Қирғизистондаги ўзбек театри Ўзбекистонда меҳмонда

Қирғизистонда катта ютуққа эришган мусиқали драма ўз муаллифи юртида намойиш этилди.

Куни-кеча ўзининг 105-чи мавсумини бошлаган Ўш шаҳридаги Бобур номидаги Ўш ўзбек Давлат Академик мусиқали драма театри ўшлик шоира Самарбону ҳаёти ва ижодига бағишланган мусиқали драмани ўзбекистонлик санъатсеварларга тақдим этди.

Қарийб 40 кишидан иборат ижодий делегацияни Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани мутассаддилари илиқ кутиб олдилар.

Спектакль режиссёри ва бастакор Маъмуржон Шокировнинг айтишича, бу премьерадан кейинги биринчи гастрол бўлди. Созандалар, актёр ва актрисалар, рассом, чироқ ва овоз усталари бутун бир жамоа якдиллик билан ишга киришдилар. “Самарбону” мусиқали драмаси Жалақудуқ туманидаги 18-мусиқа ва санъат мактабининг саҳнасида намойиш этилди.
Асли ўшлик бўлиб, Ўзбекистонга келин бўлиб тушган асар муаллифи Соҳибахон опа Ҳошимовага ҳурмат ва эҳтиром ила туман маданият маркази томонидан учрашув ташкил этилди. Ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси бўлган Соҳибахон Ҳошимова узоқ йиллар давомида Ўзбекистоннинг Ёрқишлоғида 11-ўрта таълим мактабида директор лавозимида фаолият юритган. Кўплаб ҳикоя, очерк ва драмалар муаллифи. Уч ўғил ва бир қизнинг меҳрибон онаси.

“Ёши 70ни қораласада, одатини тарк этмай, ҳамон жамоат ишларида, илм ва фан йўлида тинмай меҳнат қилмоқда. Бугунги икки давлат дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида кўприк вазифасини ўтаган устозимиздан ғоят миннатдормиз”, – дейишади Жалақудуқ тумани маданият соҳасида ишлаётган шогирдлари.
Ўқитувчилар, маданият ходимлари, маҳаллий аҳолининг санъатсевар қатламидан ташкил топган томошабинларга спектакль маъқул бўлди. Давомли қарсаклар, олқишлар, миннатдорчилик изҳорлари анчагача давом этди.

«Маҳаллий ҳокимият бош қўшган бу дўстлик учрашуви икки давлат санъаткорларини яқинлаштирди, – дейди театрнинг бадиий раҳбари Равшанбек Турсунов. – Кейинги сафар насиб қилса, яна кўплаб лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Бу ерга концерт ва комедияларимиз билан ҳам ташриф буюрамиз, деган умиддамиз».

Спектакль намойишидан сўнг меҳмонларни тумандаги машҳур “Зумрад текстиль” корхонасига таклиф қилдилар. Меҳмонлар Меҳрибон Абдураимова раҳбарлик қилаётган корхонанинг 2012 йилдан буён элга хизмат қилиб келаётганидан бохабар бўлдилар.

“Дастлаб ишлаб чиқарган товарларимизни ўз туманимизда, республикада тарқатиб, сотишни бошладик, – дейди Меҳрибон Абдураимова. – Кейинчалик эса ишчи кучларини кўпайтириб, маҳсулотларимизни Қирғизистоннинг пойтахти Бишкек шаҳрига олиб бориб сотишни йўлга қўйдик. Тоза пахтадан тикилган болалар ва катталар кийимлари бора-бора Италиягача экспорт қилинадиган бўлди”.

Бугунги кунда тумандаги 200 дан зиёд қиз-келинлар тикув цехида иш билан таъминланган. Ойлик маошлари ўртача 200-300 долларни ташкил қилади. Ишлаш учун, тушлик қилишга барча шарт шароитлар яратилган.

Корхона раҳбарияти меҳмонлардан келаси сафар ўз ишчилари учун алоҳида концерт дастурлари ва комедиялар билан ташриф буюришларини илтимос қилдилар ва ижобий жавоб олдилар.

Театр директори Аъзамжон Абдураззоқовга кўра, “Илгари, собиқ Иттифоқ даврида барча жалақудуқликлар ва ёрқишлоқликлар Ўшдаги катта текстилда ишлашган ва театримизнинг энг ашаддий томошабинларидан бўлишган. Бундан кейин мана шундай дўстлик учрашувлари кўп бўлади ва ҳамкорлигимиз давом этади”.

Жалақудуқ тумани ҳокимлиги ва театр дерекцияси томонидан Соҳибахон Ҳошимованинг меҳнатлари юксак эътироф этилиб, унга ва спектаклни ижро этган актёрлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш.

Расмларни Жалақудуқ тумани ҳокимлиги матбуот хизмати тақдим этган

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг