Чегарадаги қуролли тўқнашув: Қирғизистон мотам тутмоқда

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги тўқнашувда олтмишга яқин қирғизистонлик ҳалок бўлди.

Президент Садир Жапаровнинг фармонига биноан бугун, 19 сентябрь Қирғизистонда мотам куни деб эълон қилинди. Фармонга кўра, бутун мамлакат ҳудудида ва чет эллардаги дипломатик ташкилотлар биноларида Қирғизистон давлат байроғи бироз тушириб қўйилади. Маданият муассасалари ва телерадиоканалларга кўнгил очувчи тадбир ва кўрсатувларни бекор қилиш тавсия қилинди.

Чегарадаги қонли тўқнашувларда Қирғизистон томондан 59 киши ҳалок бўлиб, 144 кишининг тан жароҳати олгани расман маълум қилинди. Бундан ташқари 140 мингдан ортиқ одам хавфсиз жойларга кўчирилди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 14-17 сентябрь кунлари икки давлат чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувларни “Тожикистоннинг олдиндан тайёрланган қуролли босқини” деб баҳолади. Бунгача Тожикистон тараф ҳам шунга ўхшаш баёнот берган эди. Тожикистон расмийлари тўқнашувларда 32 одамни йўқотганини маълум қилган.

Вазият оғир, лекин изига қайтмоқда

Ҳозир чегарада аҳвол енгил бўлмасада, аста-секин ҳаёт ўз ўрнига қайта бошлади. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси берган хабарга кўра, томонлар ўзаро битимга кўра асосий қуролли кучларини чегара ҳудудидан нарига, аввал жойлашган ўринларига олиб кетмоқдалар.

Шунингдек, автомобиль йўлининг Хўжанд-Конибодом/Арқа-Борбордук йўналишини икки давлат ҳуқуқ-тартибот органларининг 60 нафар ходими биргаликда назорат қилмоқдалар.

Қирғизистон чегара қўшинлари эса чегара ҳудудида ўз вазифаларини кучайтирилган тартибда давом эттирмоқдалар. Ўш – Раззақов – Боткен йўли, доимий низолар нуқтаси бўлиб келган Тўрткўча участкаси, ҳамда Қадамжой ва Боткенгача бўлган йўллар ҳам қайтадан очилди.

Афсуски, Тожикистон ҳарбийлари Ақсуу дарёсидан ўтувчи кўприкни портлатиб юборганлар. Жумладан, бу кўприк орқали уруш бўлаётган ва одамлар вақтинчалик кўчириб ўтилган ҳудудларга озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур нарсалар етказиб берилаётган эди. Ҳозирда қатнов бошқа айланма йўллар орқали амалга оширилмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг жамоат хавфсизлиги хизмати бўлими бошлиғи Нурлан Исмаиловнинг журналистларга берган маълумотига кўра, ўққа тутилиб, таланган ҳудудларда маҳкамалараро комиссия иш бошлаб, етказилган зарар кўламини аниқлаш ва ҳужжатлаштириш устида ишлай бошлади.

Москвадан садо чиқди

Ўқ отиш тўхтаб, вазият нисбатан барқарорлаша бошлагач, Россия президенти Владимир Путин Қирғизистон ва Тожикистон президентлари Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Кремль матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, томонлар икки давлат чегарасидаги аҳволни муҳокама қилдилар.

Путин томонларни вазиятни бундан буён кучайтирмасликка чақириб, вазиятни фақат тинч, сиёсий-дипломатик йўл билан изга солишга даъват қилди. У Россиянинг қирғиз-тожик чегарасида барқарорликни таъминлашда зарур бўлган ёрдамни беришга тайёр эканини маълум қилган.

Шу вақтнинг ўзида ҳалигача садоси чиқмай турган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) вакили ҳам ушбу тўқнашувга муносабат билдирди. КХШТнинг Арманистондаги пешқадам гуруҳи раҳбари Анатолий Сидоров Арманистон-Озарбайжон ва Қирғизистон-Тожикистон чегараларида “ёқимсиз вазият” юзга келганини айтиб, КХШТ бу вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга интилаётганини маълум қилди. ТАСС берган хабарга кўра, генерал ташкилотнинг уставида сиёсий-дипломатик усулларга афзаллик бериши айтилганини билдириб, масалаларни айнан шу йўл билан ҳал қилишга ҳаракат бўлаётганини маълум қилган.

Шу кунгача собиқ совет ҳудудида тузилган на бу ташкилот, ва на бошқа бирлашмалар (МДҚ, турли маданий, ижодий ва бошқа уюшмалар) икки давлат ўртасида яна аланга олган бу жанжал бўйича бирор бир баёнот бермай келаётган эдилар.

Кулфат бирлаштирди

Охирги кунларда бутун Қирғизистон ҳудудидаги шаҳар ва туманларда, турли хил миллатлар жамоат ташкилотларида Боткен вилоятида жабр кўрганларга инсонийлик ёрдами жўнатиш кенг йўлга қўйилди. Давлат томонидан ташкил қилинган штабдан ташқари одамлар ўз кучлари билан пул ва озиқ-овқат маҳсулотларини йиғиб, боткенликларга жўнатишмоқда.

Кеча ана шундай юк карвонини Ўшдаги ўзбек жамоатчилиги ва Чуй вилоятидаги дунганлар миллий жамоатчилиги уюштириб, Боткен вилоятига жўнатдилар. Ҳали тўла ҳисобга олинмаган маълумотларга кўра, республика бўйича жами 20 миллионга яқин пул, юзлаб тонна турли озиқ-овқат ва бошқа зарур юклар йиғилиб, муҳтожларга етказилиб берилмоқда. Кўнгилли донорлар Боткенда яраланган ҳарбийлар ва тинч аҳолиси орасидаги жабрдийдалар учун 220 литрдан ортиқ қон топширганлар.

Интернетда хавфсиз жойга кўчаётган аҳолига уйларини таклиф қилган юртдошлар ва уруш ҳудудига кетаётган аскарларни йўлда тўхтатиб, уларга қовун-тарвуз ва ичимликлар улашаётган қирғизистонликлар ҳақида хабарлар чиқмоқда. Ўз навбатида қўшни Ўзбекистон ҳам ҳудудни тарк этаётган тинч аҳоли учун ўзининг Сох анклави орқали ўтиш учун йўл очиб берди. Бу каби инсонийлик намунаси бўлган ишлар ҳамон давом этмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар инернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг