Кўз тегмасин! Қирғизистонда бокс дунёсининг янги юлдузи чарақлай бошлади

Бугун Мирзоҳид Имомназаровнинг олдида Париж олимпиадасига йўлланма олиш вазифаси турибди.

Бишкекда ўтказилган бокс бўйича турнирда Ўшлик Мирзоҳид Имомназаров турнир ғолиби бўлди ва энг кучли боксчи сифатида тан олинди. Бу ҳақда унинг устози, спорт устаси, Қирғизистонда хизмат кўрсатган мураббий Талантбек Арзиев «Оқбура»га берган интервьюсида маълум қилди.

&;

Боксчи турнирдан сўнг, 24 апрел куни Жанубий Кореяга, ўқув машғулотларида иштирок этиш учун кетди. У ерда Мирзоҳид 12 кун бўлади, сўнгра Таиландда ўтадиган саралаш мусобақаларига кетади, – дея маълум қилди Талантбек Арзиев. Шу сабабдан Мирзоҳиднинг ўзи билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Мураббийнинг маълумотига кўра, шогирди Мирзоҳид навбатдаги ғалабасини 16-22 апрел кунлари Бишкекда ўтган, Совет Иттифоқи қаҳрамони Дуйшонқул Шўпўқов хотирасига бағишланган анъанавий халқаро турнирда қўлга киритди. Бу йилги турнир 46-чиси бўлиб, унда унда Россия, Таиланд, Эрон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Корея ва Мўғулистондан 200 нафарга яқин кучли боксчилар иштирок этдилар.

Бу турнир Қирғизистон Республикаси терма жамоасининг Таиландда ўтадиган лицензион (саралаш) турнирга тайёрлаш босқичларидан бири ҳисобланиши билан муҳим эди. Таиландда ғолиб чиққан спортчилар 2024 йилда Парижда ўтадиган Олимпиадага йўлланма оладилар.

Унда Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан 3 нафар боксчи иштирок этди. Яъни, 54 кг вазн билан Нуржигит Қулдашев, 63.5 кг вазн тоифасида Мирзоҳид Имомназаров ва 67 кг вазнда Илғорбек Валиевлар рингга тушдилар.

Уларнинг орасидан Мирзоҳид Имомназаров тўрт маротаба беллашувга чиқиб, биринчи ўринни қўлга киритди. Бундан ташқари у ушбу нуфузли халқаро турнирда Қирғизистоннинг энг кучли боксчиси сифатида эътироф қилинди.

Мирзоҳид мусобақанинг биринчи куни қозоғистонлик рақиби билан беллашди. Уни мағлубиятга учратганидан кейин, қирғизистонлик боксчи Ўмўр Ливази билан рингга тушиб, 5:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритди. Шундан сўнг россиялик рақибини нокаут билан енгди. Финалда боксчи қирғизистонлик рақиби, спорт устаси Асқат Қултаевни мағлуб этди.

Бунгача тўрт маротаба Қирғизистон чемпиони номига сазовор бўлган 21 ёшли қаҳрамонимиз Ўш шаҳрида, оддий меҳнаткаш оиласида туғилган. Ёшлигидан спортга қизиқиб, бокс билан шуғулланиб келган. Турли бокс тўгаракларига бориб юриб, 16 ёшида профессионал бокс билан шуғулланиш мақсадида мураббийи Талантбек Арзиевга шогирд тушади.

Устози билан кўплаб мусобақаларда иштирок этди. Бунинг ортидан кўплаган ғалабаларни қўлга киритди. Жумладан, Осиё биринчилиги ва бошқа Халқаро турнирларда биринчиликни қўлга киритган. Мирзоҳид 2019-йилда ёшлар орасида Қирғизистоннинг энг кучли боксчиси номига сазовор бўлган эди.

«Мирзоҳид профессионал рингда Мэнни Пакьяо, Рой Жонсон, Геннадий Головкин, Алмазбек Раимқулов каби кучли боксчи бўлишни орзу қилади ва буни ортидан бугунги кунда тинимсиз меҳнат қилмоқда. У содда йигит, айтилган вазифани ўз вақтида бажарадиган, масъулиятли шогирд. Шунинг учун ҳам ғолибликни қўлга киритди», – дейди устози.

Боксчи Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университетининг жисмоний тарбия факультетини битирган. Ҳозирда шу олийгоҳнинг ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олмоқда.

Биз истеъдодли юртдошимиз Мирзоҳид Имомназаровга Олимпиада йўлланма олишдек мақсадини уддалашини ва Париждан ғалаба камарини боғлаб келишини тилаб қоламиз. Мана шундай истеъдодли спортчини тарбиялаб, кучли боксчилар қаторига қўшиб қўйгани учун унинг устози Талантбек Арзиевга олқишлар айтамиз.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расм ва видео Талантбек Арзиев ва Муҳаммадамин Исмоиловнинг Фейсбукдаги саҳифаларидан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг