқов каби “Олтин авлод” вакилларининг асарлари кейинги жилдга кирди. Биринчи жилдда терма шеърлар, айтишувлар, насрий асарлар ҳам бўлса, иккинчи жилдга фақат шеърлар кирди.

Тугалбай Сидиқбековнинг “Кўк ялов” романи учинчи жилдни эгаллади. Асар 6-8 асрларда Олтойда яшаган қирғизлар тарихига оид, унда туркийлик руҳи кучли. Бўлмаса, бу адибнинг бошқа асарлари ҳам бор эди.

Тўртинчи жилд тўла Чингиз Айтматов асарларига берилди, бешинчи жилдни Тўлаган Қосимбековниннг “Синган қилич” романи эгаллади. Уни раҳматли Турсунбой Адашбоев таржима қилган эди.

Кейинги жилдлардан Мар Байжиевнинг асарлари, Қосим Сулаймановнинг “Ваҳшийлар салтанати” асари, Тўлан Жолдошевнинг насрда ёзилган “Манас” асари (Раҳим Карим таржимаси) ва бошқа асарлар жой олди. Замонавий қирғиз шеъриятига бағишланган жилдда эса 40 нафарга яқин шоирнинг асарлари бор.

Охирги, тўққизинчи жилдда Султан Раев каби бугунги қирғиз насрининг намояндалари, жумладан Мирзоҳалим Каримов ва бошқалар бор.

Умумий ҳисобда тўққиз жилдли тўпламга роппа-роса 100 нафар қирғиз адибининг асарлари киритилиб, улардан етти жилдини мен туздим.

– Лойиҳа баҳона, қирғиз адабий ижод муҳитига бир шўнғибсиз-да?

– Жуда яхши айтдингиз. Бишкекда бир ҳафтача юриб, талай янги адабиётчи дўстларни топдим, кўплаган долзарб масалалар муҳокама қилинди. Қирғизистондаги ўзбек адиблари орасида ҳам янги ҳамкорлар топдик. Қатор адабиётшунослар таржимага яна қизиқиб қолишди. Яъни, таржимонлик яна барг ёзиб ривожлана бошлади.

– Лойиҳа ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги адабий ҳамкорликка  туртки бердими?

– Ҳа, бошқача айтганда, тўхтаб турган поезд яна юра бошлади. Мен раҳбарлик қилаётган “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти шу ишларни яна давом эттириш ниятида. Чунки яхши жараён бошланди, уни тўхтатиб қўймаслик керак. Жумладан, Қирғизистонда яшаб ижод қиладиган ўзбек адибларининг асарлари анталогиясини чиқариш бўйича иш бошланган, лекин жараён сустроқ. Худо хоҳласа, бу ишга ҳам қаттиқ киришамиз.

– Шу ўринда, ўзбек адабиётини қирғиз тилига таржима қилиш ҳақида ҳам айтиб ўтсак. Ўзбекистонда бошқа халқлар адабиёти каби қирғиз адабиётини таржима қилиш азалдан яхши йўлга қўйилган. Лекин Қирғизистонда ўзбек адабиётини таржима қилишга эътибор камроқ. Бу ҳақда “ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги кўприк” аталиб келган марҳум Турсунбой ака Адашбоев ҳам кўп айтарди. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

– Дарҳақиқат, Ўзбекистонда қирғиз адабиёти таржимаси доим бўлиб келган. Бу иш шу кунгача узлуксиз давом этиб келяпти. Лекин ўша Турсунбой ака айтмоқчи, “қирғиз биродарларимиз томонидан саломга яраша алик бўлмаётгани” ҳам рост. Масалан, менинг билишимча, забардаст ёзувчимиз Одил Ёқубовнинг бир пайтлар Чингиз Айтматов жуда юқори баҳо берган “Улуғбек хазинаси” романи ҳам қирғизчага ўгирилмаган.

Бир қизиқ гап. Икки ойча аввал, Тошкентда “Ўзбекистон дўстлари” деган халқаро учрашув бўлди. У ерда Қирғизистон парламентининг собиқ депутати Бахтиёр Фаттаҳов қирғиз ёзувчиси Мар Байжиевнинг асари таржимасига ҳомийлик қилганини айтди. Бошқалар ҳам шунга яқин фикрлар билдиргач, мен сўз олиб, айтдимки, Қирғизистондан келган ўзбек дўстлар, сизлар қирғиз адабиётини у ердаям, Тошкентдаям тарғиб қиляпсизлар. Ўзбекистонда қирғиз халқининг “Манас” эпоси ўзбек тилига 9 марта ўгирилди. Сизлар Қирғизистонда Алпомиш ва Гўрўғли достонларини таржима қилишга ҳомийлик қилмайсизларми? Мен ҳам бу ерда Манасни таржима қилдим-ку? Албатта, “Манас” – жаҳон тан олган, энг йирик достон, лекин бадиийлиги жиҳатидан “Алпомиш” ундан кам эмас-ку?!

Хуллас, “бу ерга “ура, яшасин” учун тўпланмадик, қилинадиган ишларни аниқ белгилаб олайлик”, деган гапни айтишга мажбур бўлдим.

– Бу ҳолат ҳам вазиятни яхши тушунишга ёрдам беради, афсус… Хўш, муаммонинг асосий сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

– Менимча, асосий масала моддий таъминотда, маънавий қўллаб-қувватлашда. Мана, ўзингиз биласиз, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг катта, уч қаватли замонавий биноси бор, ёнида боғи, Ёзувчилар хиёбони билан. Бундан ташқари, шаҳар четида машҳур “Дўрмон” ижодий уйи, Паркентда, Зоминда муҳташам ижод уйларимиз бор. Уюшма фаолияти давлат томонидан молиялаштирилади.

Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси эса иккита хонани ижарага олиб ўтиради. Давлат томонидан умуман ёрдам йўқ. Ахир ижодкор ҳам бола-чақа боқиши керак-ку! Таржимон ўз ҳисобидан китобни қирғизчага ўгириб чиқарса-ю, уни биров олмаса, хонавайрон бўлади-ку! Қисқаси, бунга қирғиз ижодкорларининг қўллари калталик қиляпти. Бу ишни сўзсиз давлат ўз қўлига олиши керак. Яъни, дўстлик ва биродарлик – турли мажлисларда бири-бирига севги изҳор қилиш эмас, бу нарса амалда бўлиши керак.

– Менимча, бу ерда яна бошқа гап бор. Масалан, мен нафақат Чингиз Айтматов, Мар Байжиев ва бошқаларни, балки деярли бутун Европа ва Америка ёзувчиларининг классик асарларини ўзбек тилида ўқиб катта бўлганман…

– Бир туриб, катта адабиёт кичик адабиётдан кўп таржима қилса керак, дейин десам, рус ва чет эллар адабиётини ҳам ўзбек тилига жуда кўп таржима қилибмиз. Бу менталитетга алоқадор нарса шекилли. “Биз қадимиймиз, ҳаммадан зўрмиз”, дегандай гапларни айта бериш, бошқаларга беписанд қараш таржима соҳасигаям салбий таъсир қиляпти, менимча.

Албатта, қирғиз адабиётида Чингиз Айтматов бор, лекин бизнинг шоирларимиз кучли. Қирғизистонда Америка, Франция ва бошқа давлатлар адабиёти кўп таржима қилинади, бундан хабарим бор, лекин яқин атрофга ҳам назар солиш зиён қилмс эди.

– Яна “Турк адабиёти дурдоналари”га қайтсак. Сизнингча, туркий давлатларда бу ташаббус қандай қабул қилинади?

– Буни вақт кўрсатади, албатта, лекин Ўзбекистонда ушбу мажмуани ҳар бир туркий давлатнинг тилига ўгириб, шу ерда нашр қилиш ташаббуси ҳам айтилди. Бу ёмон таклиф эмас, бироқ менимча, бу ишни ҳар бир давлатда ўша ернинг таржимонлари қилгани маъқул. Сўнгра, ҳар бир давлат мажмуага кўпроқ ўзларининг вакилларини киритишдан манфаатдор. Мисол учун, бу мажмуада Ўзбекистонга 30 жилд ажратилган.

Иккинчидан, таржима савияси бор. Яъни, ҳар ким ўз она тилига ўзи таржима қилса, унинг сифати яхши бўлади.

Ўзбек адабиётини бошқа тилларга таржима қилиш бизда бошланган. Ҳатто алоҳида таржима факультети ҳам очилди, ўзбек адабиётини инглиз тилига таржима қилиш бўйича. Бироқ мен бу ишнинг истиқболига ишонмайман. Негаки, инглиз таржима қилгандай таъсирли чиқмайди. Илмий иш бўлса бошқа гап. Бадиий таржимани фақат ўша миллат вакили сифатли қила олади. Ахир рус адабиётини ўзбекчага руслар таржима қилмаган-ку! Менимча, ўзбек адабиётини бошқа тилларга таржима қилиш учун ўша тил вакилларини шунга рағбатлантириш тўғри бўлар эди.

– Амалга оширилган ишдан сал кўнглингиз тўлмаган жойи борми?

– Бу ишни адабиётдан бошладик, бу яхши, энди туркий халқлар фольклорини ҳам чиқарсак яхши бўларди. Яна бир масала шундаки, тўпламга барча туркий халқлар вакиллари кирмади. Мажмуадан Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган беш давлат ва кузатувчи сифатида иштирок этаётган икки мамлакат вакилларигина кирди, холос. Бир пайтлар бу уюшмага Татарстон ҳам аъзо эди, лекин кейин Россия буни тақиқлаб қўйди.

Яъни, қилинадиган ишлар ҳали кўп, бу лойиҳа катта бир ишнинг бошланиши бўлди.

– Мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. Келажакдаги шундай эзгу ишларимизда ҳаммамизга омад ёр бўлсин!

 

Абдумўмин Мамараимов суҳбатлашди.

(Расм Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига тегишли)

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг