Россия-Украина: Биродаркушлик урушининг дастлабки акс-садоси

Уруш билан боғлиқ иқтисодий санкциялар бошланмай туриб, муаммоларни пайдо қилди.

Кеча, 24 февраль эрта тонгда Россиянинг Украинага қарши бошлаган урушининг таъсири Қирғизистон ва қўшни давлатларда ҳам дарров билина қолди. Қирғизистонда асосий валюта бўлган долларнинг нархи бирданига 10 сўмга қимматлаб, 95 ва ундан юқори нархларда сотила бошлади. Сотиб олиш нархи 85 сўмдан кўтарилмаган. Айрим сайтлар Бишкекда доллар сотиб олиш мумкин бўлмай қолгани ҳақида ёзиб чиқишди.

Россия рубли эса, аксинча ўз вазнини йўқота бошлади. Унинг расми курси уруш бошланган куни кечга яқин 1 қирғиз сўми атрофида тўхтади. Лекин пул алмаштириш жойларида уни 70-80 тийиндан сотиб олинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Рубль курсининг тушиб кетиши Россиядан келаётган пулларнинг баракасини йўқотиб юборишини қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари ва уларнинг яқинлари кўп марта тотиб кўришган.

Миллий банк хабарида таъкидланишича, Украинадаги воқеалар ҳамда АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан Россияга қарши киритиши мумкин бўлган санкциялар ҳақидаги маълумотлар туфайли Россия рублининг курси юқори ўзгарувчанлик касб этди. Бу ўз навбатида ички валюта бозорида доллар курсининг ошишига олиб келди. Миллий банк бунга «кўп жиҳатдан психологик омиллар ва бозор иштирокчиларининг умидлари сабаб бўлмоқда» эканини тахмин қилди.

Эслатиб ўтамиз, Россия қўшинлари Украина ҳудудига кириб, мамлакат ҳудуди ракета ва бошқа олисга отувчи техникадан ўққа тутила бошлагач, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари Россияга нисбатан турли санкциялар кирита бошладилар. Россиянинг ўзи бу санкцияларга тайёр эканини маълум қилиб, ҳужум қилишда давом этмоқда.

Миллий банк вазиятни барқарорлаштириш учун валюта интервенцияларини амалга оширди, яъни валюта бозорида катта ўлчамда доллар сотди. Зарур ҳолларда Миллий банк валюта бозорида иштирок этишда давом этишини маълум қилди.

Иқтисодчи Азамат Акенеевнинг 24.kg маълумот агентлигига берган интервьюсида айтилишича, рубльнинг тушиши биринчи галда Қирғизистоннинг Россия билан қиладиган савдо балансига салбий таъсир қилади. Яъни, Қирғизистондан борадиган маҳсулотлар Россияда қимматлаб кетиб, уларнинг харидоргирлиги пасаяди. Шу вақтнинг ўзида Россиядан келадиган товарлар арзонлаб кетади. Бу бир қарашда яхши бўлиб кўрингани билан, зарари кўпроқ. Яъни Россия товарлари маҳаллий товарларни бозордан сиқиб чиқариши оқибатида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қаттиқ зарар кўрадилар.

Эксперт рублнинг тушиб кетишидан кўриладиган асосий зарарлардан бири меҳнат муҳожирларидан келадиган пулларнинг қадрсизланиши эканини айтди. Бу ҳақда россиялик ва бошқа мутахассислар ҳам айтишмоқда.

Уруш оқибатида Қозоғистон валюта бозорида ҳам муаамолар юзага келди. Давлат Миллий банки тенге курсини қўллаб-қувватлаш учун 24 февраль куни 104 миллион доллар сарфлашга мажбур бўлди. Кун давомида доллар қимматлашда давом этди ва куннинг иккинчи ярмидаги биржа савдолари якунларига кўра, доллар курси 465,9 тенгени ташкил қилди, ўша куни эрталаб расмий курс 437 тенге эди.

Тожикистонда рублнинг сомонийга нисбатан курси кескин тушиб кетди. 24 февраль куни айрим кредит ташкилотлари «Озоди» радиосига 1000 Россия рублининг бир кун аввалгидан 13 сомонийга арзонлашганини тасдиқлади. Тожикистонда аҳволнинг бир қадар оғирлиги шундаки, 2016 йилдан бери Марказий банк кўрсатмаларига кўра рублдаги пул ўтказмалари ўша пайтдаги расмий курс бўйича конвертация қилиниб, эгаларига сомонийда берилади. Бозордаги курс анча фарқли бўлгани боис бунда фуқаролар одатда жиддий йўқотишларга учрайди.

“Озодлик” радиоси урушнинг бошқа давлатларга қандай таъсир қилиши ҳақида экспертлар фикрини тўлаган. Қуйида улардан айримларини келтирамиз.

Ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи, Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов 24 февраль куни қабул қилиниши кутилаëтган кенг кўламли санкцияларнинг Россия ва унинг орбитасидаги бошқа давлатларга таъсирини башорат қилиш қийинлигини айтди. Айни пайтда Юсупов бу оқибатларнинг Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар учун сезиларли бўлишини таъкидлади

– Албатта, Кремлнинг бу жиноий авантюраси ортидан Россия иқтисоди ва рубль жуда қаттиқ зарар кўради. Ва албатта бу зарар Ўзбекистон иқтисодига ҳам таъсирини кўрсатади. Рубльнинг қулаши, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари даромадининг доллардаги миқдори ҳам қулашини билдиради. Ўзбекистонда Россия инвестиция ва кредитлари ҳам қисқаради. Бу эса, Ўзбекистонга кираëтган валюта қисқаришини англатади. Сўм курси пастлай бошлайди. Қачон ва қанчага пастлайди, буни ҳозир айтишнинг иложи йўқ. Лекин сўмга босим бошланди – бу одамлардаги қўрқув ва ўз жамғармасини валютада сақлаш истагининг кучайишидир.

Жорий вазият Ўзбекистонга бошқа давлатлардан инвестиция киришига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин. Инвесторлар Украина уруши фонида Марказий Осиëни хатарли минтақа деган ишончга келиши мумкин. Бу эса, инвестиция қилиш истагининг камайиши демакдир.

Урушнинг ташқи савдога таъсири бўлмай қолмайди, албатта. …Ҳозирги вазиятда Ўзбекистон бошқа давлатларга экспортни кучайтириши мумкин. Биринчидан, сўмнинг пасайиши, иккинчидан, Россиянинг бошқа давлатлар билан савдоси қисқариши Ўзбекистон учун экспорт имконини очиши мумкин. Аммо бундай маҳсулотлар рўйхати қисқа.

Қозоғистонлик иқтисодчи Сапарбой Жубаев ҳам Россия иқтисоди, биринчи галда рублнинг қулаши ўзбекистонлик муҳожирлар ватанига юбораëтган пулнинг камайишига олиб келишига шубҳа қилмайди. Қишлоқлардаги кўпчилик учун асосий даромад манбаи бўлган бу пулларнинг камайиши эса, аҳоли турмуш даражаси ëмонлашуви, қашшоқликнинг кучайишига олиб келиши мумкин, дейди Жубаев.

Айни пайтда Россия иқтисодининг санкциялар ортидан яккаланиши Кремль етакчилигидаги Евроосиë иқтисодий иттифоқига (ЕOИИ) кирган давлатлар учун янада оғирроқ бўлади, дейди иқтисодчи.

– Ўзбекистондан фарқли, Қозоғистон ЕOИИ аъзоси, шунинг учун Россияга нисбатан иқтисодий санкциялар таъсири мамлакат иқтисодида кучлироқ сезилади. 24 февраль куни Қозоғистон валюта биржасида тенга ҳам, нефть баҳосининг 1 баррели 100 доллардан ошишига қарамасдан, 5-7 % га заифлашди, дейди Сапарбой Жубаев.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг