Қирғизистондаги ўзбек мактабларининг тақдири нима бўлади?

Миллийликнинг асосий белгиси бўлган она тилимизда ўқитиладиган мактаблар борасида ягона фикр йўқ.

Бугунги кунда Қирғизистонда расмий маълумотларга кўра, 985 мингдан ортиқроқ ўзбеклар яшайди. Бу мамлакат аҳолисининг олтидан бир қисми деган гап. Сўнгги йилларда ушбу миллий ҳамжамиятда болаларни қайси тилда ўқитиш масаласи турли мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Олтмиш минглик аҳолига битта мактаб

Ўш шаҳрида “Қизил китоб”га киритилса арзийдиган, тўлиқ ўзбек тилида таълим берилувчи ягона мактаб бор. Бу ҳам бўлса, Амир Темур ҳудудий кенгашидаги 44-тўла бўлмаган ўрта мактаб. Яъни, билим даргоҳи 9 йиллик бўлиб, 2 тадан синф комплекти мавжуд. Бугунги кунда мактабда 550ка яқин ўқувчи таълим олади.

Шаҳардаги ўзбек тилида ўқитиладиган бошқа мактаблар аллақачон икки тилда, асосан рус ва ўзбек тилларида ўқитишга ўтиб кетишган.

Мактаб раҳбари Дилшодбек Мамадалиевнинг сўзларига кўра, бу ерда ҳам ота-оналар томонидан кўп тиллиликка ўтиш таклифи бўлган. Аммо билим сифатини яхшилаш, ўқувчиларнинг кейинроқ бошқа тилларни тезроқ ўзлаштиришининг қулай, самарали усулларидан бири – боланинг мактабда ўз она тилида билим олиши, деган фикр мактаб маъмурияти томонидан билдирилганидан кейин ота-оналар ҳам бунга маъқул бўлишган. Ўш шаҳар билим бериш бошқармаси ҳам бу мактаб ёнида бошқа кўп тиллик мактаб (47-сонли) борлиги боис, мазкур билим даргоҳини соф ўзбек тилида қолишига қаршилик билдирмаган.

Ўшдаги 44-сон тўла бўлмаган ўрта мактабнинг ташқи кўриниши

“Бола 12 ёшгача ўз она тилида билим олса, бошқа тилларни яхши ўзлаштира олади, деган хулосага келганмиз. Мактабимизда қирғиз, рус, инглиз тиллари ҳам ўқитилади. Лекин асосий таълим ўзбек тилида олиб борилади. Бунга яна бир сабаб, Амир Темур шаҳарчасида асосан ўзбеклар истиқомат қилади ва бугунги кунда уларнинг сони 60 мингга етиб қолган”, – дейди Д. Мамадалиев.

Ўш шаҳар таълим бошқармаси усулчиси Мўминахон Мирзакаримова берган маълумотга кўра, бугунги кунда Амир Темур шаҳарчасининг ўзида 8та ўрта мактаб бўлиб, ундан 7тасида бир неча тилда таълим берилади.

Бошланғич таълим қайси тилда олинса, она тили ўша бўлади

Бир неча йил аввал Ўшда чиқадиган “Ахборот” газетасида журналист Барно Исоқованинг “Ўзбек тилининг қазоси яқинми?” деб номланган мақоласи чиқиб, ўша вақтда катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Мақолада ўзбек тили дарсларининг кескин қисқариши ва унинг ўрнига қирғиз тили дарслари соатларининг кўпайтирилиши танқид қилинган эди. Таълим ва фан вазирлиги давлат тили учун алоҳида соатлар ажратса бўлмайдими, деган савол қўйилган.

Барно Исоқованинг сўзларига кўра, орадан 10 йилдан ортиқроқ вақт ўтиб, унинг фикрлари ўз тасдиғини топиб турибди. Яъни, ўзбек тилидаги дарслар қисқарган. Аммо, ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар асосида давлат тилида ўқитиладиган синфлар очилмади, аксинча русийзабон таълимга шароит яратилиб қолди. Бу нарса ҳар икки миллат болаларининг келажагига салбий таъсир кўрсатишига аталган мақолада урғу берилган эди.

“Бола бошланғич таълимни қайси тилда олса, унинг она тили ўша бўлиб қолади”, – деган гап бор, дейди Барно Исоқова. – Бизнинг фарзадларимиз ўз она тилида билим олмас эканлар, демак, янги авлодларимиз миллийлигини йўқотиб бораверади. Бу нафақат ўзбеклар, балки қирғиз халқи вакилларига ҳам тааллуқли. Чунки, бугунги кунда қирғиз болалари ўқийдиган мактабларда ҳам кўпроқ рус тилида таълим бериляпти, хатто хусусий мактаблар ҳам рус тилига ихтисослаштирилган”.

Барно Исоқова бу ҳолатнинг ота-оналарнинг талаби билан юзага келаётганини таъкидлади. Яъни, ўзбекларда ҳам, қирғизларда ҳам болаларини рус тилида ўқитишга қизиқиш кучайган. Бу асосан ватандошларимизнинг кўпчилиги ишлаш ёки ўқиш учун Россияга кетиб қолаётгани билан тушунтирилади.

Дарахтнинг асосий томири чопиб ташланган…

Қирғизистонда ўзбек тилида таълим берувчи мактаблар сони йилдан йилга қисқариб бормоқда. Буни ўзбек тилидаги дарсликлар яратиш маркази берган маълумотдан ҳам билиш мумкин. Масалан, 2010 йилда 5-синфлар учун ўзбек адабиёти дарслиги 17,5 минг нусхада нашр қилинган бўлса, унинг иккинчи нашри 2018 йилда бўлгани 8 ярим мингга яқин нусхада чоп этилган.

Хуллас, Ўш шаҳри аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилувчи ўзбек болаларининг асосий қисми ўрта таълимни рус тилида олмоқда. Ўзбек тилида таълим берилувчи мактаблар сони бугунги кунда шаҳарда 21тани ташкил қилади. Ундан тўлиқ ўзбек тилида таълим берилувчи мактаб биттагина, рус ва ўзбек тилида таълим юритиладиган мактаблар 18та бўлса, иккита мактабда ўқиш қирғиз, рус ва ўзбек тилларида олиб борилади.

Ўшлик олим, Саидакбар Махсумхонов 20 йилдан бери Ўшдаги дарсликлар тайёрлаш марказида ишлаб келади. Ҳозирда бош муҳаррир лавозимида меҳнат қилади. Унинг фикрича, ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар сонининг қисқаришининг асосан икки сабаби бор.

“Сўнгги 10-15 йилда ишсизлик туфайли Россия ўлкасига меҳнат мигрантларининг оқими кучайганидан, рус тилига бўлган талаб ортган. Шу билан бирга олий ўқув юртларига қабул қилинувчи умумреспублика тестининг ўзбек тилида топширилмаслиги иккинчи омил бўлмоқда. Дарахтнинг асосий илдизи чопиб ташланса қурий бошлаганидай, Умумреспублика тестининг қирғиз ва рус тилларидагина топширила бошлаши ўзбек тилида таълим берувчи мактабларнинг қисқаришига олиб келди”, – дейди Саидакбар Махсумхонов.

Қирғизистонда олий ўқув юртларига қабул қилиш учун қўлланиладиган умумреспублика тести (УРТ) 2002 йилда жорий этилган. Ушбу тест синови 10 йил давомида қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказилиб келган эди. 2012 йилда УРТни ўзбек тилида топшириш бекор қилинган. Ота-оналар, жамоатчилик вакилларининг бу қарорни бекор қилиш ҳақидаги талаб ва таклифлари инобатга олинмади.

Айро фикрларга сабаб ташаббус

Бугунги кунда ўзбек зиёлиларини кўп ўйлантирган масалалардан бири ҳам мана шу бўлиб қолди. Қирғизистонлик ўзбек миллати фарзандлари келажакда Навоий, Бобур, Шавкат Раҳмонларнинг ким эканини билмай ўтадими? Айрим зиёли фаоллар ҳам мактабларда кўп тиллилик орқали ўзбек тилини сақлаб қолиш мумкин, деган фикрни билдиришмоқда. Шулардан бири Саидакбар Махсумхонов.

“Мактабларда кўп тиллиликка эътибор қаратилиши тўғрисида 2018-йилдан буён ўзбек тилида таълим берадиган мактаб директорларига хат билан мурожаат қиламан. Она тилимизни сақлаб қолишнинг йўлларидан бири ҳозирча шу. Асосий фанлар давлат тилида ўтилсин, майли. Чунки УРТ тестини топшириш учун мазкур тилда ўқиш қулай. Аммо дарс соатларида ўзбек тили, рус тили ҳамда бошқа ҳорижий тиллар ўқитилса, ижобий натижага эришиш мумкин”, – дейди адабиётшунос.

Дарсликлар бор, ўқувчилар-чи? (Ўшдаги дарсликлар тайёрлаш марказида нашрдан чиққан китоблар)

Лекин бу фикрга қарши чиққанлар ҳам кўп. Уларнинг аксарияти, айниқса педагог ходимлар кимлардир томонидан тазйиқ ўтказилишидан хавотир олиб, фикрларини очиқ баён этишни истамайдилар.

Маълумоти бўйича тарихчи-педагог, журналист Абдумўмин Мамараимовнинг фикрича, турли тилда ўқитиш мургак қалбларнинг фикран ва ақлан ўсишларига тўсқинлик қилади. Ўсиб келаётган бола қайси мавзуда бўлмасин, аввалига она тилида тиниқ фикрлаб, ўз фикрини лўнда ва тушунарли қилиб баён қилишни ўрганиши керак.

“Мактабнинг асосий вазифаларидан бири шу деб биламан. Бу нарсага эса, фақат соф она тилида таълим бериш орқали эришиш мумкин. Турли тилларда дарс бериш жараёнида бола ўзи билмаган ҳолда бутун куч ва иқтидорини у ёки бу фандан билим олиш эмас, кўпроқ ана шу тилларни ўзлаштиришга сарфлайди. Натижада униси ҳам йўқ, буниси ҳам”.

Мамараимов фарзандларимизни Россиядаги арзон ва қора ишга жўнатиш эмас, чуқур билим олиб, чет тилларни пухта ўрганган ҳолда Европа ва Америка давлатларида ўқишлари ҳақида қайғуришимиз керак, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, ота-оналарнинг болаларини кўпроқ рус тилида ўқитишга интилишларининг асосий сабабларидан бири – ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблардаги ўқув-тарбия ишларининг ва, кўп ҳолатларда маънавий муҳитнинг ҳам ночорлашиб кетганида.

“Албатта, ота-оналар ўз фарзандларини янги, замонавий фикрловчи кадрлар ишлайдиган, сифатли дарсликлар ва зарур техник анжомлар билан таъминланган мактабларда ўқитгиси келади. Шу ўринда рус тилига зўр бераётган ота-оналаримизни тушунса бўлади. Ҳозирги шароитда бу вақтинча бўлса ҳам тўғри йўл бўлиши мумкин”.

Журналистнинг фикрича, ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларни ўрнига келтириш, УРТни яна ўзбек тилида топширилишига эришиш вақти келиб ҳал бўладиган нарса.

“Эҳтимол, педагогик кадрлар ва дарсликлар муаммосини ҳал қилишда қўшни Ўзбекистон бизни қўллаб, Қирғизистон эса Ўзбекистондаги қирғиз тилида ўқитиладиган мактабларга ёрдам бера бошласа, аҳвол яна ижобий томонга ўзгара бошлар?”, – дейди Абдумўмин Мамараимов.

Умида Мирзабоева, Ўш шаҳри

Бош расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг