Шогирд хотираси: Ўзбек адабиётининг яна бир чинори қулади

Халқ шоири, таниқли адабиётшунос олим ўта оддийлиги ва юксак инсонийлиги билан ҳам маълум эди.

Ўзбекистoн халқ шоири, Жалолиддин Румий ва Шекспир асарлари таржимони сифатида мухлислар қалбидан ўрин олган ўзбек адабиёти фидойиси Жамол Камол энди орамизда йўқ. Жорий йилнинг 27 сентябрида чин маънода улуғ инсон дунёдан кўз юмди.

Бир қарашда қувноқ суҳбатдош, болалардек беғур қалб соҳиби, бир қарашда эса олимлар ақлини лол қолдиргувчи ақл эгаси бўлган буюк инсон билан бизнинг домламиз, таниқли олим раҳматли Иброҳим Ҳаққул таништирган эди. Ўша даврда Тошкент Фанлар Академияси, ўзбек тили ва адабиёти институти директори Тўра Мирзаев (Аллоҳ раҳмат қилсин) бошида турган забардаст олимлар орасида биз, шогирдлар ўзимизни жуда эркин ҳис қилар эдик. Биз, дугонам Хосият Бекмирзаева билан ҳар икки ойда 20 кунлик вақтимизни шу ерда ўтказар эдик. Албатта, устозларимиз билан тадқиқ қилаётган илмий ишларимиз ва ўша даврдаги адабий муҳит ҳақида узундан узун суҳбатлар қурардик. Қандай яхши кунлар эди…

Институтимиз “ФАН” нашриёти билан битта қаватда бўлиб, у ерга Жамол ака тез-тез ташриф буюрардилар. Келибоқ, ҳамюрти Иброҳим Ҳаққул хонасига кирмай қайтмасдилар. У ерда биз илмий раҳбаримизга ёзган мақолаларимизни навбатма навбат ўқиб, хато ва камчиликларини белгилаб ўтирардик. Буюк Халқ шоири эса жуда камтарин инсон бўлганлиги учун бизнинг чиқиб кетишимизга йўл қўймасди. Қайтанга, “Ўшдаги янгиликлардан гапиринглар, қизлар”, – деб ҳол аҳвол сўрардилар.

Домламизни бухороча шева билан юмшоққина қилиб, “Ибройимжон” дердилар. Бир куни, “Бу қирғизнинг қизларини ўқитаман деб, тушлик пайтини ҳам банд қилманг. Кетдик, бугунги тушлик мендан, қизларимизни меҳмон қилиб қўяй, мусофир билан ўтириб, тановул қилинган таомнинг савоби катта”, деб ўз машинасида олиб кетганларини ҳануз унутмаймиз. Тушлик пайтида илмий раҳбаримиз ҳам қизиқарли воқеаларни айтиб берган эдилар. Иккала устозимиз ҳам жуда самимий инсонлар эди. Охиратлари обод бўлсин.

Жамол ака ёшига нисбатан домламизда анча катта бўлса ҳам, жисмонан жуда чаққон эдилар. Машинани ўзлари ҳайдар, ғайрати, шижоати бизни хайрон қолдирарди. Ҳаётдан доим мамнун эдилар, фарзандларини сўрасак, Америкада улар, ўзларидан тинчишган, Алҳамдулиллаҳ, деб жавоб берганлар.

Бизга ўзининг 50 ёшдан кейин инглиз тилини ўрганишни бошлагани айтиб, “илмда, кечикдим деган сўз ножоиздир, қабргача илм излаш буюрилган”, деган эдилар. Тўрт йилдан кейин Шекспирнинг асарларини аслидан таржима қилиб, “ФАН” нашриётида яна бир ажойиб олимимиз, ўзимизнинг Жаббор Эшонқул директорлик пайтида китобларини нашр қилдирганлар. Сўнг, “Мана бу уч томлик китоб сизларнинг сепингиз бўлсин. Ота қизининг сандиғига энг қимматли совғани солиб қўяркан, сизлар ҳам қизимсизлар, мендан эсдалик бўлсин”,- деб ўша китоблардан совға қилган эдилар. Ҳануз китоб жавонимизда шу учта китобни меҳр билан сақлаб келамиз. Ўқиймиз.

Ҳазрати Румий асарларининг таржималари ҳақида гаплашиб ўтирганларимиз ҳам энг файзли даврларимиз бўлган эди.

Эсласам, хотираларим бисёр. Шавкат Раҳмоншунос олима, дугонамиз Раъно Муллахўжаева ёзган “Ўзимиз ёзиб, ўзимиз ўқиймизми?” номли мақоласини, Жамол Камол билан суҳбатини Ўшда “Ахборот” газетамизда чоп этганмиз. Ўшанда газетани кўриб, Жамол ака болаларча қувониб, шерикларига кўрсатгани, қирғизистонлик мухлислардан миннатдор эканини айтган эди. Жамол ака ана шундай камтар, билимдон инсон, тирик афсона эди, раҳматли.

Бизнинг маълумот:

Жамол Камол (Камолов Жамол) 1938 йилнинг 26 апрелида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Бухоро педагогика институтининг филология факультетини тугатган (1959). Ўзбекистoн Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлимида масъул котиб бўлиб ишлаган (1970-72 йиллар).

Тошкентдаги Faфур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир (1986-88), Ўзбекистoн Ёзувчилар уюшмаси раиси (1991-96) лавозимларида хизмат қилган.

Ўзбекистoн Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида аспирант ва илмий ходим (1972-86) бўлиб ишлаган. Лирик шеър тузилиши бўйича илмий тадқиқот олиб борган.

1992 йили Ўзбекистoн халқ шоири унвонига сазовор бўлган.

Жамол Камолнинг илк «Олам кирар юрагимга» шеърий тўплами 1968 йилда нашр этилган. «Чўққиларга ёғилди ёғду» (1970), «Тош туғёни» (1972), «Ҳасан ва ой» (1974), «Қуёш чашмаси» (1975), «Қадаҳ» (1978), «Достонлар» (1980), «Сувайдо» (1982), «Умидли дунё» (1988) каби шеърий тўпламларига кирган шеърларида мумтоз шеърий анъаналар билан замонавий шеърий жараён ўзаро уйғунлаштирилган.

Жамол Камол француз мумтоз адабиётининг намояндаси Буалонинг «Шеърий санъат» асарини, озарбайжон шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг Муҳаммад Фузулий ҳақидаги «Шабиҳижрон» достонини, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг олти китобдан иборат “Маснавийи маънавий” асарини, Шайх Фаридуддин Атторнинг асарларини, Абдураҳмон Жомийнинг ғазаллар китобини, Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг “Гулшани роз” асарини, буюк инглиз драматурги Вильям Шекспирнинг ўндан ортиқ асарларини бевосита инглиз тилидан ражима қилган. Александр Пушкиннинг “Моцарт ва Сальери”, Ян Райниснинг “Олтин тулпор”, Бартольд Брехтнинг “Сичуандан чиққан меҳрибон” асарларини рус тилидан, амиралмўъминин ҳазрати Али ибн Абутолибнинг шеърий девонини турк тилидан таржима қилган.

Жамол Камол шеърлари рус, инглиз, француз, поляк, украин, турк, озарбайжон, тожик ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш.

Сурат интернетдан олинди

 

 

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг