Дунё халқлари қалбидан жой олган машҳур куй ва рақс ойлиги бошланди

Бир ой давомида Андижонда ҳамманинг иш куни «Андижон полкаси» рақси билан бошланади.

Бундай қарор қабул қилингани ҳақида ҳар душанба куни бўладиган Андижон вилояти ҳокимининг селектор йиғинида айтилган. Бундан мақсад – дунё халқлари қалбидан жой олиб улгурган машҳур куй ва рақсни янада оммалаштиришдан иборат.

«Ҳокимимиз Абдураҳмонов Шуҳратбек Қўшақбаевичнинг ташаббуси ва таклифи билан бугундан бошлаб бизнинг Андижон вилоят театри жамоаси ҳам иш кунимизни шу қувноқ куй ва рақс билан бошладик. Айниқса, Ўшдан меҳмонлар ташриф буюрган эдилар, улар ҳам рақсга қўшилиб, байрамона руҳ билан кутиб олинди, – дейди Андижондаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят мусиқали драма театри директори Зарифахон Ҳайдарова.

Гап Ўш ўзбек академик мусиқали драма театри жамоасининг Андижонга қилган ижодий сафарлари ҳақида бормоқда. Ўшлик санъаткорлар бу ерда ўзларининг яқинда саҳнага олиб чиқилган ичакузди комедияси “Соқов келин” спектаклини намойиш қилиш учун келганлар. Спектаклни фақат бир кун, икки сеанс намойиш қилиш режалаштирилган.

Ўзини Ойистахон Маҳмудова деб таништирган актриса, санъат ва маданият фидойисининг сўзига қараганда, “Андижон полкаси”га эътиборнинг кучайиши ушбу машҳур куйнинг бастакори Ориф Гармон ижодига юз йил тўлганлиги билан боғлиқ.

Айтиб ўтиш керакки, Хоразм лазгиси каби машҳур бўлган мусиқа ва рақс муаллифи тўғрисида турли баҳслар мавжуд. Биринчи маълумотга кўра, “Андижон полкасини” ўшлик устоз бастакор Зиёвуддин Шокиров яратган бўлса, куйнинг яратилиш тарихининг иккинчи версиясига биноан унинг муаллифлиги Ориф Гармонга бориб тақалади.

Рақси эса фақат бир балетмейстр, Қирғизистон Халқ артисти Розия Мўминовага тегишли эканлиги айтилади. Ким яратган бўлса ҳам, бу қувноқ куй ва ажойиб рақс ўн йиллар давомида ҳамманинг кайфиятини бирдек кўтариб, турли тўй-тантаналарда тинимсиз янграб келади. Уни нафақат Ўрта осиё, балки дунёнинг турли давлатларида жуда яхши билишади.

Юз йил олдин водийликлар орасида чегара бўлмаган. Ўш ва Андижон эса Фарғона водийсининг энг муҳим, санъатсевар аҳоли яшаган қардош шаҳарларидан экани маълум. Санъат ва санъаткор учун чегара йўқ, улар ўз мухлисларини хурсанд қилаверадилар. Шу ўринда Андижонга гастроль сафари билан ташриф буюрган ўшлик санъаткорларнинг ҳам ижодий дастурни бошлаш олдидан бир қулоч ёзиб рақсга тушганлари рамзий маънога эга.

Ўш ўзбек театрининг бадиий раҳбари Равшанбек Турсуновга кўра, бу куй ва рақс билан бошланган иш киши руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади ва кечгача кўтаринки кайфият тарк этмайди одамни.

“Андижон вилояти ҳокими яхши ташаббус кўрсатибди. Мактаб, боғчадан тортиб, кафе-ресторанлар, барча ишхоналар эрталабки бадантарбия ўрнида қасиратиб, «Андижон полкаси»га тушиб олишса, бунинг нимаси ёмон? Санъатга ошуфта қалб эгаси ёмонликни билмайди”, дейди Турсунов.

Барно Исоқова, Оқбура, Андижон.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг