Яна битта “Союз”: Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан учлик иттифоқи тузмоқчи
Қозоғистон президенти айтган бу янгилик нимани англатиши мумкинлиги ҳозирча мавҳум.
Россия раҳбариятининг, аниқроғи президент Владимир Путиннинг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан уч томонлама иттифоқ тузиш ҳақидаги таклифини Қозоғистоннинг яқинда қайтадан сайланган президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев Москвада ошкор қилди.
Россияга расмий ташриф билан борган Қозоғистон президенти 28 январь куни Бош вазир Михаил Мишустин билан учрашувда президент Владимир Путиннинг Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг уч томонлама иттифоқини тузиш, жумладан, газ соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш ҳақидаги таклифи ҳақида гапирди.
“Бугун Владимир Владимирович қандайдир уч томонлама иттифоқ тузиш зарурлиги ҳақида гапирди ва у Ўзбекистон президентига қўнғироқ қилмоқчи. Биз ҳам бу мавзуни чуқур ўрганишимиз керак”, – деди Тўқаев бу ҳақда.
Қозоғистон президентининг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида қўшимча мувофиқлаштириш ва ҳатто музокаралар олиб боришни талаб қиладиган масалалар бор, жумладан, гап газ соҳаси ҳақида кетмоқда.
Сўнгги пайтда халқаро ҳамжамиятда яккаланиб қолган Россия Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини бир маромда ушлаб қолишга интилмоқда. Чунки ғарб давлатлари тинимсиз киритаётган санкциялар оқибатида Россия иқтисодиёти оғир кунларни бошдан кечирмоқда.
Халқаро иқтисодий таҳлил билан шуғулланувчи ташкилотлар берган маълумотларга кўра, йил бошидан бери Россиянинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айирбошлаши бир неча мартага ўсган. Чунки бошқа давлатлар рус ҳукумати билан алоқа қилишни истамаяптилар, истаганлари эса йирик давлатлар киритган санкцияларни четлаб ўтиша олмаяпти.
Бунгача муносабатлари жиддий таранглашган Тўқаев ва Путин Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан декларация имзолаган эдилар. Лекин икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳамон яхши дейишдан олис.
Россиянинг раҳбарияти ва бир қатор сиёсатчилари Қозоғистон ҳақида “аввал бундай давлат бўлмагани, унинг бугунги ҳудуди асосан Россия “совға қилган” ерлардан иборат эканлиги” ҳақидаги гапларидан кейин, Қозоғистон ҳам шунга яраша жавоб берди.
Жорий йилнинг ёзида Қасим-Жўмарт Тўқаев кутилмаганда Владимир Путин иштирокида Санкт-Петербургда ўтган халқаро анжуманда Украина ҳудудида Россиянинг қўллови билан тузилган «ДНР» ва «ЛНР» деб номланган сохта давлатларни тан олмаслигини баён қилди. Бу билан Қозоғистон Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган урушини қўллаб-қувватламаслигини ошкора ва баралла айтди.
Бунгача худди шундай позициясини Ўзбекистон ҳам билдирган эди.
Путин яна қандай Иттифоқ тузмоқчи, бундан кўзланган мақсади нима ва бу ташкилотнинг бунгача тузилиб, ўзининг мутлақо самарасиз эканини кўрсатган МДҲ, КХДТ ва бошқа тузилмалардан фарқи нимада бўлиши ҳозирча маълум эмас.
Бу хабар тарқалгач, ижтимоий тармоқларда турли фикрлар кураши бошланди. Уларнинг аксарияти Путиннинг бу ташаббусига салбий муносабатда бўлса, Россиянинг тарафини олиб, гап фақат газ хусусидагина бораётгани ҳақида айтаётганлар ҳам бор.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди