Қирғизистон-Тожикистон чегараси: Тун тинч ўтди, лекин вазият мураккаб

Қирғизистон қуролли жанжални тўхтатиш учун имкон қадар дипломатик йўлдан бормоқда.

Бир неча кундан бери давом этаётган қуролли тўқнашув давомида Қирғизистон томондан 24 киши қурбон бўлиб, жабрланганлар сони қарийб 130 кишига етди. Турли хил, жумладан ракета ва оғир қуроллардан ўққа тутилаётган туманлардан 140 минг нафар тинч аҳоли хавфсиз жойларга кўчирилди.

Тожикистон томон ўз талофатлари ҳақида расмий маълумот бермаяпти. Озодлик радиосининг тожик хизмати ўз манбаларига таяниб берган маълумотга кўра, 14-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтган тўқнашув чоғида Тожикистон тарафдан 39 кишининг ҳалок бўлган ва улар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 39 кишининг Боткен вилояти касалхоналарида, 4 нафар ярадор Ўш вилоятида ва 79 киши Бишкек шаҳрида даволанаётгани ҳақида хабар тарқатди. Уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари бўлиб, жароҳатлари ўқ ва мина, снаряд парчалари тегиши натижасида ҳосил бўлган, уларнинг аҳволлари ўртача оғир сифатида баҳоланмоқда.

Халқаро ҳамжамият вазиятдан воқиф

Кеча Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан телефон орқали суҳбатлашгани маълум бўлди.

Вазирлик матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, вазир Бош котибни мамлакат тортаётган йўқотишлар – қурбонлар ва яраланганлар сони, ижтимоий-иқтисодий объектларга етказилган зарар, уй-жойларнинг таланиши ва бошқалар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек Қулубаев Қирғизистоннинг қуролли можарони ҳал қилиш учун олий даражадаги сиёсий-дипломатик йўл тутаётганини ва Тожикистон томоннинг эришилган битимларга риоя қилмаётганини афсус билан маълум қилган.

ТИВ раҳбари Қирғизистоннинг фақат ўзини ҳимоя қилиш ва ўз ҳудудий суверенитетини сақлаш мақсадида Тожикистоннинг босқинчи қуролли кучларига қатъий жавоблар берганини айтиб берди.

БМТ бош котиби икки давлат чегарасидаги аҳволни чуқур ташвиш билан кузатиб бораётганини айтиб, 20 сентябрь куни Нью-Йоркда президент Садир Жапаров билан учрашиб, бу ҳақда гаплашишини тасдиқлади. Шунингдек Гутерриш Тожикистон Ташқи ишлар вазири билан ҳам бу масалани муҳокама қилишини билдирди.

Шу вақт орасида АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс ҳам чегарадаги аҳволдан хавотирда эканини маълум қилган. Ўзининг Twitterда ёзган постида у ҳар иккала томонни ўқ отишни тўхтатиш режимини сақлаш ва тинчликни ўрнатишда фақат дипломатик воситалардан фойдаланишга чақиришини билдирган.

Кеча, 17 сентябрь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари  Нурлан Ниязалиев мамлакатдаги халқаро ташкилотлар, элчилик ва консулликларнинг вакиллари учун брифинг ўтказиб, икки давлат чегарасидаги вазият бўйича ахборот берди.

Вазир ўринбосари Қирғизистоннинг ўз чегарасида “Тожикистон қуролли кучлари ва доимий бўлмаган ҳарбий гуруҳларининг Қирғизистоннинг мустақил ҳудудига уюштурган хиёнаткорона ва асоссиз босқинчилигидан ҳимоя қилиш мақсадида қатъий жавоб чораларини кўрганини” маълум қилди.

Учрашув иштирокчилари чегарада қурбон бўлган ва жабр тортаётган аҳолига ҳамдардлик билдиришиб, Қирғизистон томоннинг масалани дипломатик йўл билан ҳал қилиш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашларини баён қилишди. Улар шунингдек Боткен вилояти аҳолисига инсонийлик ёрдами кўрсатиш ва бошқа зарур ёрдамларни кўрсатишга тайёр эканларини ҳам маълум қилишди.

Шу кунларда жаҳоннинг турли мамлакатлари ва халқаро ташкилотлардан икки давлат ўртасидаги қуролли тўқнашувдан хавотирда экани маълум қилинган хабар ва баёнотлар бўлиб турибди. Фақат собиқ Совет Иттифоқи республикалари иштирокида тузилган МДҲ, КХШТ каби бирлашмаларнинг овози эшитилмаяпти. Қолаверса, КХШТ давлатларининг 8 аъзосидан бештаси Қирғизистон ва Тожикистонни қўшганда) учтаси (Россия Украина билан, Арманистон ва Озарбайжон бири бири билан) уруш ҳолатида.

Бу вазиятда ижтимоий тармоқларда Қирғизистоннинг бу ташкилотга аъзолигидан фойдаси йўқлиги туфайли ундан чиқиб кетиш вақти етгани ҳақида фикрлар пайдо бўлмоқда.

Тўғри, чегарада тўқнашув бошлангандаёқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги икки давлатга чегара масалаларини ҳал қилишда ўз ёрдамини таклиф қилди. Лекин бугунги кунда қўшни давлатларга ҳудудий даъволарини очиқ намойиш қилиб, ўзига қондош Украина билан ҳудуд талашиб, кенг кўламли уруш олиб бораётган давлатдан қандай ёрдам бўлиши мумкинлиги одамни ўйлантиради.

Оқбура, Бишкек

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг