Ўшда журналист хизмат вазифасини ўташ чоғида калтакланди

Зўравонлик шаҳар марказий майдонида куппа-кундузи содир бўлди. Милиция чора кўришга шошилмади.

Кеча, 17 сентябрь куни Ўш шаҳри марказий майдонида, Боткен вилояти учун инсонийлик ёрдами уюштирилаётган пайтда бу ҳақда репортаж қилиш учун борган журналист, “Америка овози” радиоси ва бошқа нашрлар билан ҳамкорлик қилиб келаётган Даврон Насибхонов калтакланди.

Эрталабдан буён журналист ҳамкасбларининг телефон қўнғироқларига жавоб бермаяпти.

Унинг 24.kg ахборот агентлигига айтишича, майдонда материал учун видео лавҳалар тортиб олгандан сўнг, унинг ёнига милиция патрули хизмати ходимаси келиб, унинг кимлиги ва нима қилиб юрганини сўраган. Насибхонов журналист экани ва сюжет олаётганини маълум қилган.

«Кейин менинг қаршимга икки эркак киши келишди, улардан бирининг қўлида пичоқ бор эди. Улар менинг ишимдан норози бўлиб, мени ура бошлашди. Мен милицияга мурожаат қилдим. Лекин милиция ходимлари мени худди жиноятчи каби милиция бўлимига олиб кетишди ва менга қўпол муомалада бўлишди”, дея унинг сўзларини келтиради 24.kg ахборот агентлиги.

Журналист касалхонага мурожаат қилгач, унинг ёрилган жойини тикиб, малҳам қўйишган. Шунингдек унинг мияси чайқалгани аниқланган. Ҳозирча Насибхонов милицияга ариза ёзмаган, чунки ариза бўйича ишлашларига ишончи йўқ.

“Икки йил аввал ҳам мени шаҳарда уриб қўйишган. Унда ҳам ҳеч нарсага эришолмадим. Ҳуқуқ-тартибот органлари мени милиция бўлимига чақиришдан бошқа нарсага ўтишмади. Суриштирувларга икки йил вақтим кетди. Шу нарса яна такрорланади, деб қўрқаман”, деган Насибхонов.

Даврон Насибхонов маълум вақт бизнинг “Оқбура” сайтимиз билан ҳам ҳамкорлик қилган.

Бу ҳолат ва умуман тажриба шуни кўрсатадики, уруш ва бошқа фавқулодда ҳолатларда журналист ўта эҳтиёткор бўлиши ва воқеа жойида иш бошлашдан олдин ўша жойдаги масъул расмийларга ўзини гувоҳномасини кўрсатган ҳолда таништириб, бу ерга иш юзасидан келгани ҳақида огоҳлантириб қўйиши керак. Зарур деб топилган вақтларда тегишли органлардан ҳимоя учун ҳамроҳ беришларини сўраш ҳам маъқул иш.

Оқбура, Бишкек.

Сурат 24.kg ахборот агентлиги тегишли

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг