Хитой Марказий Осиё давлатларига 500 миллион долларлик ёрдам ваъда қилди

Афтидан Марказий Осиё минтақасидаги катта сиёсат ўзининг янги босқичига киряпти.

25 январь, сешанба куни Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин Марказий Осиёнинг беш давлати иқтисодиёти ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун уларга яқин уч йил давомида 500 миллион доллар ёрдам кўрсатишга ваъда берди. Бу ҳақда у Хитойнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлатлари билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган «Марказий Осиё-Хитой» онлайн саммитида сўзлаган нутқида айтди.

Си Цзиньпин ажратилган маблағлар «аҳолининг турмуш тарзи билан боғлиқ лойиҳаларга» йўналтирилишини ҳам маълум қилди. Бундан ташқари, Хитой раҳбари 2022 йил давомида мазкур беш давлатга COVID-19га қарши 50 миллион доза вакцина етказиб беришга ваъда берди. У, шунингдек, Пекин ушбу давлатлар билан вакцина ишлаб чиқариш технологияларини баҳам кўриши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.

Иқтисодий муаммолар, айниқса пандемия аҳволни ҳар томонлама мушкуллаштириб турган шароитда бу қувонарли ҳол. Лекин олмоқнинг бермоғи ҳам бор-да. Бу маблағлар қарз эмас, ёрдам сифатида берилаётган бўлса ҳам халқимизнинг “еган оғиз уялар”, деган гапи бежиз эмас. Қолаверса, текин пишлоқ фақат қопқонда бўлишини ҳам эшитганмиз.

Умумий аҳолиси 75 миллион кишига етиб қолган минтақанинг жаҳон геосиёсатидаги ўрни тобора ортиб бораяпти. Унинг стратегик аҳамиятга бўлган географик ўрни, қишлоқ хўжалиги учун қулай иқлими, фойдали қазилмаларга бой замини ва бошқалар шунга асос бўляпти. Жаҳоннинг кўпгина минтақаларида, айниқса ғарб давлатларида аҳоли сони камаяётган, ўсиш суръатлари кескин сусайиб бораётган пайтда Марказий Осиё халқлари сони йил сайин миллион кишига ортиб бормоқда. Минтақа аҳолисининг ўртача ёши 27,6 ни ташкил этиши айтсак, бу кўпгина ғарб давлатларида, жумладан қўшни Россияда етишмаётган улкан ва арзон ишчи кучи демакдир.

Талаш минтақа

Юқорида аталган ва бошқа сабабларга кўра XX асрга қадар бу ерда Россия ва Буюк Британия рақобат қилиб қилиб келишган бўлса, янги асрда Англия ўрнини АҚШ эгаллади. Охирги 10-20 йил ичида даврага Хитой ҳам қўшилдики, унинг шошилмай, лекин бардавом олиб бораётган ташқи иқтисодий сиёсати аввалги икки рақобатчини жиддий ташвишга солиб қўйди. Шу сабаб, Россия ва Америка ҳам сўнгги йилларда минтақа давлатларига таъсир ўтказиш мақсадида кўпроқ иқтисодий омиллардан фойдалана бошладилар.

Масалан, қарийб 30 йил давомида минтақада инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятларни байроқ қилиб сиёсат юргизиб келган АҚШ сўнгги йилларда бу ерда кўпроқ иқтисодий, ижтимоий характердаги лойиҳаларни амалга оширишга урғу бера бошлади. Кичик ва ўрта бизнесни қўллашга йўналтирилган, макроиқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган сиёсат юритишга ўта бошлади. Буни Қирғизистон мисолида яққол кўриш мумкин.

Россия эса авваллари “менсиз қаёққа боришар эдинг” қабилида, ўз кучини намойиш қилиш билан сиёсат юритиб келган бўлса, энди, гарчи кучини кўз-кўз қилишдан қайтмаган бўлса-да, аста-секин йирик иқтисодий дастурлар ва лойиҳаларни ишга солиш ҳаракатига тушиб қолди. Владимир Путиннинг Афғонистондаги воқеалар баҳонасида Тожикистондаги 201-ўқчи дивизиясининг ҳамда Қирғизистоннинг Қант шаҳридаги ҳарбий базасининг ҳарбий-техник имкониятларини кучайтириш бўйича ҳаракатлари, Қирғизистонда яна бир ҳарбий база очилиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар ва минтақадаги бошқа давлатларга кўрсатилаётган ҳарбий-техник ёрдамлар бунга мисол бўла олади.

Иқтисодий соҳада эса, Россия охирги пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистонда атом электр станцияларини қуриш пайида. Кучига таянган ҳолда бўлса ҳам, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ташкилотини мустаҳкамлашга, минтақа давлатларидаги газ ва нефть, молиявий сектор каби стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган соҳалар устидан тўла назорат ўрнатиш борасидаги интилишлари шундан дарак бериб турибди. Масалан, Қирғизистонда газ саноати тўла Россия назоратида, яъни “Газпром” корхонаси бу соҳани тўлалигича сотиб олган. Мамлакат эҳтиёжидаги ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг 95 фоизи Россиядан олиб келинади.

Сукут сақлаган аждарҳо

Турли ижобий маъноларда аждарҳо рамзини кўп ишлатадиган Хитой ҳам мудраб ўтиргани йўқ. Бугунги кунда кўплаб давлатлар, айниқса Марказий Осий давлатлари учун ҳам фойдали бўлган “Бир белбоқ, бир йўл” халқаро иқтисодий концепцияси фаол босқичга кириб келмоқда. “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши ҳам шу концепция доирасида режалаштирилган. Яъни, бу концепция амалга ошса, минтақа давлатлари бирлаштирилган темирйўл ва автомобиль йўллари орқали денгизга, демак, тўғридан-тўғри Европага, Америка қитъасига чиқиш имконига эга бўлади.

Хитой бугун ортиқча шовқин-суронсиз, тинчгина иқтисодий сиёсат юритиш замирида, кўплаб давлатларни қарзга ботириб, уларга кучли босим ўтказиш пайида. Яна Қирғизистон мисолида айтсак, давлатнинг 5 млрд. долларга яқинлашиб бораётган (янги туғилган чақалоқдан тортиб ҳар бир фуқарога ўртача 750 доллардан тўғри келади) қарзининг деярли 42 фоизи Хитойдан олинган. Уларнинг асосий қисмини қайтариш вақти келган ва бу Қирғизистон бюджетини анча мушкул аҳволга солиб турибди.

Бу вазиятда минтақа давлатлари узоқни кўзлаб, мазкур буюк давлатлар ва дунёнинг ҳамкорликка интилган ҳар бир давлати манфаатларини ўз манфаатларига мослаб сиёсат юритишлари лозим. Айниқса, Қирғизистон, Тожикистон ва яширин ички муаммоларга тўла Туркманистон каби иқтисодиёти заиф давлатлар учун бу жуда жиддий масала. Ҳаммага маълум “сих ҳам куймасин, кабоб ҳам” тамойилига  энди “олов ҳам ўчмасин”, деган қўшимча киритиш вақти келди. Хайриятки, минтақа давлатлари раҳбарлари ҳам буни яхши тушуниб қолишди. Улар “Куч – бирликда” тамойилига амал қилиб, ўзаро муносабатларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилишмоқда. Бироқ уларнинг бирикиб, мустақил сиёсат юритишга интилишлари аталган буюк давлатларга ёқавермаслиги аниқ. Улар минтақа давлатларининг бошқариш осон бўлган, “катта гапирганда, хўп деб турадиган” мамлакатлар ҳолида сақлаб қолишни истайдилар. Айниқса, Россия ва Америка.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин

Спорт ҳам сиёсий имтиҳонми?

Юқоридаги сабаблар туфайли Марказий Осиё давлатлари ташқи алоқаларда ҳар бир қадамни геосиёсий шарт-шароитни ҳисобга олган ҳолда босишга ҳаракат қилишади. Шу маънода яқинда Пекинда ўтадиган қишки Олимпиада ўйинлари ҳам бир имтиҳон вазифасини ўтайди, деса бўлади. Пекиндаги қишки Олимпияда ўйинлари 4-20 февраль кунлари, спортнинг 15 та йўналиши ва 7 тури бўйича бўлиб ўтади.

Маълумки, АҚШ ва унга эргашган кўпчилик давлатлар Пекиндаги Олимпиада ўйинларига бойкот эълон қилиб, у ерга ўз спортчиларини жўнатмасликка қарор қилганларини эълон қилишди. Бунга сабаб сифатида Хитойнинг Синцзян-Уйғур мухтор туманидаги мусулмонлар ҳуқуқларининг бузилиши деб кўрсатилаётган бўлса ҳам, аслида бунинг замирида иқтисодий масалалар, бошқача айтганда, Хитойнинг халқаро сиёсатдаги иштаҳасини бўғиб, унинг бошқа давлатларга таъсирини сусайтириш мақсади ётибди. Яъни, Хитойнинг кўнглини оламан десанг, АҚШга ёқмаслигинг мумкин. Афсуски, бугунги кунда Олимпиада ҳам, бошқа нуфузли спорт мусобақалари ҳам катта сиёсат йўлида қурол вазифасини ўтаб қоляпти.

Хўш, Марказий Осий давлатларининг Пекин олимпиадасига муносабати қандай? Юқорида айтилган ойлайн саммит давомида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг барчаси Олимпиада ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этишга тайёр эканини маълум қилдилар. Шунинг баробарида, президентлар сиёсатни спорт мусобақаларига аралаштирмаслик лозимлигини ҳам айтиб ўтганлар. Бу жуда қувонарли ҳол.

Бундан анча аввал Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Олимпиада кунларида Хитойга амалий ташрифи режалаштирилгани айтилган эди. Эпидемиологик хавфсизлик чораларига риоя қилиш мақсадида масофавий ишлашга ўтган Садир Жапаров ташриф доирасида Қишки Олимпияда ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этади ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан икки томонлама учрашув ўтказади.

Максим Гордеев – Қирғизистондан Пекин олимпиадасига йўлланма олган ягона спортчи

Бунгача, 2021 йилнинг октябрида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилишини бошлаш учун зарур ҳужжатлар тайёрланиб олганини маълум қилган эди. Учрашувда шу масала ҳам муҳокама қилиниши мумкин. Спортчиларга келсак, олимпиадада Қирғизистондан биргина чанғичи, 27 ёшли Максим Гордеев иштирок этади.

Тожикистон спортчиларидан бирортаси ҳам Олимпиадада қатнашиш учун лицензия ололмагани маълум бўлса, Ўзбекистондан спортнинг икки тури бўйича икки спортчи иштирок этиши маълум бўлди. Булар – Комилжон Тўхтаев и Валерий Ковалевлар бўлишиб, уларга Арман Гаюпов и Раъно Раимқуловалар дублёрлик қилишади.

Минтақада Олимпиадага энг кўп спортчи борадиган давлат Қозоғистон бўлиб турибди. Ҳар ҳолда шимолга яқинлиги боис қишнинг давомий бўлиши натижасида у ерда спортнинг қишки турлари ҳам бошқаларга қараганда яхши ривожланган. Ҳаммаси бўлиб Пекин Олимпиадасига 34 қозоғистонлик спортчининг бориши кутилмоқда.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг