Қирғизистондаги ўзбекистонлик талабалар мини-футбол бўйича ўзаро куч синашадилар

Байрам турнирида ўндан ортиқ мини-футбол жамоаларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси берган маълумотга кўра, ўғил болалар иштирокида ўтадиган футбол турнири 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланади. Бу кун Қирғизистонда Ғалаба куни сифатида нишонланади.

Биринчи бор ўтаётган бу мусобақаларни ўтказишдан мақсад – ўзбекистонлик талабаларни ягона, ёрқин ғоялар атрофида бирлаштиришдан иборат, деб маълум қилишди элчихонадан.

Мусобақалар маҳаллий вақт билан 9.00 да бошланади.

Қарийб 150 талаба иштирок этиши кутилаётган мини-футбол мусобақалари 8 май куни Ўш шаҳридаги А.Момунов номидаги “Қағанат” Футбол академияси ҳудудида бўлиб ўтади. Турнирда иштирок этувчи 12 жамоа асосан Ўш ва Жалолобод шаҳарларидаги турли олий ўқув юртларида қўшни Ўзбекистондан келиб таҳсил олаётган талабалардан ташкил топган.

Бугунги кунда Қирғизистондаги олий ўқув юртларида 231 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Уларнинг деярли учдан бир қисми, яъни 70 минг нафардан кўпроғи – чет элликлар. Уларнинг энг кўпи (қарийб 39 минг талаба) Ўзбекистондан келиб ўқийди. Ҳиндистондан 14,5 минг талаба ўқиса, салкам 10 минг талаба Покистон фуқаролари.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг