Тўрт кундан кейин! Ниҳоят Қозоғистон қўшниларига ўз чегараларини очмоқда

Насиб қилса, яқин кунларда яна Қирғизистондан Ўзбекистон ва Россияга эркин автомобиль қатнови бошланади.

Қозоғистон оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотга кўра, 11 апрелдан тортиб мамлакат ўзининг Қирғизистон, Ўзбекистон ва Россия билан қуруқликдаги чегараларини очмоқда. Бу қарорни Қозоғистон ҳудудида коронавируснинг тарқалишини олдини олиш бўйича тузилган маҳкамалараро комиссия қабул қилган. Унга кўра давлатнинг кўрсатилган чегараларидан Қозоғистон фуқаролари ҳам, бошқа чет эл фуқаролари ҳам, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам бемалол ўта оладилар.

Шу билан бир қаторда мамлакат чегарасидан ҳаво йўллари орқали, яъни самолётларда ҳам ўтиш мумкин бўлади. кўплаб самолёт қатновларининг бир қисми Қозоғистондаги машъум январь воқеалари давомида тўхтатиб қўйилган эди.

Чегарадан ўтиш учун аввал киритилган талаблар сақлаб қолинади. Аниқроқ қилиб айтганда, чегарадан ўтишда фуқаролар коронавирусга чалинмагани ҳақида ПЗР тести топширгани ёки унга қарши тўла эмлангани ҳақида ҳужжатларни кўрсатишлари лозим.

Эслатиб ўтамиз, чегаралар ёпилиши туфайли минглаб сайёҳлар ва қариндошлари билан борди-келди қилаётган фуқаролар учун жуда қулай бўлган “Бишкек-Тошкент-Бишкек” автобус қатнови ҳам тўхтаб қолган эди. Демак, яқин орада бу қатнов ҳам қайта тикланиши мумкин.

Бунга қадар Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида эришилган битимга асосан, икки давлатнинг бир неча шаҳарларига ўзаро автобус қатнови очилган эди. Жорий йилнинг 16 мартидан йўлга қўйилиши керак бўлган автобус қатновлари айрим сабабларга кўра Қозоғистон томонидан кечиктирилган.

Шуни айтиш керакки, кеча 6 апрель куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Қозоғистон президенти Қасим-Жўўмарт Тўқаев телефон орқали гаплашишиб, жумладан чегараларни очиш масаласини ҳам муҳокама қилишган.

Чегарадаги муаммолар туфайли ҳозир ҳам Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида юк машиналари бир неча чақиримгача узунликда навбат кутиб қолмоқдалар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг