“Қайнонам, бола керак бўлса ўзинг даволан, менда пул йўқ”, деди

Мажбуран турмушга узатилиб, олис Россияда хўрлик кўраётган ёш келинчак воқеаси.

Муҳожирликдаги юртдошларимиз, миллатдошларимизнинг ҳаёти ҳам ўзига яраша хилма-хил ва баъзан жуда мураккаб. Қисқа вақт Россияда юриб, мусофирдаги қиз-келинларимизнинг оғир меҳнат қилишларига, уларга гўёки қулдай муносабатда бўлишаётганига гувоҳ бўлдим. Бунга нима сабаб бўляпти, уларнинг ота-оналарими ёки тақдир? Гап иш берувчилар ёки ҳуқуқ-тартибот органларининг зўравонлиги эмас, оилалар ичидаги юракни эзадиган муаммолар ҳақида.

Ота-онам ва жигарларим Татарстоннинг пойтахти Қозон шаҳрида истиқомат қилганлари учун ҳар йили у ерда меҳмонда бўлиб тураман. Ҳам саёҳат, ҳам тижорат деганларидек, у ерга борганда вақтинчалик бирор юмуш топиб оламан, беш-ўн сўм пул чўнтагимга зиён қилмайди-ку тўғрими? Лекин ҳозир гап мен ҳақимда эмас, ўзим билган айрим мусофирларнинг яшаш тарзи ва турмушига қизиқиб, улар билан ҳамсуҳбат бўлгач, мана шу реал воқеани ёритишга жазм қилдим.

Мен ишлаётган кийим-кечак савдо дўконида бир ёшгина келинчак фаррошлик қилар экан, эрталаб келиб, 1-2 соатлик ишини битирадию, негадир уйига кетишга шошилмайди, бунга кўнгли чопмайди. Бир қарасанг, кўзи кўкарган, яна бир қарасанг, юзи ишган ёки лаби ёрилган… Тинчликми, деб сўрасам, “музга йиқилиб тушдим”, деб маюс кулиб қўяди.

“Ҳа, биламан йиқилмаганингизни, дўппосланганингиз шундоқ ҳам кўриниб турибдику”, деб ҳазиллашиб қўяман. Бир куни чидамай, сиқувга олсам, бечора ўша куни турмуш ўртоғи тарафидан дўппослангани ва бунга эрига гап қайтариб қўйгани сабаб бўлганини айтиб, кўзларига жиққа ёш келди. “Келинг синглим, дардингизни мана менга айтинг”, деб дардига ҳамдард бўлишга ҳаракат қилдим.

Келинчакнинг исмини ўзгартириб, Хуршида деб қўяқоламиз. У тожикистонлик ўзбеклардан экан. Ташқарида 5 даража совуқ бўлса ҳам, уй халатида, оёғида енгил макас кийиб олган бир аҳволда ишга келди. Яшаб юрган уйидан иккита автобус алмаштириб келади. Иссиқ ўлкалардан келиб қолган мусофирлар учун Россиянинг совуқларига чидаш осонмас, лекин оилам, уйим жойим деб, биз мусофирлар борига сабр қиламиз…

Билмабман, ўша кунлари охирги ишга келаётган кунлари экан. Қуйида унинг сўзларини ўзгартиришсиз келтирамиз.

“Эҳ, опажоним, мен бир оддий оиланинг фарзандиман, оилада уч қизмиз. Ўғил фарзанд йўқлиги учунми, ёки оилада тўнғич фарзанд бўлганим учунми ёшлигимдан отамга ёрдам бўлсин деб, дала ишларига чиқа бошладим. Дугоналарим билан қўшимча даромад топиш учун эрта баҳордан то кеч кузгача далада ишлайман…

Мактабни аъло баҳоларга битирдим, ўзим орзу қилганимдек педагогика институтига ўз кучим билан кириб ҳам олдим. Ота-онам, сени ўқитгани шароитимиз йўқ, турмушга берсак, хоҳласа ўқитсин, хоҳламаса йўқ, деганларига қарамай, ўқишдан сўнг қўшимча даромадли иш қидира бошладим. Курсдошимнинг бир танишига бозорда савдо қилиш учун ишчи керак экан, ўша ишга жойлашдим. Ҳам иш, ҳам ўқиш деганларидек, йиллар ўтиб, олийгоҳни ҳам тамомладим.

Шу орада уйимиздан совчиларнинг кети аримай қолди. Қаршилигимга қарамай, отам синфдошининг ўғлига унаштириб қўйишган экан. Қайнонам Россияда, уйимизга сингиллари совчи бўлиб келаверди, келаверди… Отам, сингфдошим ёмон эмас эди, дея мени ўша хонадонга узатди ва биз тўйдан сўнг Қозон шаҳрига келдик. Аввалига жуда бахтли эдим, қайнонам уч-тўрт ерда ишлар экан. Мени ҳам ўзи ишлаб юрган шу дўконга ишга жойлаб қўйди. Тўғри ойлигим унчалик кўп эмас, лекин уйимизнинг ижарасига ёрдам бўлиб турибди. Худо хоҳласа, хомиладор бўлиб қолсам, ишламас эканман, ҳозирча ишлаб турай…”

“Турмуш қурганимга май ойида бир йил бўлади, шу ҳомиладор бўлсам, тезроқ бўла қолмадим”, дея кўзи ёшланди. Унинг нега ҳомиладор бўлмаётгани, балки бунга турмуш ўртоғи ҳам сабабчилигига қизиқдим.

“Ҳа, қайнонамнинг синглиси шифохонага олиб борди, шифокорга кўриндим. Шифокор ҳомиладор бўлмаётганим сабабини холамизга айтди, лекин қайнонам, “бола сенга керак бўлса ўзинг даволан, менда пул йўқ, ўғлим соғлом” деб, жаҳл қилди. Аллоҳим бераридан қисмаса, фарзандлик ҳам бўлиб қоларман, бунда ҳам бир ҳикмат бордир, деб қўяқолдим”.

Хуршидани эшитиб ўтириб, албатта ичим оғриди, чунки янги келинчакни биров танимаган, билмаган ерга олиб келиб, ишлашга мажбур қилгани етмаганидек, мана шундай зулм қилаётган қайноналарга ҳеч тушунмайман. Ахир у ҳам бировнинг гулдай боласику! Шу келинни қистаб юриб олгунига қадар ўша ижара пули ҳам тўланиб келгандир? Энг аянчлиси бу эмас экан.

“Опажон, майли, ҳаммасига сабр қилиб, яшаб келдим… Лекин қайнонам никоҳ гувоҳномамизни бекор қилиб, мени ўз юртимга қайтариб юбормоқчи. Ўғлини эса бирор рус ёки татар қизига уйлантирмоқчи, ўғлига Россия фуқаролигини олиш учун. Уйланмаган қайним бор, “ўшани уйланг”, десам, қайним бўйдоқ бўла туриб уйлангани кўнмади… Онамнинг юраги оғрийди. Онам сиқилмасин, орқамдан сингилларим бор, “опаси қайтиб келибди”, деган гап сўзга қолишмасин деб, ҳаммасига сабр қиляпман, – дейди шўрлик қиз. – Онамга қийналиб кетганимни айтдим ҳам, лекин онам, “келиннинг куни кейин қизим, сабрли бўл”, дедилар…

Ўшандан бери Хуршидани кўрмадим. У ҳақида бирор маълумот ҳам йўқ…

Шукрки, ҳозир деярли ҳар бир давлатда муҳожирларга ёрдам кўрсатувчи турли ташкилотлар бор. Шулардан бири Қозон шаҳар Ўзбек Миллий маркази. Марказ қошидаги Аёллар кенгаши раисаси Озодахон опа Мираҳмедова асли қирғизистонлик. Оиласи ва фарзандлари билан Қозон шаҳрида кўп йиллардан бери истиқомат қилиб келишмоқда. Озодахон опадан бу ерда ишлаётган ўзбек аёл-қизларимизнинг яшаш шароитлари ва келинларга бўлган муносабат ҳақида сўрадик. Аёллар кенгаши Ўзбек миллий маркази тарафидан берилган ваколатига кўра, кўплаб оилаларнинг муаммоларини яхшилик билан ҳал қилишга ҳаракат қилиб келади. Яъни, қайнона-келин ва эр-хотинлар ўртасидаги зиддиятларни бартараф этиб, оила мустаҳкамлигини сақлаб қолишга, имкон қадар ажралишларга қарши курашишга ҳаракат қилишади.

“Ўзингиз биласиз, мусофирда яшашнинг ўзи оғир, миллатдошларимиз оиласидан ва яқинларидан йироқда, соғинч азобида, меҳнатнинг оғир-енгилига қарамай ишлашга мажбурдирлар”, – дейди Озодахон опа. – “Биз имкон қадар уларнинг мушкулини осон қилишга ҳаракат қиламиз”.

Аёллар кенгаши нафақат қирғизистонлик, балки қўшни давлатлардан келган миллатдошларимизни ҳам ўз эътиборларидан четда қолдирмайдилар. Лекин одам кўп, бирор оилада муаммо борлигини уларга бирор кимса мурожаат қилмагунича билиб бўлмайди. Афсуски, Хуршиданинг тақдири ҳам шу сабабдан жамоатчилик эътиборидан четда қолиб кетган.

Бу воқеани ёзишимдан мақсад, ўша қайноналарга ҳам инсоф берсин! Ахир сиз оёқости қилаётган қизлар ҳам кимнингдир азиз фарзанди-ку! Келинларингизни мусофир юртларга олиб келиб ишлатганигиз ҳам етмагандай уларни итдай хўрлашингиз тўғрими? Ахир шу ўғилларингиз сабаб Аллоҳ сизга келин ато этган экан, уни келин эмас, қизим деб қабул қилишингиз, ёш оила ва бўлажак набираларингизнинг бахтини ўйлаб иш тутишингиз нафақат оналик, балки мусулмонлик, инсонийлик бурчингиз эмасми?

Қизларини турмушга узатаётган ота-оналарга илтимосимиз – қизингизнинг бўлажак турмуш ўртоғи, у бориб тушадиган оиланинг қанақа эканини яхшилаб суриштириб билмай туриб, ўз қизларингизни уйингиздан сиртга туртманг. Уларни ўз истакларига қарши тезроқ эрга беришга шошилиб, гулдек қизларингизнинг ёш умрини хазон қилманг!

Сўзим якунида тилагим, авваламбор Яратган барчамизга ўз юртимизда, оиламиз ва фарзандларимиз билан бирга тинчлик-ҳотиржамликда, хурсандчиликда яшаш насиб этсин. Мусофирда юрган барча мусулмонларимизга Аллоҳдан ана шундай тинчлик-ҳотиржамлик ва сабр-қаноат тилаб қоламан.

Умида Аҳмад, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинган, унинг мақола қаҳрамонларига даҳли йўқ

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг