Қирғизистон-Ўзбекистон: Ўшда ўзбек автобуслари қатнайди

Эллик дона автобус сотиб олиш учун шаҳар мэрияси икки миллион долларга яқин кредит олмоқчи.

Ўш шаҳар мэрияси Ўзбекистондан 50 та янги, кўп функцияли, 16 ўринли ISUZU SAZ HC40 русумидаги автобусларни харид қилади. Бу ҳақда Ўш шаҳар мэрияси хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Ўш шаҳар мэри Алмаз Мамбетов 23 июнь куни Тошкентга ташриф буюриб, пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашди.

Учрашувда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик, шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Юқорида айтилган автобуслар биринчи лойиҳа сифатида Қирғизистон-Ўзбекистон тараққиёт жамғармаси кредити ҳамда қисман республика бюджети ҳисобидан харид қилинади. Автобуслар Самарқанддаги “СамАвто” заводида ишлаб чиқарилган.

Ўн кун аввал Ўш шаҳар кенгаши ана шу мақсадда мэрияга жамғармадан 1 млн. 850 минг доллар миқдорида қарз олишга рухсат берган эди. Қарз етти йил муддатга берилиб, йилига 5 фоиз устамаси билан қайтарилади. Кредитнинг 30 фоизи, яъни 50 миллион сўми республика бюджетидан қопланади.

Учрашувда Мамбетов самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ҳамкорликда маданий ва спорт тадбирлари, бизнес-форумлар, сайёҳлик кўргазмаларини ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз сўзида қўшма корхоналар очиш, бизнес вакилларининг икки томонлама учрашувларини ташкил этиш, Ўшга лифт ускуналарини етказиб бериш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар рақамлаштириш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилаётган инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этиш, ўзаро тажриба алмашиш бўйича қўшма тадбирлар ташкил этиш ниятида эканликларини билдирдилар.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар ҳокими Ўш шаҳар делегациясини Тошкент шаҳридаги рақамли бошқарув бўйича вазият маркази фаолияти билан таништирди.

Умида Мирзабоева, Оқбура.

Расм интернетдан олинди.

Таҳририятдан: Роппа-роса бир аввал Бишкек шаҳрига ҳам Ўзбекистондан 210 дона худди ана шу русумдаги автобуслар келтирилган. Фақат улар хусусий “Эко йўловчилар ташиш” фирмаси орқали харид қилиниб, ўтган йилнинг охиригача пойтахтга 380 автобус олиб келиниши, 2022-2023 йиллар давомида эса уларнинг сонини мингтага етказиш режалаштирилган эди.

Бунинг учун Бишкек мэрияси номи аталган фирма билан меморандумга қўл қўйган. Оппоқ рангдаги дастлабки автобуслар Бишкекда тантана билан қабул қилиб олиниб, бир неча кун давомида йўловчиларга бепул хизмат кўрсатган. Янги транспорт воситалари Бишкекдаги йўловчи транспорт муаммосини қисман ҳал қилиб, янги маршрутлар очилган, одамлар бундан жуда хурсанд бўлишган эди.

Кўп ўтмай талаб даражасидаги ҳайдовчилар етишмаслиги туфайли 120 автобус туриб қолгани ҳақида хабар тарқаган. Кейинроқ эса, йўлкира нархи пастлиги оқибатида автобуслар ўзларини оқламаётгани ҳақида айтилди. Ҳатто ҳайдовчилар мэриядан йўлкира нархини кўтаришни талаб қилиб иш ташлашга ҳам мажбур бўлдилар.

Афтидан, янги автобуслар ўзини оқламагани боис уларни олиб келиш тўхтатилган. Ҳар ҳолда режалаштирилган даврда, яъни ўтган йилнинг охирига қадар уларнинг янги партияси олиб келинмади.

Жорий йилнинг январида Бишкек шўа пайтдаги мэри Айбек Жунушалиев Беларусь давлатига бориб, у ерда сиғими каттароқ бўлган МАЗ 206946 русумли автобусларни сотиб олиш ҳақидаги битим билан қайтди. Тез орада мэр алмашди. Шундан сўнг мэрияда Қирғизистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган “Белес” русумли автобусларни сотиб олишга қарор қилингани ҳақида расмий хабар тарқалди.

Хуллас, Бишкек шаҳрида йўловчи транспорт муаммоси ҳамон ҳал бўлгани йўқ. Умид қиламизки, Ўш шаҳар ҳокимлигининг қарори ва режалари жиддий ва тез орада шаҳарда транспорт муаммоси ижобий ҳал бўлади.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг