Тушунмаганлар қаршими? Қирғизистон 12 йиллик таълимга тайёрланмоқда

Таълим тизими ислоҳотига доир янги ташаббус жамиятда турли саволларни пайдо қилмоқда.

Аслида бу ташаббус янги ҳам эмас. Ўн икки йиллик таълим тизимига ўтиш ҳақида Қирғизистонда 2000 йилларнинг бошида ташаббус кўтарилиб, синов сифатида бир нечта мактабларда бу тизимга ўтиш бошланган.

Апрель ойининг бошида бу ҳақда Қирғизистон таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиев расмий баёнот бергач, ўтган қисқа вақт мобайнида бу янги қарор юзасидан жамоатчилик орасида баҳс қизигандан қизиди. Билим беришнинг янги босқичга ўтиши кимлар учун айни муддао бўлса, яна кимларгадир бу – мактабда “ортиқча вақт ўтказишдан бошқа нарса эмас” экани маълум бўлди.

Вазирнинг бундай қарорга келишининг асосий сабабларидан бири сифатида эътироф этилишича, келгусида ўқувчиларимиз жаҳон андозаларига лойиқ аттестат олишлари шарт. Бугунги кунда дунёнинг 136 давлатида ана шундай 12 йиллик таълим тизими йўлга қўйилгани маълум. Шу сабабли қирғизистонлик битирувчилар Европа ёки бошқа ривожланган давлатлар олийгоҳларига ўқишга кирмоқчи бўлишса, бугунги 11 йиллик таълим ҳужжати билан қийинчиликларга дуч келишмоқда, бир йиллик қўшимча ўқиш муассасалари эса йўқ.

Қолаверса, расмий маълумотларга кўра, шу кунгача ихтиёрий равишда болаларини мактабга тайёрловнинг йиллик курсларига бериш ҳолатлари 70 фоиздан ошиб бормоқда. Яъни, мана шу мактабга тайёрлов жараёнини нолга эмас, биринчи синфга тенглаштириб, олти ёшдан мажбурий таълим киритилса, ўқувчиларга ҳам, ота-оналарга ҳам бу янгилик деярли сезилмайди. Бу билан мамлакат болаларни мактабга тайёрлаш жараёнини ҳамма учун баробар қилиб қўяди ва бошланғич синф ўқувчилари орасида ўзлаштиришдан ортда қолиб кетадиган болалар сони камаяди.

Хуллас, олти ёшдан бошланадиган тайёрлов курси ва амалдаги 11 йиллик мактабни қўшиб, ўқувчилар 12 йиллик таълим олгани ҳақидаги ҳужжатига эга бўладилар. Яъни, 12 йиллик тизимда ҳам ўқувчилар мактабни бугунгидек 16-17 ёшида тамомлайдилар. Янги тизимнинг муҳим афзалликларидан бири эса, 11-12 синфларда ўқувчиларни касбга тайёрлашга алоҳида урғу берилиб, улар ҳунар ҳам эгаллаб олишлари мумкин. Бу жараён оддий дарс соатларини қисқартириб, ўрнига турли тўгараклар ва чуқурлаштириб ўқитиш орқали таъминланади.

Шу ўринда айримларда ҳақлидек кўринган савол туғилади: ўқувчиларимизнинг 95 фоизи ўз ватанида ўқишга кириб, олий маълумотга эга бўлаётган бир пайтда, қолган 5 фоиз ўқувчиларнинг чет элда ўқишлари учун бутун бир тизимни ўзгартириш шартмикин? Янги тизимнинг афзаллиги ва ёки ноқулайликлари ҳақидаги фикрларини сўраб, биз ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналарга мурожаат қилдик.

Лола Юсупова Ўш шаҳридаги Наримонов номли 7-ўрта мактабда информатика фанидан дарс беради. Унинг фикрича, янгилик албатта яхши ва у “инсонларга умид бахш этади”. “Бироқ, 9 йиллик тўлиқсиз ўрта мактабни битирган ёшларимизни 10-11-синфларга жалб қилиш ҳам осон бўлмаётган бир пайтда 12-синфни мажбурий қўшиб қўйсак, мактабда фақат Ғарб давлатларида ўқимоқчи бўлган саноқли болаларгина қолишлари мумкин”, – дейди Юсупова. – “Ота-она боласини 9 йил мактабда ўқитиб, кейин касб-ҳунар билим юртида 3 йил ўқитиб олса, фарзанди ҳам 12 йиллик таълим олади, ҳам маълум ҳунарни эгаллаб олади”.

Педагог агар давлат шундай қарорга келса, демак ўқитувчилар ислоҳотнинг туб мақсадини ўрганиб, уни ота-оналарга тушунтиришлари даркор эканини айтади. Лекин…

“Фарзандингиз биратўла ҳунарли бўлиб чиқади мактабдан, дея олишимиз учун мавжуд шарт-шароитларни ўрганиб кўришимиз зарур. Лекин, бизнинг англашимизча, фақат “нулевой” синфларгина 6 ёшдан мажбурий мактабга келадилар ва кейин 12 йиллик аттестатга эга бўладилар. Бундай ислоҳот ўзини оқламайди, мен қаршиман”, – дейди Лола Юсупова.

Унинг айтишича, қўшни Ўзбекистон 9 синфни битирган ёшларни мажбурий равишда касб-ҳунар лицейларда ўқитиб кўрди. Беш йил ўтиб кўриндики, бу янгилик таълимда муваффаққият қозонмади. Ўтган йилдан бошлаб яна 11 йиллик тизимга қайтиб ўтишди. “Шуларни ҳам эътиборга олиш даркор”, – дейди ўқитувчи.

Янги тизимга ўтишни қўллайдиганлардан бири, Ўш шаҳри турғуни Маҳфуза Имомованинг уч нафар фарзанди бор. У фарзандларини 10 йил аввалданоқ ёши етмай туриб, 5 ва 6 ёшида мактабга берган.

“Улар яхши ўқишди ва олийгоҳга ҳам вақтлироқ кириб ўқишди. Мен 12 йиллик таълим тизимини ёқлайман. Жуда тўғри қарор, менимча”, – дейди у.

Камолиддин Мадаримовнинг икки нафар фарзанди Қорасув туманидаги Тожиматов номли мактабда таълим олади. У ҳам янги тизимнинг жорий этилишига қарши эмас ва “агар катталар… 12 йиллик ўқитишни мажбурий” деб киритса, болаларини ўқитаверишини айтади.

“Қаршилик қилиб қаерга ҳам борардик? Боласини ўқитаман, деган ота-она бир йилни деб инжимайди, ўқитаверади. Ҳунар афзал деганлар учун 9 синфни битирса ҳам бўлаверса керак. Лекин мен шахсан ўқитаман”, – дейди Мадаримов.

Ўшдаги 8-гимназия мактабининг ўқувчилари Юлдашева Райёна ва Телябаева Розия жорий қилинаётган янгиликдан хурсанд эканини билдиришди.

“Вуй,  жудаям орзу қилган эдик, 12 йил ўқишни. Худди Туркияга ўхшаб энди биз ҳам 12-синф бўлиб ўқиб юрамиз экан!”, дейишади қизлар. Кутилмаганда бунинг яна бир муаммонинг ечими сифатида қабул қилишлари маълум бўлади. Уларнинг фикрича, 12 йиллик таълим киритилса, “қизларни 17 ёшидан эрга бериб юборишлар ҳам бўлмайди”. “Биров, ўтириб қолибди қизингиз ҳам демайди. Ҳамма қизлар 12 синфни битириб, олийгоҳда ҳам ўқиб, эсини таниб, кейин турмушга чиқишса ҳеч ким эрмак қилмайди. Биз, қарши эмасмиз”, – дейишди лицей ўқувчилари.

Ўзини Тешабаев деб таништирган яна бир ўшлик юртдошимизнинг фикрича, “ўқиш 12 йил эмас, 15 йил давом этса ҳам, билим сифати ўнгланмаса, бир тийин ҳамма ислоҳотлари”. Шу сабабдан у янги тизимга қарши.

“Энг аввали – айрим ўқитувчиларини қайта ўқитишсин, токи улар зўр дарс ўтишсин. Кўп ойлик олишса, ўз устида ишлаб, болаларга меҳр беришса, кейин 12 йилми, 13 йилми ўқитаверишсин! Ҳозир қаршиман. Учта фарзандимнинг умрини яна 3 йил зое кеткизмайман. Уларни 9 синф базаси билан билим юртларига киритаман”, – дейди у.

Ўш шаҳар таълим бошқармасида вазирнинг мазкур қарори яхши натижа беради, деб ҳисоблашади. Бошқарма услубчиси Мўмина Мирзакаримовага кўра, олти ёшдан мактабга тайёрлов курсларига бораётган ўқувчилар сони бугун мактаб ёшига етиб қолган болаларнинг 70 фоизидан ортиғини ташкил қилади. Демак, уларнинг қолган 30 фоизи мактабгача тайёргарликдан ўтмай қоляпти.

“Шунинг учун ҳам бу битирувчиларнинг ёшига таъсир қилмайди. Бир бола мактабгача таълим олади,  иккинчи бола эса боғчадан мактабга тайёр келади.  Бироқ, учинчи бир гуруҳ борки, уйдан тўғри тайёргарлик кўрмай, мактабга келади. [12 йиллик таълим киритилса], шу ҳар хиллик йўқолади. [Янги тизимни] қўллаб-қувватлаш керак”, деб ўйлайман дейди услубчи. – “Дунёдаги ривожланган 136 давлат қаторига қўшилсак, бунинг ёмон томони йўқ”.

Таълим вазирлигидан маълум қилишларича, янги тизимга ўтиш босқима-босқич амалга оширилади. Таълим вазири ўринбосари Надира Жусупбекованинг журналистларга айтишича, янги тизимга ўтиш келаси йилдан бошланади. Унгача, жараённинг ўқувчи ва ўқитувчиларга қўшимча муаммолар туғдирмаслигининг ҳисоб-китоби қилинади.

Мутахассислар бу янги тизимнинг жорий этилиши қўшни Қозоғистонда яхши натижалар берганини эътироф этишмоқда. Жумладан, ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириш даражаси бирмунча юқорилаган.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг