Ҳеч ким ўлишни истамаяпти. Россияликлар сафарбарликдан қочмоқдалар

Россия армияси сафларини Марказий Осиёдан борган янги фуқаролар ҳам тўлдириши мумкин.

Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрь куни Украинадаги урушга жўнатиш учун қисман сафарбарлик эълон қилгач, имкон топганки россиялик эркаклар урушга бормаслик учун мамлакатни ташлаб қоча бошладилар. Путиннинг Россия халқига мурожаатида у сафарбарлик бугундан бошланади, деб айтди ва шундан сўнг бир неча соат ўтиб-ўтмай, кўпчилик эркакларга ҳарбий хизматга чақириқ қоғозлари кела бошлаган.

Гарчи президент Путин урушга фақат ҳарбий хизмат ўтаганлар ва аниқ бир ҳарбий мутахассисликка эга бўлганларгина чақирилади деган бўлсада, чақириқ қоғозини умуман армияга бормаганларга ҳам топширмоқдалар.

Жамиятда ваҳима туғдирган фармон

Фармон эълон қилинган куннинг эртаси Россия фуқаролари визасиз кира оладиган барча давлатлар йўналишлари бўйича самолётларга чипталар бир неча кун олдиндан сотилиб бўлган. Камига чипталар нархи осмонга чиқиб кетган. Авиа чипталар сотиладиган сайтларга кирсангиз, нархлар гўёки аввалгидек, лекин кассага борганда бир неча баробар кўп пул тўлашга тўғри келмоқда.

Европа ва бошқа кўплаган давлатлар Россия учун ўз ҳаво йўлларини ёпиб қўйгани боис, ҳозир россияликлар Марказий Осиё давлатларига, Арманистон, Грузия, Беларус ва Мўғулистонга чиқиб кета олишлари мумкин. Табиийки, бу йўналишларда чипталар нархи кўтарилиб кетган. Масалан, 25 сентябрь кунга Москва-Ереван рейси чиптаси 5500 АҚШ долларигача кўтарилган. Бир ҳафта олдин бу пулга 20та чипта олиш мумкин эди.

Россиялик кўпроқ келаётган Қирғизистонга ҳам чипталар қимматлаган. Масалан, 26 сентярь куни Москва-Бишкек йўналишидаги чипта нархи 170 минг рублга чиққан. Бир ҳафта олдин бу пулга бўлмади, деганда 10 та чипта берарди.

Мамлакатни автомобиль транспортида тарк этишни истаганлар ҳам жуда кўп. Оммавий ахборот воситалари ҳозирда Россия билан Қозоғистон ҳамда Грузия чегарасида Россиядан келаётган машиналар бир неча чақирим навбатга тизилиб қолгани ҳақида ёзишмоқда.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳаммаси бўлиб 300 минг одам сафарбар қилиниши ҳақида айтсада, президент фармонининг айнан шу масалага тегишли банди сир тутилмоқда. Яъни, матбуотда эълон қилинмади. Айрим манбаларнинг тахмин қилишича, аслида гап 1 миллион одам ҳақида кетмоқда. Бунча аскарнинг рус армиясига нима кераги бор? Путин ўз мурожаатида Украина билан фронт чизиғи минг чақиримдан ортиб кетгани ва шу боис фронтни етарли куч билан таъминлаш зарурати пайдо бўлганини айтди.

Лекин ҳарбий экспертларнинг фикрича, бугунги кунда сон билан эмас, сифат билан жанг қилинади. Яъни, уруш натижасини армиянинг сони эмас, замонавий техника, кучли стратегия ва тактика ҳамда аниқ ва тўла маълумот, разведка ҳал қилади.

Аслини олганда ҳам, янги чақирилган, уруш тажрибасига эга бўлмаган одамларнинг фронтга қанчалик фойдаси бор? Ахир Украина томонда Путиннинг ўзи таъкидлаб айтганидек, НАТОнинг маслаҳатчилари ва тажрибали, профессионал ёлланма аскарлари жанг қилишяпти-ку? Ғарб эса, биринчи галда АҚШ, Украинага жуда катта миқдорда замонавий қурол-яроғ етказиб бермоқда, украин ҳарбийларини космос орқали олинган разведка маълумотлари билан таъминламоқда.

Иш излаб… фронтга

Мана шу маънода Россиядан келаётган яна бир хабар ташвиш туғдирмоқда. Урушга сафарбарлик кампаниясига Марказий Осиё давлатларидан борган меҳнат муҳожирлари ҳам фаол тортила бошлаганлар. Тўғри, улар қачонлардир ўз ихтиёри билан Россия фуқаролигини олган бўлсалар, энди бу давлат қонунларига бўйсунишлари керак. Лекин уларнинг ҳарбий тайёргарлигичи? Уларнинг кўпчилиги армияда хизмат қилмаган, ёки ўз давлатларида 1 ёки 1,5 йиллик хизматни эплаб ўтаган бўлишлари мумкин.

Яна бир тўла тасдиқланмаган маълумотга кўра, айрим жойларда Россия ҳудудида ноқонуний юрган, ёки муҳожирлик ҳақидаги қонунларнинг айрим талабларини бузган меҳнат муҳожирлари кўчаларда ушланиб, жазодан қутулиб қолиш эвазига Украинага кўнгилли сифатида боришга мажбур қилинмоқда.

Ёки аксинча, Россия паспортини олишни истаганларга катта пул эвазига урушга бориш таклиф қилинмоқда. Путиннинг мурожаатидан бир кун аввал Москва мэри Сергей Собянин Россия фуқаролигини олмоқчи бўлган хорижликларни ҳарбий хизматга жалб қилиш бошланишини маълум қилди. Яъни, Россия Қуролли кучларида хизмат қилиш учун бир йиллик шартнома тузганлар тез ва енгил йўл билан Россия фуқаролигини олишлари мумкин. Бундан сал аввалроқ Россия Думаси тегишли қонунга тузатишлар киритган.

Урушга бориш эвазига 300 минг рубл бир марталик пул ва Россия паспорти таклиф қилинмоқда. Лекин ўша пул ва паспортни олиш учун бир йил давомида жангу-жадалга қатнашиб, тирик қолиш керак.

Ўзини Москва ва Москва вилояти қирғиз диаспораси раиси деб таништирган Қубаничбек Осмонбеков эса қирғизистонликларни ёлғон маълумотларга ишониб, ваҳимага тушмасликка чақирди. Унинг айтишича, муҳожирларни сафарбарликка тортилаётгани ҳақида россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик тарқатмоқда. Осмонбековнинг фикрича, Чупик буни ўзини мамлакатга киритмай қўйгани учун Россиядан ўч олиш мақсадида қилмоқда.

Лекин шу нарса маълумки, Валентина Чупик кўп йиллардан бери айнан Марказий Осиёдан борган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиб, Россия расмий идоралари билан тортишиб, судлашиб келади. У минглаб юртдошларимизга ойлик маошларини олишга, ноқонуний ғибслардан қутулишга ёрдам бериб келган. Шу сабабли уни ҳатто ҳазиллашиб, “муҳожирларнинг онаси” деб ҳам қўйишади. Валентина Чупикнинг телефон рақамини минглаб муҳожирлар сақлаб қўйишган ва улар исталган вақтда ёрдам сўраб, Чупикка мурожаат қилишлари мумкин.

Икки ўт орасида

Уруш бошлангандан буён рус армияси сафида Украинада жанг қилаётган ўзбек, қирғиз ва бошқа миллатлар орасидан чиққан кўнгиллилар ҳақидаги хабарлар чиқа бошлагач, Ўзбекистон, Қирғизистон ва куни-кеча Тожикистон ҳукумати ҳам расмий равишда баёнот тарқатиб, ўз фуқароларини Россия-Украина урушига аралашиб қолмасликка чақирдилар.

Уч давлатнинг ташқи ишлар вазирликлари бу мамлакатлар қонунларига кўра, чет давлатларнинг ҳарбий қисмлари ёки ҳарбийлаштирилган қисмларига ёзилиш, уларда хизмат ўташ ва айниқса, уруш ҳаракатларида иштирок этганлари учун жиноий жазога тортилишлари ҳақида огоҳлантирдилар.

Масалан, Тожикистон қонунларида мамлакат фуқароларининг хориждаги жанговар ҳаракатларда иштироки учун 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш қаралган. Бу қонун асосида бир неча тожикистонликнинг Суриядаги жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун узоқ муддатга қамалгани маълум.

Ўзбекистон қонунларига кўра, бошқа давлат ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш ёки хизматга ёлланиш беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Мамлакат фуқаросининг чет давлатлар ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларида хизматга қилиши 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.
Бундай жазо чоралари Қирғизистон ва Қозоғистон қонунларида ҳам қаралган. Албатта, бу ерда гап мана шу давлатларнинг фуқаролари ҳақида кетяпти. Лекин масала шундаки, кўпчилик меҳнат муҳожирлари айниқса қирғизистонликлар, Россия фуқаролигини олишда ўз давлатлари паспортларини ҳам топширишмаган. Демак, урушга бормаса, Россия қонунлари бўйича жазога тортилади, борса, кейинроқ ўз ватанида қамалиб кетиши мумкин. Уйига қайтиб келиш насиб этса, албатта.

Россияликлар яна қўрқитишга ўтишди

Марказий Осий давлатлари ўз ватандошларини Россия-Украина урушида қатнашмаслик ҳақида расман огоҳлантиришгач, Россия расмийлари бу мамлакатлардан чиққан меҳнат муҳожирларини Россия фуқаролигидан чиқариб юбориш билан таҳдид қилишди.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгашининг аъзоси Кирилл Қабанов ўз телеграм-каналида маълум қилганидек, бу ҳақда қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.
Қабановнинг ёзишича, қонун лойиҳасида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан келиб, Россия фуқаролигини олган шахслар ҳарбий хизмат ўташдан бош тортган тақдирларида уларни ҳамда оила аъзоларини Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш кўзда тутилмоқда.
“Бу ташаббуснинг амалга оширилиши юқорида номлари зикр этилган мамлакатлар расмийларининг ўз фуқароларини жиноий жавобгарлик билан қўрқитиб, “махсус ҳарбий амалиёт”да ихтиёрий равишда иштирок этишни тақиқлашига нисбатан муносиб жавоб бўлади”, деб ёзган Кирилл Қабанов.

Қисман сафарбарлик эълон қилингач, Россиянинг ўнлаб шаҳарларида бунга қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда. Полиция намойишчиларни куч билан тарқатиб, эркак иштирокчиларга ҳарбий хизматга чақириқ қоғозини топширмоқда. Россиянинг “ОВД-инфо” ташкилоти берган маълумотга кўра, Путин мурожаат билан чиққан куни, яъни 21 сентябрнинг ўзида 38 та шаҳарда норозилик намойишлари ўтиб, уларда иштирок этган 1300 дан ортиқ киши қўлга олинган.

Вазият тобора таранглашмоқда

Владимир Путиннинг мурожаати нафақат россиялик ва у ерда меҳнат қилаётган меҳнат муҳожирларини, балки бутун дунёни ташвишга солди. Армияга қўшимча 300 минг кишининг жалб қилиниши Украина билан бўлаётган урушнинг кўлами ва жиддати янада ортиши мумкинлигидан дарак бермоқда.

Шу кунларда ўзларини мустақил давлат сифатида эълон қилган Луганск ва Донецк вилоятлари ҳудудида Россияга қўшилиш ҳақида шошилинч референдум бўлиб ўтмоқда. Бундай референдум қисман Херсон ва Запорожье вилоятларида ҳам ўтказилади. Бу билан ушбу ҳудудларни қўллаб-қувватлаётган Россиянинг ортга қайтмасликка қатъияти етарли эканини намойиш қилса, иккинчи томондан бу ўртадаги уруш янада шиддатли тус олиши ҳақида дарак беради. Эслатиб ўтамиз, Украинага ҳужум бошлашдан бир кун аввал Россия шошилиш тарзда номи аталган вилоятларни давлат сифатида тан олган эди.

Бунинг устига яқинда Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан музокаралар олиб бориш бефойда экани ва номи аталган икки вилоят ва ҳатто Қримни ҳам қуролли кучлар ёрдамида озод қилишга бел боғлаганини маълум қилди.

Энг хавфлиси, Путин ўз мурожаатида яна бир бор Россия ядровий қуролларининг қудрати ҳақида айтиб, давлат суверенитетини, ҳудудий бутунлигини сақлаб қолиш учун улардан фойдаланиши мумкинлигини айтди. “Бу – довдираш эмас”, – деди Путин.

Бунгача ҳам Россия раҳбари бир неча бор мамлакатнинг ядровий қуролларига ишора қилиб гапирган ва бунга жавобан АҚШ президенти Жо Байден уни ўт билан ўйнашмасликка чақирган эди. Бу сафар ҳам АҚШ ва НАТО раҳбарияти Россияни ядро қуролини қўллашдан воз кечишга чақирди ва акс ҳолда шунга яраша жавоб бўлиши ҳақида жиддий огоҳлантирди.

Россияда қисман сафарбарлик Украинанинг Харьков вилояти яқинидаги муваффақиятли қарши ҳужумларидан кейин эълон қилиниши, қайсидир маънода Россия раҳбариятининг урушдан кўзлаган режалари пучга чиқиб, қайсидир даражад қўрқувга тушганидан дарак беради. Аввалига Киевни қўлга олиш мақсадидан чекинган Россия энди бу йўналишдаги аскарларини тўлалигача Донецк йўналишига кўчирди.

Ҳозир фронтларда нисбатан жимжитлик ҳукм сураётган бўлса-да, ҳар икки томон вақти-вақти билан бири бирини ўққа тутиб турибди.

Бобур Мирзоев, Оқбура учун.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг