Ким қилмагай, ким тортмагай: Собиқ президент Алмазбек Атамбаев нега бу қадар хўрланмоқда?

Ушбу жараён қамоқхонада ҳалок бўлган Азимжон Асқаровнинг қисматини беихтиёр эсга солади.

Аввалига коронавирус пандемияси, энди эса Россия-Украина уруши атрофидаги совуқ хабарлар сабабидан Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг аянчли тақдири кўпчиликнинг назаридан четда қолиб келмоқда.

Албатта, унинг ўзига яраша рақиб ва душманлари бор, эҳтимол оддий фуқароларда ҳам уни ёмон кўришга етарлича асос бордир. Лекин нима бўлганда ҳам у собиқ давлат раҳбари, мамлакатни олти йил давомида бошқарган инсон эмасми? Унинг раҳбарлиги остида Қирғизистон оздир-кўпдир яхши натижаларга эришди-ку?!

Нима бўлганда ҳам, нафақат собиқ давлат раҳбари, балки оддий фуқаро сифатида ҳам у бошқа фуқаролар каби қамоқда ҳам ўзига ҳурмат-эътибор кўрсатилишига, инсон ва фуқаро сифатидаги барча ҳуқуқларининг сўзсиз таъминланишига ҳақли. Лекин халқ унинг тақдирига бефарқ, унга кўрсатилаётган ҳурматсизликка эътиборсиз.

Бугунги оғир синовлар собиқ президентнинг рафиқаси Раиса Атамбаеванинг етти ухлаб тушига кирмаган бўлса керак…

Бир пайтлар қўлини қаёққа узатса етиб турган собиқ давлат раҳбарининг ички кийимда судга олиб кетишга уринишлари, ёки хаста ҳолида олиб келиб, суд залидан “тез ёрдам” машинасида олиб кетилганини кўриб, жонинг койийди. Иложсиз қолган аёли ва фарзандларини кўриб, раҳминг келади. Лекин иккинчи томондан…

Ўн йил давомида журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида ишлаб юриб, бугунги кунда собиқ президент Атамбаев бошидан ўтказаётган каби, ундан ўн чандон оғир хўрликларни бошидан кечирган ўнлаб, юзлаб юртдошларимизни кўрдим, улар ҳақда ёздик, жонли видео ва фотосуратларни эълон қилдик. Уларнинг аччиқ қисмати ва адолатсизликдан силласи қуриган яқинларининг оҳи-додини ҳокимиятдагиларга етказишга ҳаракат қилдик. Лекин ҳокимият бизни эшитмади. Жумладан, Атамбаев ҳам…

Асоссиз қамоққа ташланганлар, ҳибсда шафқатсиз қийноқларга дучор қилинган ва адолатсиз судлов тизимидан жафо чеккан фуқароларимизнинг тақдирига бефарқ бўлмаслигини сўраб, президентларга, жумладан Алмазбек Атамбаевга ҳам кўп мурожаатлар бўлган. Бу масалалар юзасидан унга маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари доимий равишда саволлар қўйиб келишган. Лекин бу мурожаатларга қулоқ тутиш у ёқда турсин, аксинча ҳуқуқ фаолларини Россиядаги каби “чет эл агент”ларига тенглаб, уларнинг оғзини ёпишга ҳаракатлар бўлди. Ошкора ҳақоратлар қилинди.

Мана энди тақдир тақазоси билан Атамбаевнинг ўзи бир пайтлар ҳақоратлаган, халқ душманига чиқарган ҳуқуқ ҳимоячиларининг, журналистларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб турибди. Халқимизда эскилардан қолган гап бор: “Ким қилмагай, ким тортмагай…” Лекин бу билан биз собиқ президентнинг обрўсини тушириш, унга заҳарханда қилиб, устидан кулмоқчи эмасмиз. Чунки мамлакатда чинакамига мустақил, адолатли суд тизими ўрнатилмас экан, ҳеч кимимизга ва ҳеч ким эртага Атамбаевнинг куни бошимизга тушиб қолмаслигига кафолат бера олмайди.

Юқоридагиларни ёзишдан мақсадимиз, бугунги ҳокимият эгаларига ўтган кунларни эслатиш, эртанги кунимиз бехавотир ва хавфсиз бўлиши учун инсоф билан, мавжуд конституциямиз, қонунларимиз ва халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда, ҳар бир фуқаронинг инсон сифатидаги ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиб яшашимиз лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтишдан иборат.

Ахир давлат судлов тизими сиёсий рақибларидан ўч олиш ёки оддий халқни эзиш қуроли эмас, мамлакатдаги ҳурлик ва тенгликнинг пойдевори, адолат тантанасининг муҳим асбоби бўлиши керак эмасми? Аҳли донишлардан бири айтганидек, ҳар қандай давлат ва миллатни зимдан емириб, йўқ қилиш учун икки нарсани амалга ошириш кифоя экан: биринчиси, айбдор одамни жазоламаслик, иккинчиси – айбсиз одамни жазога гирифтор қилиш.

Шу ўринда 10 йил давомида қамоқда азоб чекиб, адолат излаб, охир оқибат адолатсизлик қурбонига айланган ҳамкасбимиз, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси марҳум Азимжон Асқаровнинг қамохонада ёзилган “Мен бахтлиман…” деб номланган китобидан парчалар келтиришни лозим кўрдик. Шоядки бу ҳам тегишли шахсларга муҳим бир эслатма бўлиб қолса…

Муаллифнинг Жалолободдаги ҳибсхонадан Бишкекдаги қамоқхонага қандай кўчирганлари ҳақида:

***

“Кутилмаганда 12 ноябрь куни мени ташқарига олиб чиқишиб, ДАН хизматига тегишли енгил автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтқазишди. Икки ёнимга икки “спецназ” жангчиси ўтирди. Қаёққа кетаётганимни билмаганим сабабли оёғимда ёзги резина шиппак, устимда юпқа кўйлак ва шим билан чиққан эдим. Хаёлимда шаҳар касалхонасига текширувга олиб боришса керак, деган ўй. Мени ҳарбий бўлимга олиб боришди. Ечинтиришиб, танамда кўкарган жойлар бор-йўқлигини кўришди.

Шаҳар милициясининг бошлиғи Таалайбек исмли йигит Бозорқўрғонда ҳам ишлаган эди. Мени кузатар экан у, “Азим ака, мен сизга кўп бор исломийларни ҳимоя қилманг, оқибати ёмон бўлади деб айтганман, лекин менга қулоқ солмадингиз. Мана, оқибати нима билан тугади…”, деб танбеҳ бергандек бўлди.

* * *

Маҳбусларни ташишга мўлжалланган икки “ГАЗ” автомашинаси ортидан енгил машинада йўлга тушдик. Фақат Ўш-Бишкек йўлига чиққанимиздагина мен этап билан Бишкекка кетаётганимизни тушундим. “Нексия” машинасида мени қўриқлаб кетаётган иккала “спецназ” жанчиси, ўзаро “Нима, бу билан то Бишкеккача бирга кетамизми, кел, уни анави юк машинасига жойлаб, ўзимиз бемалол пиво ичиб кетамиз”, – деб келишишди. Жалолобод шаҳридан 50 чақиримча нарида жойлашган Қўчқорота шаҳридан чиқаверишда колоннани тўхтатишди.

“ГАЗ” автомашинасида “стакан” деб номланувчи, ҳажми ва ташқи кўринишидан музлатгични эслатадиган, 60 сантиметрга 60 сантиметр ўлчовдаги темирдан ясалган жой бор экан. Қўлимга кишан солиб, мени ўша “стаканга” жойлаштиришди. Шундай қилиб, Жалолобод вилоят прокурорининг Бишкеккача енгил машинада кетишим ҳақидаги гапини оддий солдатлар назарига ҳам илмай, ўз билганича иш қилишди.

Катта умидлар уйғотган 2016 йилги суд ҳам ноҳақ ҳукмни ўз кучида қолдирди

Ноябрь ойининг совуқ кунларида, юпқа кийимда тор темир “стакан” ичида қўққайиб ўтириш азобларнинг азоби экан. Тоғли туманларга яқинлашган сайин ҳавонинг совиб бораётганини сезиб борардим. Ахир, йўлдаги Олабел ва Туяошув довонларида ноябрь эмас, октябрь ойларидаёқ қиш ўз ҳукмини ўтказа бошлайди-да! Лекин на илож?! Дод-фарёд қилсанг ҳам ҳеч ким сени эшитмайди, ҳеч нарса ўзгармайди.

Соат неча бўлганини билмайман, тун қоронғулигида машина тўхтади ва кимнингдир, Тўқтағул шаҳрига етдик, деганини эшитиб қолдим. Демак, 300 чақиримча йўл юрибмиз. Бу умумий йўлнинг ярми деган гап эди.

Машинадан тушганки маҳбусларни ур-тепкига олишаётгани уларнинг инграши ва бақиришларидан билиниб турар эди. Мен совуқдан кирпитикон каби ўз танамга ўралиб, навбатимни кутиб турдим. Барча маҳбусларни деворлари тошдан бўлган изолятор камераларига жойлаб бўлишгандан кейин мени туширишди. Мени ҳайратлантиргани, атрофда турган бир гуруҳ милиция ходимларидан бирортаси ҳам менга қўл теккизмади. Ташқарида машинадан тушибоқ 10 сантиметрга яқин қор ёққанига гувоҳ бўлдим. Қўлимдан кишанни ечиб, бўшаниб олишга рухсат беришди. Ҳожатда узоқ вақт инқиллаб ўтирдим. Суюқлик ўта ёмон азоб билан чиқар эди. Сўнг мени бир камерага ёлғиз қамашди. Пол тахталарининг ярми кўчириб олинган, тоғ тошларидан барпо қилинган деворлар гўё ўрта асрни эслатар эди…

* * *

Камера худди эртаклардаги ялмоғизнинг уйи. Ҳавонинг совуқлигидан тош деворлар ҳам одамни ютиб юборишга тайёрдек туюлар эди. Мана, давлатда одамга бўлган муносабат! Ахир бу ерга олиб келинган ҳар бир одам жиноятчи бўладими, бошқами, давлат энг оддий шароитларни таъминлаши керакда! Қолаверса, суд қарори чиқмагунича, қамалган одам жиноятчи ҳисобланмайди. Суд уни айбдор деб топган тақдирда ҳам, унга яраша жазо белгиланиб, одам ўша жазосини тортади.

Бу ерда чидаб бўлмайдиган шароитларда яшаш – инсонни хўрлаш, таҳқирлаш ва қийнашдан бошқа нарса эмас. Бу ерда 1-2 кун ушлаб турилган одам, айби бўлмаса ҳам, нимаики гуноҳни тақишса бўйнига олиб, бу ердан тезроқ чиқиб кетиш ҳаракатида бўлиши аниқ.

* * *

Бу дунёда одамгарчилик нима эканини унутмаган шахслар ҳам оз эмас. Камерага Жазоларни ўташ давлат хизматининг қоровул батальони ходими Тоқобаев кириб, “Тонг отгунча чидай оласизми?” – деб сўради. “Агар аҳвол шу бўлса, эрталаб бу камерадан менинг жасадимни олиб чиқасизлар”, – дедим. У чиқиб кетиб, анча йўқ бўлиб кетгач, титилиб кетган бир матрас билан эски адёл топиб келди. Кейинроқ иссиқ таом ва қайнаган сув олиб кирди. Соатни сўрасам, ярим тун бўлган экан. Мен таомни ея олмаслигимни айтиб, қайноқ сувни олиб қолдим. Тоқобаевнинг менга қилган одамгарчилигидан ҳалигача мингдан минг розиман. Агар у эски бўлса ҳам матрас ва адёл топиб келмаганда, туни билан совуқдан ўлишим аниқ эди. Шу кунларда менинг бирдан бир орзуим тезроқ бу адолатсиз дунёни тарк этиш бўлган бўлса ҳам, совуқда итдай қийналиб ўлиб кетишни истамасдим.

* * *

Тонг отмай туриб, ҳаммани машиналарга тиқишди ва яна йўлга тушдик. Йўлнинг ёмон жойларида машинанинг силкинишлари қаттиқ азоб берар эди. Совуқ чийиллаб турган Суусамир водийсига етганда бизларга бўшаниб олишга рухсат беришди. Мен то охирги нафасимгача ўша куни бизни Бишкекка олиб келган “спецназ” жангчиларини унутмайман. Уларнинг менга кўрсатган хўрликлари, ҳақоратлаб айтган гаплари сира қулоғимдан, мажруҳ юрагимдан кетмайди. Аллоҳдан уларни шу ёруғ дунёдаёқ муносиб жазога гирифтор қилишини кун-тун сўраб, илтижо қилардим.

Суд тизими ва ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаев ҳақида ёзганлари:

Темир панжара ортида менинг асосий ахборот манбаим “Озодлик” ва“Америка овози” радиолари эди. Лекин мен учун жуда қувончли бўлган бир воқеа хабари турма эшигидан, оддий конвертга солинган ҳолда кириб келди.

2015 йил апрель ойининг охирлари эди (Бишкекдаги 47-колонияда. – таҳр.). Эшикда тоза ҳавода сайр қилиб юрган вақтимда эшик очилиб назоратчи қўлимга катта конвертни берди. Очсам, хат рус ва инглиз тилларида ёзилган экан. У Американинг Бишкекдаги элчихонасидан келган бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари ривожига қўшган улкан хизматларим учун Америка Давлат департаментининг ҳар йили бериладиган нуфузли халқаро мукофотига лойиқ деб топилганим айтилган эди. Элчи мени шу муносабат билан табриклаб, мукофот икки ой ичида Америка Қўшма Штатларининг Давлат департаментида топширилишини хабар қиларди. Хурсандчиликдан кўзим тиниб, томоғимга бир нарса тиқилгандай бўлди, қўлларим қалтираб, хатни тушириб юбормаслик учун маҳкам ушлаган ҳолда сайр майдонида тинимсиз айланиб юриб, баланд овозда узоқ йиғладим. Назоратчи нима гаплигини тушунмай хайрон. Ўзимга келганимда “нима гап, тинчликми?”, деб сўради, мен воқеани тушунтирдим.

«Асқаровнинг иши» ҳамиша Халқаро ҳамжамият эътиборида бўлди. Европа парламенти вакили Эймон Гилмор билан қамоқхонадаги учрашув

Бу хабар яшин тезлигида зонага тарқалди. Кўпчилик назоратчилар ва ҳарбийлар табриклаш ўрнига энди менга қанча пул берилиши билан қизиқишди.

Аллоҳнинг иродаси экан, бу воқеа бошқа қувончли ҳодиса билан деярли бир вақтга тўғри келиб қолди. Ўша машъум июнь воқеаларидан кейин 6 йил ўтиб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси менинг аризам бўйича қарор қабул қилди. Қўмита қарорида менинг ишим бўйича холис ва ҳар томонлама тергов юритилмагани, холис ва адолатли суд жараёнини таъминланмагани, менга қарши қийноқлар қўллангани ва менинг айбим қонуний йўл билан исботланмагани айтилган эди. Мана шу хулосалар асосида Қўмита Қирғизистон ҳукуматидан мени зудлик билан озод қилиш, зарур бўлган тақдирда ишимни қайта қараб чиқишни тавсия қилган эди.

* * *

Қирғизистоннинг сиёсий майдонида бу икки воқеа худди уйқуда ётган даҳшатли аждарни уйғотиб юборгандек ҳолатга олиб келди. Биз Конституциянинг отаси деб ҳурматлаган депутат Ўмурбек Текебаев бош бўлиб, парламент минбаридан туриб, “Биз БМТ қўмитасининг Азимжон Асқаровни оқлаш ҳақидаги тавсиясини умуман бажармасак ҳам бўлаверади”, деб бонг урди. Бу билан Текебаев ўз раҳбарлигида тайёрланиб, не азоблар билан қабул қилинган Конституцияни ҳам ҳурмат қилмаслигини билдирди. Ахир айнан мана шу конституцияда Қирғизистон фуқаролари адолат излаб халқаро ташкилотларга мурожаат қилишга ҳақли экани, ва агар бу ташкилотлар ўша одамни айбсиз деб топса, давлат бу қарорни тан олиши, жабрланган фуқарога муносиб товон тўлаб бериши лозим экани ҳам айтилганку?!

* * *

Текебаевни қўлловчилар ҳам кўп бўлди, айниқса миллатчилик руҳидаги кучларга, менинг қамалишимда тўғридан-тўғри айбдор бўлган ҳуқуқ-тартибот ва прокуратура органларига роса гап топилди. Лекин давлат хизматида ишласа ҳам ҳақ гапни ошкора айтувчи инсонлар ҳам бўлди. Қирғизистон омбудсмени Қубат Оторбаев ва бошқа айрим сиёсатчилар, “БМТнинг Азимжон Асқаров бўйича қарорини бажармаслик Қирғизистоннинг халқаро обрўсига путур етказади, деб айтишди.

Текебаев эса 2017 йилда худди мендек туҳмат билан 8 йилга қамалиб, энди ўзи тан олишни истамаган БМТ қўмитасига ариза ёзиб юрибди.

* * *

Шу ўринда президент Алмазбек Атамбаевнинг ўша кунлари Иссиқкўлга қилган сафари чоғида журналистлар билан учрашувда айтган гаплари ҳайратга солади. Бу мукофотни Атамбаев АҚШ томонидан қилинган иғвогарлик сифатида баҳолаган.

“…Бу билан ўзбек жамоатчилиги орасида уларнинг Қирғизистонда ёмон яшаётгани, уларга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлишаётгани ҳақидаги фикр жойлаштирилмоқда. Сепаратистлик кайфиятлар уйғотилмоқда”, – деган эди президент.

Қирғизистон мана шу мукофотни баҳона қилиб, 1993 йилда Америка билан Қирғизистон ўртасида тузилган ҳамкорлик ҳақидаги битимни бир томонлама бекор қилди. Аслини олганда менинг ишим бу ерда бир баҳона бўлди, холос. Қирғизистон раҳбарияти Россия билан алоқаларни қайта жонлантириш мақсадида шунча йиллар давомида ёрдам бериб келган АҚШ билан “сен-менга” боришдан ор қилмади.

Бундан ташқари Алмазбек Атамбаев бир неча йиллардан бери унинг Европага қилган сафарлари чоғида Азимжон Асқаровни озод қилишни сўрашаётгани ва уларга рад жавобини бераётганини айтган.

“Мен уларга бизда судлар холис ва мустақил ишлайди, ҳеч ким судлар ишига аралаша олмайди, ҳатто мен ҳам”, деб жавоб бериб келаяпман”, деган эди президент.

Хўш, агар бизда судлар холис ва мустақил бўлса нега суд менга нисбатан умрбод қамоқ жазосини Роза Отунбаеванинг талаби асосида чиқарди? Президент Алмазбек Атамбаев қайси мустақил судлар тўғрисида гапирган экан? Ахир унинг ўзи ҳам бир неча бор суд тизимини қаттиқ танқид остига олиб, суд ислоҳотлари кутилган натижани бермаганини айтганку?!

* * *

Бир пайтлар президент Атамбаев ва унинг маслакдошлари “Ҳозирги сиёсий арбоблар инсон ҳуқуқларини Конституцияда кўрсатилган даражада сақлаймиз”, деб қасам ичишган эди. Бироқ бундан кўп ўтмай, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси менинг ишим бўйича қарор чиқаргач, бу ваъдалар унутилди. Европа Иттифоқи эса, Қирғизистон ҳокимиятининг ўз ваъдаларини бузиб, демократия ва эркинлик ғояларига қарама-қарши иш қилаётганига қарамай, шу ҳокимиятни қўллашда давом этяпти. Берилган маблағ мақсадсиз сарфланишини кўриб-билиб туриб, яна миллионлаган долларлик грантларни ва имтиёзли қарзларни беришдан чарчамаяпти.

Қамоқдаги хўрлик ва ўз жонига суиқасд қилишга мажбур бўлгани ҳақида:

Суд жараёнининг уятсизларча ва ошкора бир томонлама бораётганини кўриб, буларнинг қўлидан фақат ўлиб қутилиш мумкинлигига яна бир бор ишонч хосил қилдим. Шу сабабли Тошкўмир шаҳрига келган кундан бошлаб таом ейишни бас қилиб, кунига фақат 400 грамм сув ичиш билан кифояланишни одат қилгандим.

Ҳар куни уйдан тушликка келиним Турдихон таом етказиб келади, тошкўмирлик ҳамкасбларимнинг илтимосига кўра изолятор ошпази ҳар куни камерага битта лавош нон ва алоҳида тайёрланган таом киритади. Ҳеч бирига қўлимни тегизмайман. Мен келгунча оч-наҳор қолиб юрган камерадошим Темурга яхши бўлди. Еганинг ош бўлгур, бу таомлардан ортиқча еб қўйиб, ошқозонини бузиб ҳам олди.

* * *

Худонинг берган куни нозирлар бизга ҳайвонга қилгандек муносабатда бўлишар, инсонлик ғуруримизни оёқости қилишиб, турли усуллар билан тахқирлашар эди.

Ҳар куни икки бор эшикка олиб чиқишади. Изолятор ходимларининг талаби билан камера очилишидан олдин эшик олдида ахлат челакни ушлаб, тайёрланиб турамиз. Эшик очилиши билан югуриб бориб, челакдаги ахлатни тўкамиз, кейин тезда чала-чулпа юз-қўлларимизни ювамиз ва яна югурган ҳолда камерага қайтамиз. Сал ҳаялласак, таёқ еймиз.

Камералар кунига икки бор, эрталаб ва кечга яқин текширилади. Заҳ камералардаги шундоғам совуқ бетон пол ҳўл латта билан артилиб, намлиги сезилиб турмаса, ўзлари қараб туриб яна ювдиришади.

* * *

Мен билан бирга судланган ҳамқишлоқларим ҳар сафар ташқарига чиққанда тезкор ходимлар уларни уриб, муштлашув бўйича “машқ” қилишади. Истаган маҳбусни истаган усул ва вақт давомида уришади.

Шундай кунларнинг бирида Элмурод Расуловнинг қорнига қаттиқ уришганда унинг нафаси чиқмай чўзилиб қолди. “Тез ёрдам” чақириб, зўрға ўзига келтириб олишди. Шундан сўнг миршаблар сал инсофга келиб қолишди.

Мен Тошкўмир изоляторини Гуантанамо қамоқхонасига солиштириб, у ердагиларнинг қийноқ ва одамларни хўрлаш борасида малака оширишга Тошкўмирга келса арзийди, деб кўнгилдан ўтказганман. Лекин, одам боласи бунча нафратни қаердан олади? Нима сабабдан инсон бунчалик вахшийлашиб кетади? Наҳотки бунинг сабаби фақат битта – бизнинг миллатимиз бошқа экани бўлса?! Ахир йиртқич ҳайвонлар ҳам бири бирига нисбатан бунчалик вахшийлик қилишмайди-ку?!

Хўш, шундай шароитда нимани исташи мумкин одам боласи? Фақатгина бир нарсани, тезроқ бу азоблардан қутилиш учун ўлишни ўйлайди-да…

* * *

…Ниҳоят мен кутган вақт келди. Ярим тунда секин жойимдан туриб, Темурнинг каравотини бир-икки қаттиқ силкитиб кўрдим. Унинг қаттиқ уйқуда эканлигига ишонч ҳосил қилгач, кийимим ичида асраб юрган қутқарувчим – пишиқ ипни олдим. Узилиб кетмаслиги учун икки қават қилиб, каравотнинг иккинчи поғонасига яхшилаб боғладим. Иккинчи учидан сиртмоқ ясадим. Сиртмоқни бўйнимдан ўтказиб, каравотнинг пастки қисмига тиралиб турган оёқларимни шахт билан бўшатдим…

Бир онда ўзимни гўё қанот ёзиб учаётган қушдай сездим. Ана шундай енгил учиб бориб шифтга яқинлашгач, ўзимнинг каравотда осилиб турган танамни кўрдим. Бир онда хона қизғиш тусга кирди. Бирдан чироқ ўчгандек атрофни зулмат қоплади…

* * *

Қанча вақт ўтганини билмайман, темир эшикдаги дарча – “кормушка” шарақлаб очилиб, одам қиёфасини йўқотган назоратчи, “Ҳэй чол, нега ерда ётибсан?”, деб ўшқирди. Мен ерда ётганча, “Ҳожатга туриб, йиқилдим”, деб жавоб бердим.

Агар яхшироқ қараганда, у каравотда осилиб турган ипни кўрган бўларди. Лекин у бундай қилмади. “Эҳтиёт бўл!”, деди-да “кормушкани” шарақлатиб ёпиб нари кетди.

Бетон полга қанчалик қаттиқ тушганимни билмайман, лекин лат еган пешонамда доғ пайдо бўлиб, бўйнимда ипнинг изи қолди. Уни назоратчиларга кўрсатмаслик учун эртаси кечгача кўйлагимнинг бўйин тугмасини қадаб юрдим.

* * *

…Аста туриб, узилган ипни қайта уладим. Чамаси, оғирлигим ипнинг икки қаватига тенг тушмай қолиши натижасида, аввал унинг биринчи қавати, кейин иккинчи қавати узилган эди. Эртаси куни Темур қаттиқ уйқуга кетгач, аввалгидай қилиб сиртмоқ тайёрлаб, аста бўйнимдан ўтказдим…

Яратган бу сафар ҳам менга ўлимни раво кўрмади. Тўғрироғи, У мени яна бир бор Ўзи бандаларини қайтарган ишдан, ўз жонига суиқасд қилишдек оғир гуноҳдан сақлади. Аллоҳнинг қудрати билан бу сафар сиртмоқ ипнинг уланган жойига келганда ушланиб, бўйнимни қисмай қолди. Шу алфозда бироз осилиб турдим, қийналганимдан терлаб кетдим. Сиртмоқни уланган жойидан чиқиб кетиши учун бир-икки қаттиқ силкиндим, лекин бундан наф чиқмади.

Иложсизликдан оёқларимни каравотнинг пастки қисмига эплаб илаштириб, сиртмоқдан бошимни чиқардим. Хўрлигим келиб, аччиқ-аччиқ йиғладим…

* * *

Кейин билсам, бўйин қисилиши натижасида кўз косасидан чиқиб кетиш даражасига келиб, бу ҳолат анчагача сақланиб қолар экан. Буни суд жараёни пайтида адвокатим Нурбек сезиб қолиб, сабабини суриштирди. Мен индамадим. Камерадошим Темур эса бу ишлардан бехабар қолаверди.

* * *

Мен ич-ичимдан видолашишни истаган ҳаёт яна аввалгидай давом эта бошлади. Ҳар куни тушликда уйдан таом келади, изолятор ошпази ҳамкасбларим номидан таом киритади. Темур, “Азим ака, ҳеч бўлмаса оғиз тегинг”, деб ялинади. Мен рад этиб, сув билан қаноатланаман. Шайтон қаттиқ васвасасига олган эканми, бутун хаёлимни асир қилиб олган суиқасд нияти мени сира тарк этмай қўйди. Ўйланиб юриб, ўзимни ўлдиришнинг яна бир усулини ўйлаб топдим.

Камерага кираверишда 1,5 метрдан сўнг бетон пол супа шаклида 40-50 сантиметр кўтарилган эди. Тун яримлаб атроф тинчигач, супанинг қирғоғига турдим. Ўзимга ўзим марҳумларга ўқиладигандек Қуръон тиловат қилдим-да, орқам билан бетон полга ўзимни ташладим…

Бошим полга қаттиқ урилганини элас-элас эслайман, ўзимга келиб кўзимни очсам, изолятор бошлиғи хонасида ўтирибман. У ерда Тошкўмир шаҳар прокурори ва милиция бўлими бошлиғи ҳам бор. Кейин билсам, мени полда бехуш ётган ҳолда топишгач, ҳеч нарсадан хабари йўқ ухлаб ётган Темурни мени урган деб ўйлаб, роса қийнашибди. Бечора Темурнинг бу ишга алоқаси йўқ эканини айтиб, “Ҳожатга туриб, қайта супага кўтарилаётганимда орқам билан йиқилдим”, деб қутулдим.

Гурсиллаб йиқилганимда бошқа камерадагилар ҳам чўчиб уйғониб кетишган экан. Еган зарбдан бошимнинг орқа қисмида катта шишик пайдо бўлди. Мен эса бошим майдаланиб кетади, деб умид қилган эдим. Лекин Аллоҳ омонатини яна ўзимда қолдирди. Шундан сўнг бўйнимни киноларда кўрганимдек қаттиқ қайриб синдириш йўли билан ўлиш амалини қидирдим. Каравот билан девор орасидаги оралиққа бошимни суқа олмадим. Агар у ерга бошим сиққанда бунинг учун аъло жой эди…”

Таҳририятдан: Қирғизистон жанубидаги қонли воқеалардан сўнг 2010 йилнинг 15 июнида қамоққа олиниб, туҳмат асосида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаров олти тарафи тенг бетон камера ичида қолса ҳам, ўн йил давомида адолат учун курашишда давом этди. Ўнлаб ноҳақ қамалганлар номидан тегишли жойларга ариза ёзиб, уларнинг жазо муддатини қисқартиришга, қамоқдаги шароитини яхшилашга, ва ҳатто қамоқхона ходимларига ҳам юридик ёрдамлар берди. Лекин…

Фаолнинг ўзига на маҳаллий ва на халқаро ташкилотлардаги касбдошлари, на БМТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам ёрдам бериша олмади. Охир оқибат у 2020 йилнинг 25 июлида қамоқхонада 70 ёшида ҳалок бўлди. Унинг ўлими сабаблари ҳалигача жиддий ўрганилмади. Журналистнинг яқинлари, ҳамкасблари ва Халқаро ҳамжамият бу иш бўйича холис текширув олиб боришни талаб қилишда давом этмоқдалар.

Азимжон ака ўзининг сўнгги илтимосига кўра Ўзбекистонда дафн этилди

Азимжон Асқаров ўзининг васиятига мувофиқ Тошкент вилоятининг Янгибозор шаҳарчасида яшовчи фарзандларининг уйига яқин жойдаги қабристонда дафн этилди.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек

Суратлар интернетдан ва Асқаровларнинг оилавий архивидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг