Қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг аҳволи енгиллашади…ми?

Қирғизистон ҳукумати илтимосига кўра Россия ўз қарорларига айрим ўзгартиришлар киритди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг чет элликларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги қоидаларига ўзгартишлар киритди. Жумладан, энди тиббий кўрикдан ўтганлиги ҳақидаги сертификат ва тиббий хулосалар 12 ойгача яроқли деб ҳисобланадиган бўлди. Аввалги қоидага кўра ҳар уч ойда шундай кўрикдан ўтиб туриш талаб қилинар эди.

Бундай тиббий ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин иккинчи тиббий кўрикдан ўтиш учун 30 кун муддат берилади.

Бундан ташқари, кўрикдан ўтиш пайтида фуқароларнинг бунгача даволангани ёки кўрикдан ўтгани ҳақидаги тиббий ҳужжатлари ҳам инобатга олинади. Яна бир енгиллик шундан иборатки, аввалги қоидага кўра чет эллик фуқароларнинг болалари ҳам 6 ёшдан тортиб танасида гиёҳвандлик ёки психотроп моддалар бор ёки йўқлигини текширтиришга мажбур эдилар. Энди бу масалада болаларни 13 ёшгача безовта қилмайдиган бўлишди.

Аввалги қоидага кўра, тиббий кўрикдан ўтиш чоғида бир қатор юқумли касалликлар қаторида коронавирус мавжудлиги ҳам текширилиши лозим бўлса, энди бу вирус бор ёки йўқлигини текширишга эҳтиёж йўқ. Яъни, мамлакатга киришда топширилган ПЗР тестининг ўзи кифоя қилади.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Қирғизистон томон аталган қоидаларнинг енгиллаштирилишини сўраб, Россия ҳукуматига мурожаат қилган эди. Янги қоидалар шу йилнинг 1 мартидан бошлаб кучига киради.

Сўнгги расмий маълумотларга қараганда, бугунги кунда Россияда 1 миллиондан ортиқ қирғизистонлик фуқаро рўйхатга олинган. Афсуски, уларнинг барчаси ҳам ўз ўрнини топиб, бемалол ишлаб юрибди дея олмаймиз.

Санкт-Петербург шаҳрида тирикчилик қилиб юрган ватандошимиз Ахрорбек Маматкаримов Россия ҳукумати киритган янги қонунларнинг муҳожирларга салбий таъсир қилаётгани ҳақида  айтди.

“Бу қонун бизнинг фойдамизга чиқмади. Беш-ўн сўм топаман, деб шу юртларга келгандик. Топган пулимизнинг ярми шундоғам квартирага, озиқ-овқатга кетиб қоляпти. Буниси энди ошиқча бўлди, янги ҳужжатларни тайёрлаш учун вақтимиз ҳам, пулимиз ҳам кетяпти”, – дейди суҳбатдошимиз. – “Куни кеча бир акамизни оталари қазо қилганди боролмади, мен ўз синглимнинг тўйига қатнаша олмадим”.

“Қани эди ўз юртимизда иш, шароит бўлса, бу ерда бир дақиқа ҳам турмас эдим”, деб кўзларига ёш олди ватандошимиз.

Муҳожирлар орасида билими йўқ, ҳаттоки тил билмайдиганлари ҳам бор. Шу сабабдан алданиб, маошини ололмай, ҳаттоки қулликка сотилиб кетаётганлар ҳам учраб турибди. Бунда ким айбдор? Ўз халқини иш билан таъминлаб беролмаган давлатми ёки ўз ҳуқуқларини билмаган халқми? Қирғизистонда савдо билан шуғулланувчи 45 ёшли Хуршид Мамажанов бу муаммода давлатни айблайди.

“Давлатимиз айбдор, албатта. Мустақил республика бўлганимизга 30 йил бўлибдики, ишхонаю корхоналар, завод, фабрикалар очилгани йўқ. Дипломи йўқлар у ёқда турсин, дипломи борларга ҳам иш топилмаябди. Иш йўқ одамлар нима қилсин, Россияга боришга мажбурда…”, – дейди Мамажонов.

Россия Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, 2020-йилдан бери етти миллиондан ортиқ муҳожир Россияда ишлаш учун рухсатнома олган. Улардан бир ярим миллиони бунгача ноқонуний муҳожир сифатида юрган. Чет элликларнинг катта қисми ҳалигача Россия Федерациясида юришини қонуний асосга солмаган.

Ўз фуқароларига ҳуқуқий ёрдам бериш мақсадида Қирғизистон давлат идоралари томонидан махсус қўлланма тайёрланган ва унда чет давлатга кетаётганлар учун бир қанча тавсиялар келтирилган. Масалан, меҳнат муҳожири ишга қабул қилувчи компания, таклиф этилаётган иш жойи ҳақида қариндошларини олдиндан хабардор қилиши керак. Йўлга чиқишдан олдин ўзи кетаётган мамлакат ҳақида иложи борича кўпроқ маълумот олиши керак: кетиш, қолиш, ишга жойлашиш, тиббий ёрдам, меҳнат шароитлари ва бошқалар ҳақида. Акс ҳолда, муҳожир у ерга келиши билан ёқимсиз, кутилмаган ҳодисаларга дуч келиши мумкин.

Аввал хабар қилганимиздек, бу ишларни яқинда онлайн тарзда, ўз уйидан чиқмай туриб амалга ошириш мумкин бўлади. Бунинг учун Россия ҳукумати махсус давлат хизматини жорий қилди.

Ҳозирги даврга келиб урфга айланиб қолганми ёки ҳаёт мажбур қиляптими, ёшлар 18 ёшга киришини Россия Федерациясига ёки бошқа давлатга кетиб қолиш учун кутишяпти. Улардан ташқари балоғат ёшига тўлиб-тўлмаган, она сути оғзидан кетмаган ёшлар ҳам, ота-оналари билан бирга муҳожир бўлиб чет элларда, ўз ватанидан йироқда муҳожирлик қисмати таъмини тотишябди. “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан”, деган гап халқимиз орасида бекорга айтилмаган бўлса керак. Чунки мусофирчиликнинг ўзига яраша ёзилган ва ёзилмаган қонун-қоидалари бор.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Қирғизистон Республикасининг ўн минглаб фуқаролари, улар ичида ёшлар ҳам, ўз тақдирини бошқа давлатга кетиш билан боғлаб яшашади. Масалан, пойтахт Бишкекдаги 95-сонли касб-ҳунар лицейида ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, битирувчиларнинг 70 фоизи ўқишни битиргач, Россияга жўнаб кетишни режалаштирмоқда. Бироқ у ерда ўша ёшлар ўз ўрнини топиб кета оладими?

Ўшлик ўқитувчи Муслима Алимованинг фикрича, одамлар Россияга кетишга мажбур бўлаётган бўлсалар ҳам, ўша юртнинг тилини, урф-одатини ва қонун-қоидаларини билишлари керак.

“Афсуски, ёшларимизнинг ўқишга бўлган қизиқиши сўнган. Ҳозирги ёшлар пул топиш кўйида. Бунга эса биз катталар айбдормиз, ўқиб олим бўласанми, дипломи борлар ҳам иш тополмаяпти-ку, деган сўзларимиз сабабчи”, – дейди Алимова.

Эски патент ва янги кўрик

Россия Федерацияси визага муҳтож бўлмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун меҳнат патентларининг янги шаклларини киритмоқда. Патентларнинг эски намуналари амал қилиш муддати тугагунга қадар ишлайди кейин уларни янгилари билан алмаштириш керак бўлади.

Шуни айтиш керакки, янги қоидалар Евроосий иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) кирган мамлакатлар – Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон ва Беларусь фуқароларига тўла тааллуқли эмас. Яъни, Евроосиё маконида умумий меҳнат бозори тўғрисидаги келишувга кўра улар учун ҳамон маълум имтиёзлар мавжуд. Ушбу давлатларнинг фуқаролари ишлаш учун рухсатнома (патент) олишлари шарт эмас.

Миграция масалалари билан шуғулланувчи қирғиз ва рус давлат идоралари “Российская Газета” мухбирига Қирғизистон Республикасининг ЕОИИдаги иштироки доирасидаги барча келишувлар ўз кучини сақлаб қолишини ва 2022 йилда янги қоидалар Қирғизистон фуқаролари учун амал қилмаслигини тушунтиришди.

Улар аввалгидек, Россия компаниялари ва корхоналари билан меҳнат шартномаларини тузадилар. Россия ҳудудида 90 кун юргач, у ерда қолишни ва ишлашни истаган қирғизистонликлар бунга асос бўладиган ҳужжат кўрсатишлари шарт. Ишлаш ҳақида бирор корхона билан тузилган шартнома ана шундай асос бўла олади. Бу янги қоида муаллифларининг фикрича, иш топиш жараёнини сезиларли даражада осонлаштиради ва соддалаштиради. Россия расмийларининг таъкидлашларича, амалда муҳожирларнинг меҳнат ҳуқуқларини Россия фуқароларининг ҳуқуқлари билан тенглаштиради.

Тўла назорат остида

Шу билан бирга Қирғизистон халқига ҳам бевосита таъсир қиладиган яна бир янгилик бор. 2021-йил 29-декабрда бармоқ изини рўйхатга олишни назарда тутувчи федерал қонун кучга кирди. Эндиликда Россия Федерациясига келган чет эл фуқаролари тиббий кўрикдан ўтиши, бармоқ изларини топшириб, махсус суратга тушишлари шарт. Россия Федерацияси ҳудудида қонуний қолиш учун чет элликларнинг эгаси ҳақидаги маълумотлар киритилиб, ламинатланган махсус карталари Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларига берилади.

Бармоқ изини мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш ва суратга олиш ички ишлар органлари томонидан кириш ва чиқишлар сонидан қатъи назар, бир марта, бепул амалга оширилади.

Россия Федерациясида 30 кундан ортиқ вақт давомида қоладиганлар бир марталик бармоқ изларини рўйхатдан ўтказишлари ва суратга тушишлари керак бўлади. Буни Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларининг миграция бўлимларида, “Паспорт-виза хизмати” унитар корхонасида ва унинг филиалларида, шунингдек, Москва шаҳрининг “Кўп функцияли” муассасасида амалга ошириш мумкин. Бу талаблар бажарилмаган тақдирда, қоидабузарлар учун Россия Федерациясида вақтинча юриш муддати қисқартирилади.

Шунингдек, 2022-йилнинг 1-январидан бошлаб Россияда ноқонуний ишлаётган хориж фуқаролари жаримага тортиладилар ва қайта кириш тақиқланган ҳолда мамлакатдан чиқариб юборилади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази хабар берди. Ноқонуний мигрантларни ноқонуний ишга ёллаганлик учун иш берувчилар ҳар бир ходим учун 800 минг рублгача жаримага тортилиши мумкин.

Бугунги кунда Қирғизистон фуқаролари ушбу тартиб-қоидаларни бажаришда бир қатор қийинчиликларга дуч келишмоқда, жумладан, Москвадаги миграция марказларида доимий равишда узун навбатлар юзага келган. Натижада одамлар соатлаб вақтини навбатда туриб, зое кетказишмоқда.

Қирғизистонликларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши масаласи 16 февраль куни Жўғўрқу Кенешда кўтарилган. Кейинроқ, парламент раиси Талант Мамитовнинг Россияга қилган ташрифи давомида бу масалалар Россия расмийлари билан муҳокама қилинган. Музокаралар натижалари ҳозирча тўла эълон қилингани йўқ.

Соҳибжон Мамиров, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг