Чархпалак: Россияликлар оммавий турда Ўрта Осиёдан бошпана изламоқдалар

Россиядаги ҳарбий сафарбарлик Евроосиё минтақасида демографик вазиятга таъсир қиладими?

Қирғизистон рақамли ривожланиш вазирлиги берган маълумотга кўра, жорий йилнинг 8 ойи мобайнида мамлакатда 170 мингдан ортиқ россиялик фуқаро вақтинчалик яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 141 минг кишини ташкил қилган, яъни бу йил Россиядан Қирғизистонга деярли 29 минг киши кўпроқ келган.

Бундан келиб чиқадики, россияликлар иш излаб ёки тинчроқ яшаб туриш учун авваллари ҳам келиб туришган, лекин Украинадаги уруш бошлангач, бу жараён тезлашган. Айниқса, 21 сентябрь куни президент Путин қисман сафарбарлик эълон қилгач. Вазирлик 21 сентябрдан буён, яъни 4-5 кун ичидаёқ 3,5 мингдан кўпроқ Россия фуқароси Қирғизистонда вақтинчалик яшаб туриш учун рўйхатдан ўтганини маълум қилди.

Шу кунларда жаҳон оммавий ахборот воситалари сафарбарлик эълон қилингач, Россиянинг ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин бўлган ёшдаги эркак фуқаролари зудлик билан мамлакатни тарк этаётгани ҳақида хабарлар билан тўлиб кетди. Фармон чиққан куниёқ самолётга чипталар сотилиб бўлган ва уларнинг нархлари осмонга чиқиб кетган. Масалан, 27 сентябрь куни Москва-Бишкек йўналишидаги чипталар нархи 170 минг рублга чиққан. Шундай бўлса ҳам, бу йўналишда чипта топиш осон бўлмаяпти.

Россияликлар чиқиб кетиши мумкин бўлган давлатлар – Беларус, Грузия, Мўғулистон, Арманистон ва Марказий Осиё давлатлари билан чегараларда ҳам россияликлар сони кескин кўпайиб, бир неча чақиримгача навбатлар пайдо бўлган. Россия расмийлари бу маълумотларни рад этишга ҳаракат қилмоқдалар ва айрим маълумотларга кўра у ердаги эркакларга ўша ернинг ўзида чақириқ қоғозини топширмоқдалар.

Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, Россияда уч марта сафарбарлик эълон қилинган ва деярли ҳар сафар бу оддий фуқароларнинг норозилиги ва жиддий қаршилигига учраган.

Бу биринчи ва иккинчи жаҳон урушлари даврида ва учинчиси яқинда, 21 сентябрда содир бўлди. Гарчи Россия ҳукумати сафарбарликка аввал ҳарбий хизмат ўтаган, жанговар тажрибага эга бўлган 25 миллион кишилик заҳирадаги аскарлардан 300 минг нафари, ёки 2 фоизигина, заруратга қараб, босқичма-босқич урушга сафарбар қилинишини айтган эсада, бунинг оғирлиги Россия фуқаролигини олган меҳнат муҳожирлари елкасига ҳам тушиши мумкинлигидан кўпчилик хавотирда.

Айниқса, сафарбарликнинг тўсатдан эълон қилиниши ва ўша куннинг ўзиданоқ амалга оширила бошлаши ҳаммани ваҳимага солди.

Шу вақтнинг ўзида, 23-сентябрдан тортиб, Россия давлати ижтимоий тармоқларни, телефон орқали қисқа хабар ва сўзлашувларни ўз назоратига олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Одамлар бири бирини ҳар хил хабарлар тарқатишда, видео ва аудио ёзувларни тарқатишда эҳтиёткорлик, хушёрликка чақиришмоқда. Чунки уруш ҳақидаги салбий фикрлар учун Россия фуқаролари йирик жарималарга тортилиб, машҳур шахслар омма олдида беобрў қилинмоқда. Урушга қарши намойишга чиққанлар ҳам куч ишлатиб тарқатилмоқда. Муҳожирлар эса, расмийларга ёқмаган сўз ёки ҳаракат учун 5 йил муддатдан бошлаб депортация қилиниши ёки жаримага тортилиши мумкин.

Бугун Қирғизистонда деярли етмиш фоиз оиланинг бирорта ёки бир нечта аъзоси Россияда ишлайди. Улардан кўпчилиги Россия фуқаролигини олган, яна анчагина қисмида иккинчи фуқаролик, яъни Қирғизистон паспорти ҳам бор. Шу сабабли Ўрта Осиёдан борган ҳар хил ёшдаги, турли жойларда ишловчи, ҳатто 40-45 ёшли муҳожирлар ҳам саросимага тушиб қолишган.

Меҳмондўстликнинг чегараси борми?

Ўрта Осиё халқлари азалдан меҳмондўст ҳисобланади ва буни бутун дунё тан олган. Инсонийлик, меҳри дарёлик ва кенгбағирлик намуналарини бу халқлар Икккинчи жаҳон уруши даврида ҳам кўрсатиб, миллионлаб россиялик, украиналик ва беларусиялик қочқинларни, жумладан ота-онасиз қолган ёш болаларни ўз бағрига олган. Миллатларимизнинг қадриятлари, инсоний фазилатлари ва маънавий қиёфаси ўша-ўша, лекин замон ўзгарган. Бир пайтлар уйимиздан бошпана  топиб, бунинг учун таъзим қилганлар осмонларга чиқиб, бизларни оёқ учида кўрсатган ҳолларни бошдан кечирдик.

Нархлар ошмоқда 

Хўш, муҳожирликнинг кутилмаган бу бурилиши энди қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Ўзбекистонлик блогер Муаззам Иброҳимованинг айтишича, Тошкентда шу 3 куннинг ичида кўплаб россияликларнинг Тошкентга учиб бориши оқибатида кўп қаватли уйлардаги квартираларнинг ижара ҳаққи кескиш кўтарилиб, ойига 2 минг АҚШ долларига чиққан. Чегаралардаги тиқилинч ҳам бир неча баробарга ошган. Айрим ғарб мамлакатлари эса, бу вазиятда Россия фуқаролари учун ўз чегараларини ёпиб ҳам улгурди. Ёпмаганларига ҳам уларнинг етиб бориши амри маҳол – Россияга қарши киритилган санкциялар туфайли ғарб давлатларига умуман Россиядан самолётлар учмай қолган.

Қирғизистонда ҳам россияликларнинг кўплаб келиши оқибатида меҳмонхоналарда умуман жой қолмаган. Квартираларнинг ижара ҳақлари ҳам кескин кўтарилиб кетган. Кўпчилик маҳаллий аҳоли вакиллари квартира эгаларининг ижара ҳаққини ошириб, “тўлай олмасанг, бўшатиб қўй” қабилида гаплаша бошлаганларини айтмоқдалар.

Бир ойгина аввал “Лалафо”, “House.kg” интернет манбаларида Бишкекдаги бир хонали квартиралар учун 500-600 АҚШ доллари миқдорида ижара ҳаққи сўрашган бўлса, энди уларнинг нархи 1000-1200 долларга чиқди.

Биз ўшлик Исломбек Отахонов ва у билан бирга Россиянинг Екатеринбург шаҳридан келган, фамилиясини ошкор этишни хоҳламаган 33 ёшли Евгений исмли йигитни суҳбатга тортдик. Исломбек Евгенийнинг Россиядаги суши барида ошпаз бўлиб ишлаб келарди. Бир ой аввал бўлгани 10 минг рублга ватанига таътилга бориб-келиш учун чипта олиб қўйган экан. Келиш олдидан бошлиғи Евгений ҳам Ўшга 3-4 ойга бирга учиб келишга қарор қилган. Лекин у энди чиптани 180 минг рублга, яъни 18 баробар қимматга олишга мажбур бўлган. Евгенийнинг кўзларида саросима. Шунга қарамай, у 20-30 минг доллар атрофида уй излаётганини, у ерда суши бар очиб, 3-4 ой ишлатиб кўриш ниятида эканини айтди.

Балки бу воқеалар гирдобида Россиядан яхши мутахассислар, тадбиркор ва сармоядорлар ҳам келиб қолишар? Бу ҳозирча ҳамма учун жумбоқ.

Ваҳимага ўрин йўқми?

Юзага келган вазиятда Ўрта Осиё мамлакатлари ҳеч қандай чора кўрмай, карахт ҳолатда туришгандек кўринади. Энди Россия муҳожирлигига қандай қаралади, умуман бизга бу нарса керакми?! Кутилмаган меҳмонлар юртимизда ўзларини қандай тутишади ва улар қанча вақтга келишлари мумкин? Вазият секин-аста Чор Россияси ёки совет давридагидек бизни боши берк кўчага киритиб қўймайдими? Балки бизнинг давлатларимизга ҳам янги меҳмонлар учун давлат тили ва тарихидан имтиҳон ташкил қилишимизга тўғри келар?

Қозоғистон расмийлари бу ерга келган россияликларни ватанига қайтариб юбориш учун уларга ҳарбий комиссариатларнинг мурожаати камлик қилишини айтиб чиқишди. Яъни, Қозоғистон ўзидан бошпана излаб келган россияликларни уларга жиноят иши қўзғалган ҳоллардагина ватанига қайтариб юбориши мумкин. Бошқа давлатлар ҳам бу оммавий кўчиш масалада ўз позицияларини билдириб қўйишса яхши бўларди.

Авиация сохасини битирган, Россиянинг “Аэрофлот” авиакомпаниясида ишловчи 27 ёшли қирғизистонлик ўзбек Мумтоз Бекмирзаев билан суҳбатлашганимизда, у ваҳимага ўрин йўқлигини айтди. “Аслида, бизга, авиация ходимларига ҳеч қандай дахли йўқ бўлса ҳам айрим нюансларни айтиб ўтишим керак, аввало йўқ жойдан вахима бўляпти! – дейди йигит. – Заҳирадаги аскарларнинг энг керакли дейилган 2 фоизигина чақирилади, бу – денгиздан томчи дегани. Талабалар, маълум бир соҳада ишлаганлар, ҳеч қандай ҳарбий уқуви йўқ муҳожирлар бу жараёнга жалб қилинмайди”.

Россия авианавигацияси тизимида ишловчи яна бир юртдошимиз, 2012 йилда Россия армиясида хизмат ўтаган 28 ёшли Элбек Мирзаматов ҳозирча ҳаётида ҳеч қандай ўзгаришлар сезилмаганини айтади. “Балки вақт оз ўтгандир, лекин ўтган бир йиллик давр ҳам бизга сезилгани йўқ. Бизга чақириқ қоғози келса кадрлар бўлимига айтар эканмиз ва барча авианавигацияда ишлаётганларга чақириқ кечиктирилар экан”, дейди Мирзаматов.

Россия давлат Думасининг ёшлар ишлари бўйича қўмитаси бошлиғи Артём Метелев 26-сентябрь куни Россия маориф вазири Валерий Фальковга мурожаат қилиб, талаба ва аспирантларни сафарбарликдан озод этишни сўраган.

Россия расмийлари айтилган талаб ва қоидаларга амал қиладими ёки буёғи “ўрмонга ўт кетса ҳўлу-қуруқ баробар ёнади”, бўлиб кетадими, омон бўлсак кўрармиз. Нима бўлганда ҳам Марказий Осиё давлатлари муҳожирликдаги ўз фуқароларини уруш гирдобига тортилиб кетмаслиги учун қатъий чоралар кўриши зарур бўлиб тургани шубҳасиз.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг