Ўқитувчилар куни – илм, маърифат куни

Дейдилар, устоз жабри – ота меҳридан афзал, Шогирдларнинг иқболи – устоз жабрига бадал.

Илм – руҳнинг озуқаси. Устознинг меҳнати, ҳаракати билангина илм олинади. Илм-маърифат ўргатиш – катта савобли иш.

Устозлар “пайғамбарларнинг меросхўрлари” дея эъзозланади. Муаллим касби пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдан ҳам мерос, “Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, – деганлар у зот (Имом Ибн Можжаҳ ривояти). Улуғ муаллимимиз, пайғамбаримиз алайҳиссалом биз умматларга аввало илмни, ирфонни мерос қолдирди.

Бугунги кун муносабати билан давримизнинг энг долзарб муаммоларидан бўлиб қолган она тилимиз тақдири ҳақида сўз қилишни лозим топдик. Зеро, илм олиш йўлида тил асосий воситадир.

“Халқ ҳақида сақланиб қоладиган энг жонли гувоҳ – бу унинг суяги, фойдаланган иш қуроллари ёки қабри эмас, балки унинг тилидир” (Якоб Грим).

Ҳар миллат фарзандини ўз тилида ўқитиб, тарбия қилиши зарурий нарса эканлиги тарихда исботланган. Совет вақтида пойтахтимиз Бишкекда қирғиз тилида ўқитиладиган фақат битта ўрта мактаб бўлган. Яна битта мактабда ўзбек тилида таълим берилган бўлса, қолган мактабларнинг барчасида рус тилида ўқитилар эди. Бунинг заҳри кўп авлодларга тегди, натижада ҳанузгача Қирғизистоннинг шимолидаги аҳоли ўз она тилидан ҳам рус тилини яхшироқ билади, кўпроқ фойдаланади десак, муболаға бўлмайди.

Боланинг онги, характери, шахси шаклланишида она тилининг аҳамияти катта. 10-12 ёшгача бўлган давр инсоннинг асосий ривожланиш даври, бу даврда ҳар бир сўз, ҳар бир ҳаракат муҳим аҳамият касб этади. Оиладаги тил, ота-она, опа-ука сўзлаётган тил, алла, мусиқа, ҳатто жанжаллашиш мия фаолиятини ривожлантиради. Билимнинг дастлабки босқичини ўз она тилида олган бола, ўз тилида фикрлайдиган инсон ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, ҳамма соҳада муваффақиятга эришиши аниқ, чунки билим олиш даврида мия стрессга учрамай, тормозларсиз ишлаган ва ишлашда давом этади.

“Миллатнинг умрбоқийлиги унинг тили биландир” (Чингиз Айтматов).

Ўзбек тили, ўзбекча, туркий ўзбекча – туркий тил туркумидандир, дунё аҳолиси истеъмолидаги энг кўп сўзлашадиган тиллар рўйхатида турк тилидан кейин, 34 ўринда туради.

Ўзбек тилида Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистонда яшовчи аҳолининг каттагина қисми сўзлашади. Расмий маълумотларга кўра Қирғизистоннинг 15 фоиз аҳолиси ўзбек тилида гаплашади. Юқоридаги маълумотларга мувофиқ Қирғизистондаги ўзбек забон аҳоли фарзандларининг илм олиши даражаси қандай, мактабларнинг аҳволичи? Шулар ҳақида Қирғизистон халқ маорифи аълочиси, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Илтифотхон Отахонова билан суҳбатлашдик.

– Илтифотхон опа, давр, замон, маориф, тараққиёт ҳақида нималар дея оласиз?

-Маълумки ҳар жабҳанинг ўз даври бўлиб, уйғониш, ривожланиш, тараққий этиш даражаси ва қандайдир муддат сокинликда ўтадиган пайти бўлади. Маориф соҳасидаги 47 йиллик фаолиятим давомида мен шунга амин бўлдимки, маълум бир вақтда маорифда оддий бир ўқитувчи қўлида ягона бўр билан катта бир оламни кашф этиб, ўқувчи онгига сингдира олган. Эндичи, тараққиётнинг юксак чўққилари забт этилган шу замонда ўқувчи қалбига йўл топишни эплай оляпмизми, ўқувчини англай оляпмизми, ўқувчи бизни тушунаяптими?

Ўқитувчининг, адабиёт ўқитувчисининг елкасига қўйилган юк залворли, лекин адабиёт оламига ўқувчини олиб кириш бу нечоғли бахт.

– Ҳозирги кунда мактабларимизнинг ҳолати ҳақида фикрларингиз?

– Бугун Марказий Осиё давлатлари маорифида ягона бир умумий муаммо бор деб ўйлайман. Яъни, фарзандларининг инон-иҳтиёрисиз, ота-она ўзларининг хоҳиши билангина болани она тилидаги мактабга эмас, рус тилида ўқитиладиган мактаблар ёки синфларга ўқишга бериши. Бола ўз тили, адабиёти, урф-одати, миллий қадриятларини бир чеккага қўйиб, рус тилида ўқиши дунёни таниш учун, дунё қобиқларини ёриб чиқиш учун болага зарурдир, лекин бола аввало ўз она тилида дунёни таниши, дунё илмларидан бохабар бўлиши муҳимроқ эмасмикан, айниқса, адабиёт борасида бу – тамомила зарурат деб биламан.

70-йиллар бошларида шаҳарда 30 дан ортиқ ўзбек тилли мактаблар мавжуд бўлиб, минглаган ўқувчилар илм олишар эди. Ҳозирда рус тилли мактаблар жуда кўпайди, саноқли синфларгина ўзбек тилида қолди, бу жуда ҳам ачинарли ҳол. Эртага ўзбек тилидаги синфларни деярли қолмаслиги кишини ваҳимага солади, биз энди Навоийни, Бобурни, Абдулла Ориф, Эркин Воҳидовларни танимай ўтиб кетамиз… Эҳтимол, бу ўтиш давридир, балки туркий халқлар маданияти, адабиёти бирлашар, ана шу кунларга етишни орзу қиламан.

– Келажагимиз ҳақида фикрингиз, умидларингиз қандай?

– Илдизлари исломдан, шарқ маданияти, одобидан руҳланган адабиётимиз бугун кундага бошини қўйган жиноятчини қўлидан ушлаб туриш каби оқибат, қадрият, гўзал бир хулқимизнинг белгисини ўқувчиларга етказа олармиканмиз? Бунга биз ўқитувчилар ҳар биримиз масъулмиз. Азиз ота-оналар, азиз миллатдошлар, мен миллатпарварлик тушунчаларини эҳтимол бошқачароқ таъриф билан айтаётгандирман, миллий қадриятларимиздан, маданиятимиздан, гўзал адабиётимиздан бебахра қолаётган болаларимизни миллий тилимизга, миллий мактаб, она тилимизга қайтаришимиз керак!

Келажагимиз, фарзандларимиз, миллатимиз улуғ устозларимиз қўлида, улардан умидимиз катта. Жонфидо, миллатпарвар, фидоий ўқитувчиларимизнинг умрлари узоқ бўлсин.

Мақоламизнинг охирида ўшлик шоира Барно Исоқованинг шу мавзудаги шеърини келтириб ўтишни лозим кўрдик.

Она тилим

Қулоғимда биринчи бор янграганим,

Мен сенимас, Ўзинг мени танлаганим,

Онагинам алласида тинглаганим,

Она тилим, ўзинг мени жону дилим,

Сенинг билан бийрон эди менинг тилим.

Қошғарийдан мерос бўлиб сўзлаганим,

Лутфий каби сўз лутфини кўзлаганим,

Сенсиз гунг, лол, етимдайин бўзлаганим,

Шу тил билан дунёларни кезган элим,

Зулмлардан, тазйиқлардан безган тилим.

Кечир тилим, қадрингга мен етолмадим,

Сен ҳақингда гўзал ашъор битолмадим,

Софлигингни асраб, сақлаб тутолмадим,

Боламга ҳам беролмадим, лойиқ илм,

Бугун мана армондаман, кечир тилим.

Жиянларим сўзлашади ажнабийда,

Эътирози тайёр, ахир бу – табиийда!

Шунча бойлик қолиб кетса Навоийда,

Кимга керак фойдаси йўқ, бекор билим,

Хазинаси сир тутилмиш, эсиз тилим.

Набирамнинг ёши бирга қараб кетди,

Хатоимни тузатишга фурсат етди,

Ибн Сино, Бухорийлар ёзиб ўтди,

Ўргатаман; набирамга қилмай зулм,

Ҳали яна яшнаб кетар Она тилим!

Барча устозларимизни, у ёки бу даражада мураббийлик юкини елкасига олган ҳар бир юртдошимизни анъанавий Ўқитувчилар куни билан табриклаймиз. Уларга мана шу мураккаб даврда сабр-тоқат, сиҳат-сиҳатлик ва ишларида улкан зафарлар тилаймиз.

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг