Арпа уни баҳона: Бутун ғарб ҳарбий қудратда Эрон ва Шимолий Кореядан ожизми?

АҚШ ҳарбий мулозими Украинанинг жанговар қудратда Россияга тенг келолмаётганини тан олди.

Германиянинг Рамштайн ҳарбий базасида 19 март куни Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича ғарб давлатларининг коалицияси яна йиғилди. Элликдан ортиқ давлат вакиллари, жумладан, АҚШ мудофаа вазири иштирок этган бу йиғилишда қандай масалалар муҳокама қилингани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Йиғилишдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида ҳам иштирокчилар қисқа ва умумий маълумотлар билан чекланишди.

Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг таъкидлашича, бугун “Украина қўшинлари оғир шароитларда жанглар олиб бормоқда ва ҳар доимгидан кўра кўпроқ ёрдамга муҳтож”. Номи ошкор этилмаган америкалик ҳарбий мулозим учрашув олдидан журналистларга айтишича, АҚШ расмийлари “Украина жанговар қудрат борасида Эрон ва Шимолий Кореядан ёрдам олаётган Россияга тенг келолмаяпти», деган фикрда.

Бундан келиб чиқадики, Америка бошлиқ ўнлаб йирик давлатларнинг Украинага бераётган кўмаги биргина Эрон ва Шимолий Кореянинг Россияга кўрсатаётган қўллови олдида ожиз эканда? Буни эшитиб, кимгадир арпа уни баҳона бўлиши ҳақидаги ўзбек мақоли эсга тушади.

Ҳозирча Мудофаа вазири АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинанинг Россия билан урушда мағлуб бўлишига йўл қўймаслигига ишонтиришда давом этмоқда. Лекин маълумки, АҚШ Конгресси Киевга берилиши мўлжалланган 60 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамни маъқулламаяпти. Бунгача Украинага ажратилган миллиардлаб доллар ёрдам эса қумга сингган сувдек деярли натижасиз йўқ бўлиб кетди.

Матбуот анжуманида Остин фронтдаги вазиятдан ва «Украинанинг омон қолиши ҳамда Американинг хавфсизлиги хавф остида қолаётганидан» хавотир билдирди. Россия иқтисодиётининг деярли тўла ҳарбий йўналишга ўтказилиши ва унинг ҳарбий қудрати тобора ортиб бораётгани бу ташвишга жиддий асос бўлмоқда.

Америка ва ғарб давлатларининг Украинага кўрсатилиши талаб қилинаётган «ҳарбий ёрдам Украина учун омон қолиш ва суверенитет масаласи бўлса, Қўшма Штатлар учун шараф ва хавфсизлик масаласи» эканини айтган.

Лекин ғарб давлатлари ва АҚШнинг ўзида ҳам Украинага ёрдам борасида келишмовчиликлар тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп бу ёрдамнинг қарз сифатида берилишини талаб қилмоқда. Айнан Трамп ва унинг тарафдорлари сенатда 60 миллиард доллардан ортиқ ёрдамнинг берилишига тўсқинлик қилиб туришибди.

Яна бир номзод, ҳаракатдаги президент Жо Байден маъмурияти эса бу ёрдамни имкон қадар тезроқ амалга оширишга уринмоқда. Бироқ унинг уринишлари натижа бериши катта шубҳа остида.

Россия президенти Владимир Путиннинг 17 мартда ўтган сайловда рекорд кўрсаткич (деярли 88 фоиз) билан енгиб чиққан бир шароитда АҚШ президенти Жо Байденнинг ноябрда ўтадиган президентлик сайловида эҳтимолий енгилиши ҳам вазиятга жиддий таъсир қилиши аниқ.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг