Чала-чулпа адолат: Журналист оқланди, лекин тўла эмас

Йирик амалдорлар пайтавасига қурт ташлаб келаётган Болот Темиров курашни давом эттирмоқчи.

Ўзининг тезкор ва қамровли суриштирувлари билан танилган суриштирувчи журналист Болот Темиров тўла эркинликда. Унга қўйилган икки айблов бўйича оқланиб, яна иккитаси учун суд жазо белгиламади. Лекин у ўзининг тўла оқланиши учун ҳаракатларини давом эттиришини маълум қилди. Бу воқеа нафақат Қирғизистон, балки ундан ташқарида ҳам акс-садо бермоқда.

Нуфузли халқаро ташкилотлардан биринчи бўлиб Европа Иттифоқи Болот Темировнинг иши бўйича суд қарорини олқишлайди. Бу ҳақда ташкилотнинг Қирғизистон Республикасидаги делегацияси матбуот хизмати хабар берди.

«Биз Қирғизистон ҳукуматини кейинги апелляция жараёнида миллий қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга тўлиқ риоя қилган ҳолда адолатли суд жараёнини таъминлашга чақирамиз. Европа Иттифоқи сўз эркинлигини таъминлаш ва барча журналистларнинг ўз касбий фаолиятини амалга оширишда шахсий хавфсизлигини кафолатлаш муҳимлигини яна бир бор таъкидлайди», – дейилади хабарда.

Суриштирувчи журналист Болот Темиров гиёҳванд моддаларни сақлаш ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда, ҳарбий билетини қалбакилаштириш ва Қирғизистон паспортини ноқонуний олишда айбланиб келаётган эди. Аввалги икки модда бўйича журналист оқланди, лекин қолган икки айблов бўйича суд уни айбдор деб топди, аммо иш бўйича жазога тортиш муддати ўтиб кетганганлиги сабабли жазо тайинланмаган ва судланувчини суд залидаёт озод қилган. Бундай қарорни 28 сентябрь куни Бишкек шаҳрининг Свердлов тумани суди қабул қилди.

Суд Темировга нисбатан “гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлаш” иши бўйича тергов холис ўтмаганини айтди. Бу ҳақда журналистнинг ўзи ҳам доим айтиб келган. Бундан ташқари, журналист чегарани кесиб ўтишда қонунбузарлик қилмаганини қайд этган. Бу айбловларни Темиров ўзига қилинган бўҳтон эканини исботлаб келаётган эди.

Суднинг ҳарбий гувоҳномани қалбакилаштириш ва ноқонуний равишда паспорт олиш бўйича қарорларига қарши Болот Темиров апелляция шикоятини беришини айтди.

“Бугун барча қирғизистонликларни табриклайман. Биз сўз эркинлиги учун бирга курашдик. Суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга имконият бердик”, – деди у суд қарорини изоҳлар экан.

Темиров энди ўзига гиёҳванд моддалар солиб қўйиб, кейин унга қарши жиноий иш қўзғаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун курашишини ҳам қўшимча қилди.

Бунгача журналистнинг ҳамкасблари ва фаоллар журналист Болот Темиров устидан ҳукм ўқиладиган Бишкекнинг Свердловск туман суди биноси ёнида митинг ўтказишди. Бир неча киши плакатлар билан чиқиб, айбланувчини оқлашни талаб қилишди. Ижтимоий тармоқларда норозилик чиқишлари уюштирилиб, петициялар эълон қилинди. Буларнинг ҳаммаси бир бўлиб, суднинг чала-чулпа бўлсада, адолатли қарор қабул қилишига олиб келди.

Бу иш юзасидан турли давлатлар ўзларининг ижобий баҳоларини бермоқдалар. АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси ҳам суриштирувчи журналист Болот Темиров ишига изоҳ берди. Бу ҳақда дипломатик ваколатхона “Twitter”даги расмий аккаунтида изоҳ қолдирилди.

“Болот Темировга нисбатан суд жараёни якунланганини олқишлаймиз. Журналистлар иши учун жазоланмаслиги керак. Демократия учун эркин матбуот жуда муҳим”, – дея таъкидлайди элчихона.

Элчихона Болот Темиров каби мустақил журналистларни ҳимоя қилиш ва жазодан қўрқмасдан ишлашга рухсат бериш кераклигини таъкидлаган.

Кейинроқ Буюк Британия элчихонаси ҳам худди шундай мазмундаги баёнот тарқатди.

Қирғизистон Медиа ҳамжамияти Болот Темировга нисбатан таъқибларни тўхтатишни талаб қилишда алоҳида фаоллик кўрсатди. Улар Болот Темировнинг ҳаракатларида ҳеч қандай жиноят йўқлиги сабабли унга нисбатан қўйилган барча айбловлар бўйича оқлашни талаб қилишди. Бу ҳақдаги очиқ мурожаатини «Медиа Полиси Институт» ташкилоти тарқатган эди.

Унда муаллифлар Россияда эълон қилинган қисман сафарбарликни ҳисобга олганда, Болот Темировнинг ҳаётидан «қаттиқ хавотирда эканликларини» қайд этишган. Яъни, унда Россия фуқароси паспорти бўлгани ва Қирғизистондан чиқариб юборилса, у Россияда урушга сафарбар қилиниши мумкинлигидан хавотир билдиришди. Чунки аввалроқ давлат айбловчиси Болот Темировни беш йилга озодликдан маҳрум қилиб, мамлакатдан чиқариб юборишни сўраганди.

«ОАВ ҳамжамияти бошиданоқ Болот Темировнинг жиноий жавобгарликка тортилишини бевосита унинг касбий фаолияти билан боғлаб, буни Конституция ва Қирғизистон ўзи аъзоси ҳисобланган халқаро шартномалари билан кафолатланган сўз ва мустақил матбуот эркинлигига босим сифатида баҳолади. Бу борада Президент Садир Жапаровнинг БМТ Бош Ассамблеясида Қирғизистон “БМТ Низомига изчил ва қатъий риоя қилиб, ўз бурчларини виждонан бажариб келмоқда”, деган сўзларини эсга олмаса бўлмайди», – дейилади медиа ташкилотлар тарқатган мурожаатда.

Хуллас, Болот Темировга нисбатан очилган жиноий ишлар унинг касбий фаолияти билан бевосита боғлиқ экани айтилмоқда. Чунки жорий йилнинг 20 январи куни журналистга тегишли Temirov Live канали МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевнинг яқинлари давлат корхонаси эълон қилган тендернинг ягона иштирокчиси ва ғолиби сифатида мазут сотиб, 30 миллион сўмдан ортиқ фойда кўргани ҳақида маълум қилган.

Икки кундан кейин, 22 январда милиция Temirov Live асосчиси Болот Темиров ва унинг ҳамкасби, тўкма оқин Болот Назаровни ҳибсга олди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда Темиров ва унинг жамоасига туҳмат қилувчи видеолар тарқала бошлади. Кейинроқ Темировга нисбатан юқори айтилган тўртта жиноий иш қўзғатилган.

Болот Темиров ва унинг ҳамкасблари кўп йиллардан буён йирик амалдорларнинг ноқонуний ишларига бағишланган турли матуриалларни тўплаб, мунтазам равишда эълон қилиб келишган.

Темиров бу жиноий ишларни МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев оиласининг «ишлари»ни ошкор қилгани учун кўрсатилган тазйиқ қатори баҳолаган. Адвокатлар журналистга қарши жиноий иш қўзғатилишини «бутунлай абсурд» деб аташган.

Аввалроқ Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (IPHR), Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC), Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси (HFHR) ва Фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари (CRD) ва бошқа халқаро ташкилотлар расмийларни суриштирувчи журналист Болот Темировга қўйилган айбловларни олиб, уни тўлиқ оқлашга чақирган эдилар.

Кўрсатилган ташкилот аъзолари ҳам Болот Темировга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар «сиёсий хусусиятга эга» ва «ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги коррупцияни тергов қилиш учун қасос олиши аниқ» деб билдиришган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг