Еттинчиси: Украинадан Қирғизистонга яна “қорахат” келди

Икки қондош халқ ўртасидаги уруш бошқа халқлар вакилларининг ҳам ёстиғини қуритмоқда.

Украинада навбатдаги қирғизистонлик ҳалок бўлгани маълум бўлди. Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси берган қисқа маълумотга кўра, марҳум Адилет Алиев Россия Қуролли кучларида шартнома асосида хизмат ўтаб келаётган эди. Унинг ёши, қайси вилоятдан экани ва қариндошлари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Россия ва Украина ўртасидаги, Россия томон “махсус ҳарбий операция” деб атаётган уруш жорий йилнинг 24 февралида бошланган. Ўша куни эрта тонгда Россия қўшинлари уруш эълон қилмасдан туриб Украина ҳудудини бузиб кирган ва турли қуроллардан ўққа тутишни бошлаган эди.

Ана шу уруш бошлангандан буён у ерда жами етти қирғизистонлик ҳалок бўлди. Улар ҳақида маълумот жуда кам бўлиб, асосан Россия армиясида шартнома асосида хизмат қилаётган жангчилар бўлишган. Фақат улардан бири Аманбек Қурбанбаев расман ҳарбий бўлмаган ҳолда урушга ўз хоҳиши билан кетгани маълум. 40 ёшли истеъфодаги майор бунгача Бишкекда оиласи билан яшаб келаётган эди. 2022 йилнинг мартида урушга кетиб, май ойида оғир яраланган. Бир неча оғир операциядан кейин 8 июнда ҳалок бўлган.

Қирғизистонда Аманбек ИИВнинг махус бўлинмасида хизмат қилган, 1999-2000 йилги Боткен воқеаларида иштирок этиб, кейинроқ “Эрдик” (Жасорат) медали билан мукофотланган эди.

Қирғизистон қонунларига кўра, унинг фуқаролари бошқа давлатлар ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиши тақиқланган. Бунинг учун 7-8 йил қамоқ жазоси қаралган.

Қирғизистон ҳукумати бу ҳақда бир неча бор огоҳлантирганига қарамай, ҳозирда Украина ҳудудида уруш ҳаракатларида иштирок этаётган қирғизистонликлар сони оз эмас. Фақат уларнинг сони ва шахси маълум эмас.

Ҳалок бўлган қирғизистонликларнинг жасадини юртига жўнатиш билан Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси шуғулланмоқда. Умуман эса Қирғизистон Россия ва бошқа юртларда турли сабаблар билан вафот этган фуқароларни юртига олиб келишга кўмаклашиш учун давлат махсус маблағ ажратган.

Тахминларга кўра 1-2 ҳафтада Украинанинг енгилиши билан ниҳоясига етиши лозим бўлган уруш 3 ойдан ортиқ давом этмоқда. Чет эл разведка ва бошқа махсус хизматларининг мутахассислари урушнинг яна бир неча ойга чўзилишини тахмин қилмоқда. АҚШ ва Европа Иттифоқига кирган давлатлар бошчилигидаги ўнлаб мамлакатлар Россияга қарш турли санкциялар киритиб, Украинани ҳарбий, моддий-иқтисодий томондан қўллаб қувватламоқдалар. Шу мақсадда АҚШ ва Европанинг етакчи давлатлари миллиардлаб доллар маблағ ажратмоқдалар.

Бу урушда Россиянинг ҳаракатларини қўллаб турган давлатлар сони бармоқ билан санарли.

Урушда икки давлат оғир талафотлар кўрмоқда. Лекин ҳар икки томон бу  ҳақда аниқ маълумот бермаяпти. Душман томоннинг йўқотишларини эса ишониш қийин бўлган даражада бўрттириб кўрсатишмоқда.

Сўнгги ва турли маълумотларга кўра, Россия томон Украинанинг 30 минг аскари ҳалок бўлганини айтса, Украина 35 минг 600 Россия ҳарбийларининг йўқ қилинганини айтиб келмоқда. Ғарб давлатлари разведка хизматлари чинакам йўқотишлар ҳар икки томондан 10-15 минг киши атрофида эканини эътироф этишмоқда.

Совет Иттифоқи Афғонистонда олиб борган қарийб ўн йиллик урушда (1979-1989 йиллар) 16 минг ҳарбий қурбон бўлганини айтиб келган. Лекин бу рақам ҳам жуда камайтирилиб кўрсатилгани таҳмин қилинади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг