Ёлғонни ҳам эплаган гапирсин экан: Тожикистон уят, номус нималигини унутдими?

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон тарқатаётган навбатдаги бўҳтонларга раддия берди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг сўнгги кунларда ушбу давлат фуқаролари ва Қирғизистонда истиқомат қилаётган этник тожикларга нисбатан босим, қўрқитиш, камситиш ва таъқиб қилиш ҳолатлари кўпайгани ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди.

ИИВ матбуот хизмати тарқатган хабарда таъкидланишича, Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашувдан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари Бишкек ва бошқа шаҳарлардаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган тожик миллатига мансуб фуқаролар хавфсизлигини таъминлаган. Ички ишлар органлари ходимлари университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан мунтазам алоқада. Хорижий давлатлар, жумладан, Тожикистон элчихонасини ҳимоя қилиш ҳам кучайтирилган режимда амалга оширилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг Қирғизистонни жаҳон ҳамжамиятига номақбул суратда кўрсатишга уринишдан тўхтамаётганини эътироф этар экан, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёнотида айтилган даъволар бўйича бирма-бир жавоб берди. Жумладан, ИИВ матбуот хизмати томонидан текширилиб, ўз тасдиғини топмаган қуйидаги фактларни келтиради:

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Қадамжой туманида этник тожикларнинг савдо дўконлари ёпилгани, чегара ҳудудларидан эвакуация қилинган Қирғизистон фуқаролари тожик миллатига мансуб фуқароларнинг уйларига атайлаб жойлаштирилгани таъкидланган.

“Текширув давомида дўконларнинг ёпилиши ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади. Эвакуация қилинганларни қирғизистонлик тожикларнинг ўз уйларига жойлаштиришига келсак, улар буни ўз ихтиёрлари билан амалга оширганлар. Уларни жамиятда фаол позицияни эгаллаганликлари учун қоралашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дейилади ИИВ баёнотида.

Бунга қўшимча, Қирғизистондаги тожик диаспораси раҳбари Мавлянжон Абдураззоқов ҳам Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг Қирғизистон Республикасидаги Тожикистон фуқаролари ва этник тожикларга нисбатан қўрқитиш, камситиш ва таъқиб қилиш ҳолатлари гўёки оддий, кенг тарқалган жиноятчиликка айлангани ҳақидаги баёнотини рад этди.

Абдураззоқов Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларни ўқиб чиққач, Тожикистоннинг Қирғизистондаги элчихонасига шахсан мурожаат қилганини таъкидлади.

“Қирғизистонда ҳеч ким этник тожикларга зулм қилмайди. Мен Қадамжой тумани Учқўрғон қишлоғида яшайман, бу ердаги аҳолининг 80 фоизи тожиклар. Ҳа, эвакуация қилинган Боткен вилояти аҳолисини қабул қилдик. Аммо бу ихтиёрий [қарор] эди. Бизни [бунга] ҳеч ким мажбурламади”, – дейди Мавлянжон Абдураззоқов журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, шу вақт ичида қирғизистонлик тожикларга нисбатан бирорта ҳам таъқиб ёки этник сабабларга кўра куч қўллангани ҳақида хабар берилмаган.

Тожикистон тараф расмий тарқатган маълумотда айтилганидек, Ўш вилоятида “Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати мухбири, тожик миллатига мансуб Насибахон Давронбекова исмли аёл номаълум шахслар томонидан этник сабабларга кўра калтаклангани ҳақидаги маълумотлар ҳам ғирт ёлғон, юзсизларча бўҳтондан иборат. Бу баёнот чиққач, “Озодлик” радиоси Қирғизистонда бунақа журналисти йўқ экани ва умуман бўлмаганини айтиб чиқди.

Аслида калтакланган журналист Давронбек Насибхонов бўлиб, у ҳам бу баёнотга ўз муносабатини билдирди. Унинг ижтимоий тармоқларда ёзишича, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз сайтида унинг исми-шарифини ўзгартириб, миллатини тожик ва “Озодлик” радиоси ходими эканлигини таъкидлаган.

«Менинг жинсим эркак ва мен «Озодлик»нинг қирғиз хизматига алоқадор эмасман. Мен Қирғизистон фуқаросиман, миллатим ўзбек. Дарҳақиқат, воқеа (журналистнинг калтакланиши. – таҳр.) 17 сентябрь куни Ўшдаги марказий майдонда содир бўлган. Бу алоҳида мавзу», – деб ёзади журналистнинг ўзи. Шунингдек, у ўзининг Тожикистон билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва мазкур давлат ТИВи уни «этник тожик» сифатида кўрсатиб, сиёсий мақсадларда фойдаланмаслиги кераклигини айтган.

Аслида Насибхонов «Америка овози» радиоси ва «Клооп» интернет нашрининг ўзбек тилидаги бўлими билан ҳамкорлик қилади.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Тожикистон тараф айтган навбатдаги даъво – Ўш вилоятидаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 500 дан ортиқ тожикистонлик талабаларни депортация қилишни режалаштираётгани ҳақидаги маълумот ҳам тасдиқланмади.

Шунингдек, 19-сентябрь куни Тожикистон Республикаси фуқароси А. Алиевнинг Бишкек шаҳрининг Ленин тумани ички ишлар бўлимига етказилгани ва сўроқ қилингани ҳақидаги кенг тарқалган маълумот ҳам ўз тасдиғини топмаяпти.

“Мамлакатимизда вақтинча ишлаётган Тожикистон фуқароларига Боткен вилоятидаги жабрдийдаларга пул ўтказишга мажбурлаш мақсадида уларга нисбатан босим ва таҳдидлар қилингани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, – дейилади ИИВ хабарида. – Жабрланганлар учун маблағ ундиришда қатнашиш ёки қатнашмаслик ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқидир, уларни мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”.

Тожик расмийларининг бу даъвосини тожик диаспораси раҳбари Мавлянжон Абдураззоқов ҳам инкор этди.

“Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, бизни Боткенда жабрланганларга ёрдам бериш учун пул йиғишга мажбурлашган. Бундай ҳолат бўлмаган. Ҳамма нарса ихтиёрий равишда амалга оширилади. Масалан, иш жойида ҳамкасбларим ўзлари боткенликларга ёрдам бериш учун бир кунлик маошни ўтказишга қарор қилишди”, – деди диаспора раҳбари.

“Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг миллатига кўра таъқиб қилингани ҳақидаги даъволарини асоссиз деб ҳисоблайди. Ишончимиз комилки, жаҳон ҳамжамияти Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан атайин бузиб кўрсатилган ёлғонларни эмас, балки тасдиқланган ишончли маълумотларни эътиборга олади”, дейилади Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.

Қирғизистон томондан берилган асосли раддиялардан кейин Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бўхтонлардан тузилган баёнотини ўз сайтидан олиб ташлашга мажбур бўлди. Ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш ғами билангина яшаётган Эмомали Раҳмон ва унинг гумашталари икки дўст халқлар ўртасига раҳна солувчи қилғиликни қилиб қўйиб, яна уялмасдан бўҳтон уюштиришга интилаётгани қизиқ. Жилла бўлмаса, ёлғонни ҳам сал ўхшатиб қилишса экан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан айтилган қатор маълумотларни асоссиз эканини далиллаб, рад этган эди.

Яъни, 19-сентябрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Содиқа Имоми 14-17-сентябрь кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасида бўлиб ўтган қуролли тўқнашув юзасидан ўтказилган брифингда Қирғизистонда тожик миллатига мансуб фуқаролар таъқиб қилинаётганини айтиб чиққан эди.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 14-сентябрда бошланган қуролли тўқнашув 16-сентябрда авж олган. Бу тўқнашувда камида 59 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган, 185 дан ортиқ киши турли даражада жароҳат олган. 140 мингдан ортиқ аҳоли хавфсиз жойларга кўчишга мажбур бўлди. Тожикистон ТИВ берган маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувда 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиғи жароҳатланган.

Қирғизистон расмийлари воқеани давлат ҳудудий бутунлигига қарши тажовуз ва Тожикистон томони уюштирган ҳарбий ҳужум деб атади. Тожикистон томони ҳам бу воқеани ўзига қарши агрессия деб атайди ва Қирғизистонни можарони кескинлаштиришда айблайди. Бироқ йиғилган турли ҳужжатли далиллар, жумладан сунъий йўлдошлар ёрдамида олинган расмлар ҳам Тожикистон томоннинг даъволари асоссиз эканини кўрсатмоқда.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров яқинда БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида бу тўқнашув ҳақида батафсил маълумот бериб, икки давлат ўртасидаги чегара муаммоларини ҳал қилишда жаҳон ҳамжамияти қабул қилган режаларга амал қилишга тайёр эканини ва Тожикистон томоннинг ҳам уларга риоя қилишини талаб қилди. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон касаллигини важ қилиб, Нью-Йоркга, Бош Ассамблея йиғилишига ҳам бормади.

Бугунги оғир вазиятни изга солиш ва чегара муаммоларини тинч, музокаралар йўли билан ҳал қилиш ва энг муҳими, асрий дўстона алоқаларга эга бўлган қирғиз ва тожик халқлари ўртасига тушган совуқликни тезроқ бартараф қилиш учун оқни оқ, қорани қора деб тан олиш, ўзаро муносабатларда самимийлик ва ҳалоллик жуда муҳим рол ўйнайди.

Чегарада бўлиб ўтган воқеалар юзасидан Қирғизистон Бош прокуратураси Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “Тинчликка қарши жиноятлар” моддаси бўйича жиноий иш қўзғади.

Қирғизистон Чегара хизмати 18-сентябрь кечга яқин чегарадаги вазият барқарорлашгани ҳақида хабар берган. Шундан бери чегарадаги вазият ҳамон таранг, лекин нисбатан барқарор бўлиб турибди. Вақтинча ўз уйларини ташлаб кетган аҳоли аста-секин уйларига қайта бошлади. Афсуски, улардан кўпчилигининг уйлари таланиб, ёқиб юборилган. Сўнгги расмий маълумотларга қараганда, қуролли тўқнашув чоғида 600дан ортиқ уйларга шикаст етказилган, уларнинг кўпи бутунлай бузилиб кетган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг