Динларнинг ривожланиш тарихи: Қош қўяман деб кўз чиқармаймизми?

Фармон имзоланган, лекин фанни ким қандай ўқитиши ҳозирча мавҳум бўлиб турибди.

Ўқув йилининг охирида Қирғизистон таълим тизимида кенг мунозараларга сабаб бўлган янгилик киритилди. Аниқроғи, шунга қарор қилинди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Қирғизистон мактабларида “Динларнинг ривожланиш тарихи” фанини ўқитиш тўғрисида” қарорни имзолади. Унга кўра янги ўқув йилидан бошлаб Қирғизистондаги барча мактабларнинг 7-9-синф ўқувчиларига “Динларнинг ривожланиш тарихи” фани ўқитила бошлаши керак.

Шаҳар ва туман таълим бошқармалари зудлик билан янги фанни ўқитиш учун ўқитувчи кадрлар танловини эълон қилишди.

Фармонга кўра “Динларнинг ривожланиш тарихи” фанини ўқитиш ҳуқуқи “диний оқимларга мансуб бўлмаган, олий диний билимга эга бўлган, педагогика, психология ва ўқитиш методикаси йўналишлари бўйича малака ошириш ёки қайта тайёрлаш сертификатига эга бўлган шахсларга” берилади. Кадрлар етишмаган тақдирда эса етарли педагогик малакага эга бўлган тарих фани ўқитувчилари ушбу дарсни беришлари мумкин.

Қирғизистон Республикаси таълим вазирлигига кўра, белгиланган тартибда ушбу фанни ўқитиш учун педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув курси/модулни ишлаб чиқаришга қарор қилинди. Режа бўйича, ўқувчиларга деярли барча динлар ҳақида маълумот бериш, динлар ва халқларнинг турли-туманлиги ғояси уларга сингдириб борилади. Лекин асосий масала – кадрлар масаласининг тез орада ҳал бўлиши даргумон бўлиб турибди.

Ўш шаҳридаги 22- ўрта гимназия мактаби директори Ботиржон Сайдалимов: “теологлар динларнинг тарихини ўқиб, мутахассис бўлишган, лекин тарих фани ўқитувчилари динлар тарихини билади, деб ўйламайман”, деган фикрни билдирди. Бутун бошли давлат миқёсида ишлайдиган теологларни қаердан оламиз?

Умуман, мактаб ўқувчиларига, ёш ўспиринларга динлар тарихини ўқитиш қанчалик тўғри? Фармонда, бу фаннинг “ёшларга дунёни теранроқ тушунишга, дунё халқларининг маданияти ва маънавий ҳаётини осонроқ англашга ёрдам беради деган умидда киритилаётгани таъкидланган. Лекин аксарият педагог ва ота-оналарда режанинг қай тарзда ва даражада амалга ошиши ҳақида тасаввур йўқ.    

Қирғизистонда “Дин тарихи” фани олий ва ўрта махсус таълим тизимида аввалдан ўқитилар эди. 2016-йилдан бошлаб синов тариқасида 9–синф ўқувчиларига барча динлар тарихига оид китоб нашр этилиб, 10 та мактабда ўқитилди. Бу ташаббуснинг натижалари, келажакдаги ижобий ва салбий оқибатлари ҳақида чуқур таҳлил қилинган маълумот йўқ. Қолаверса, киритилган дарсликда хатоликлар топилиб, икки марта тузатилган. Ҳозирда ўша китобни қайта ўрганилиб, фойдаланиш режалаштирилган.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, янги фанни ўқитишга киришаётган ўқитувчи кадрлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигининг суҳбатидан ўтишлари керак. Улар тегишли давлат органлари билан биргаликда ушбу фармоннинг кадр муаммолари, дарсларнинг мафкуравий ғоялари назорати устида ишлайдилар.

Ўш таълим институтининг, ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Зулфия Нўмонова қарорнинг амалга ошишида кўп омилларнинг ҳали ноаниқ эканини айтади. Тегишли педагоглар, дарсликлар, илмий қўлланма ва кўргазма қуроллари Қирғизистонда 2016-йилдан буён тажрибадан ўтказилаётган бўлса ҳам ҳали кўп нарса аниқ эмас.

“Фаннинг номи “Динларнинг ривожланиш тарихи” бўлгани билан бизнингча бу фан тарихдан кўра адабиётга, филологияга доирдир, шуни ҳам бир ўйлаб кўриш керак, – дейди Зулфия Нўмонова. – Сабаби, мумтоз адабиёт фанидаги тассаввуфий йўналиш диний адабиёт  йўналишидир”.

Ушбу фанни ўқитишнинг зарурий жиҳатларидан бири сифатида кейинги йилларда дунёда диний экстремизм ва радикализмнинг кучайиши ва бунинг натижасида ижтимоий-сиёсий вазиятнинг мураккаблашиши айтилади. Афсуски, диний экстремизм ва радикализм деганда асосан ислом дини назарда тутилади. Исломга ёт бу кўринишнинг қанчалик воқелиги ва қай даражада ғоявий кураш мақсадида ўйлаб топилгани ҳам чуқур таҳлилга ва тегишли хулоса, чора-тадбирларни ишлаб чиқишга муҳтож.

Кўпгина ота-оналар “Динларнинг ривожланиш тарихи” фанини фақат Ислом динининг тарихини ўқиб ўрганиш деб тушунишлари мумкин. Сўнгги йилларда аҳоли ўртасида динга бўлган қизиқишнинг ортиши ва унинг Қирғизистон тарихи, маданияти ва кундалик ҳаётидаги ўрни, одамларнинг ғоявий қадриятлари ва кундалик турмушларига таъсири жамиятда дин ҳақидаги объектив илмий билимларга чуқур эҳтиёжни юзага келтирди. Бу эҳтиёжни қисман мактаб, яъни дунёвий таълим тизими тўлдириши мумкин.

Ботиржон Сайдалимов 98-йилдан буён теология йўналиши бўйича олий таълим даргоҳини битирганлар ўрта мактабларда “Ислом тарихи” дарсларини ўтиш таклифи билан чиқиб келишаётганини айтади.

“Лекин давлатимиз дунёвий бўлгани сабабли алоҳида “Иймон дарси” ёки фақат ислом динига оид дарс киритиш тўғри бўлмайди, умумий динлар тарихини ўргатсак бўлади, деган қарорга келинган”, – дейди у.

Фарзандлари ўрта мактаб ўқувчилари бўлган Иброҳим Янгибаев янги фаннинг киритилишини қўллайди, фақат унинг “айрим элат ёки даврларнинг тарихига айланиб кетишини” истамайди.

“Сахих манбалардан фойдаланилса фақат фойда бўлади, лекин бу қандай амалга оширилади, ҳали тассаввур йўқ”, дейди у.

Иброҳим Янгибоев ҳам кўпчилик ота-оналар қатори фарзандларимиз фақат Ислом дини тарихини ўрганади”, деган янглиш фикрда сахих ҳадислар ва Қуръонни назарда тутиб сўзлади.

Янги дарсни киритиш борасидаги ижтимоий сўров натижаларига кўра, кўпчилик бу ташаббусга қарши бўлган. Масалан, 24.kg сайтининг сўровномаси натижаларига кўра ундан иштирок этганларнинг 65 фоизи (1074 овоз) бу фаннинг мактабларда ўқитилишига қарши экани маълум бўлди. Бўлгани 18% иштирокчи бу фаннинг ўқитилишини тўғри деб ҳисобласа, яна 16% (273 овоз) бу фанни ўзгартиришлар билан ўқитиш тарафдори экани маълум бўлган.

Бу масала ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилиниб, одамлар ўз фикрларига кўра икки тарафга бўлинишган. Масалан, Фейсбукдаги “Ақирқи маалиматтар” саҳифасида Падишахан Султаналиева бу ташаббусга қарши чиққан.

“Динларнинг ривожланиш тарихи” фанидан қандай фойда, қандай зарар? Донишмандлар динни ўз қалбларида, воситачиларсиз қабул қилганлар. “Иқтисодиётнинг ривожланиш тарихи”, “Табиатни мухофаза қилиш тарихи”, “Халқларнинг ривожланиш тарихи” кабиларни ўқиш фойдали бўлади”, деган фикрни билдирган. Унга жавобан Айнагул Бектемирова агар бу фан илгарироқ жорий қилинганида, бугунги кундаги айрим воқеалар бўлмас эди, деган фикрни билдирган.

“Ўқувчилар бундай фанни ўзлаштиргандан сўнг дунёга, жамиятга, оилага, турли миллат вакилларига, турли дин вакилларига бағрикенглик билан муносабатда бўлишни, турли оқимларга қўшилишни рад этишни ўрганадилар, деб ёзади Бектемирова.

Айтиб мумкинки, бу икки фикр ижтимоий тармоқларда айтилаётган асосий икки позицияни акс эттиради. Ҳақиқат эса эҳтиросларсиз, ўзаро ҳурмат ва тушунишга асосланган муҳокамаларда юзага чиқади. Хуллас, янги қарорнинг асосли ёки асоссиз эканлигини вақт кўрсатади. Унинг натижаю оқибатлари эса фармоннинг қай даражада масъулият билан, қай даражадаги савияда амалга оширилишига боғлиқ.

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш

                      Расм интернетдан олинди, мақолага дахли йўқ 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг