Ғарб Россиянинг асосий ҳамкори бўлган Марказий Осиёда фаоллаша бошлади
Буюк Британия Қирғизистонда ўрта ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш жамғармасини очишни ваъда қилди.
Шу кунларда Буюк Британия бош вазири Девид Кемерон Марказий Осиё давлатларида расмий ташриф билан юрибди. Шунингдек у Мўғилистонга ҳам бормоқчи. Иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш ниятини билдирган Кемерон сиёсий масалаларда “ақл ўргатишга” ҳам улгурди. Жумладан, у Қирғизистон ўз халқаро ҳамкорларини бемалол танлаш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини таъкидлади.
Бу фикрини у 22 апрел куни Бишкекка ташрифи чоғида билдирган.
Бу ташриф Украинадаги уруш туфайли ғарбнинг Россияга қарши босими тобора кучайтирилаётган бир вазиятда ўтмоқда. Ўтказиладиган музокараларнинг асосий қисмини айнан Россия билан муносабатлар эгаллаётгани ҳеч кимга сир эмас. Чунки ғарб давлатларининг Россияга қарши киритган санкциялари кутилган натижаларни бермаяпти. Россиянинг Европа давлатлари рад этган нефть маҳсулотлари ва газини Хитой ҳамда Ҳиндистон каби йирик давлатлар арзон-гаров сотиб олмоқдалар. Эвазига эса бу давлатлар Россияни авваллари у Европа ва АҚШдан олиб турган электрон жиҳозлар ва бошқалар билан таъминламоқдалар. Марказий Осиё давлатлари ҳам Россияда катта эҳтиёж сезилаётган ашёларни яширин йўллар билан етказиб беришга эришмоқдалар.
АҚШ ва Европа давлатлари бунинг учун минтақа давлатларидаги корхоналарга санкция киритиб келаётган бўлса, энди афтидан бундай босим ўтказиш кутилган натижаларни бермаслигига ақллари етиб қолди.
Кемерон Қирғизистонда президент Садир Жапаров ва ташқи ишлар вазири Жеенбек Қулубаев билан музокаралар ўтказди. Кемерон Қирғизистонда экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ўрта ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган сармоя жамғармасини ташкил этилишини маълум қилди.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасида таълим ва мавсумий меҳнат миграцияси масалалари ҳам муҳокама қилинган. Маълумки, Украина-Россия ва Исроил-Фаластин урушида Англия ҳам АҚШ каби Украина ва Исроилни қаттиқ қўллаб-қувватламоқда. Мусулмон давлатлари билан алоқаларини кучайтириб бораётган Россия эса Исроилга қарши.
Ушбу ҳафта давомида Кемерон Марказий Осиёнинг беш давлати ва Мўғулистонга сафар қилишни режалаштирган. Бунгача у Тожикистон ва Ўзбекистонда бўлди.
АҚШ ҳам ортда қолмаяпти
Шу вақтнинг ўзида Бишкекка АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё ва Жанубий Осиё давлатлари бўйича ёрдамчиси Жон Марк Поммершайм ҳам ташриф буюрди.
У Ташқи ишлар вазири ўринбосари Айбек Мўлдўғазиев билан учрашган. АҚШ элчихонаси тарқатган хабарга кўра, икки давлат вакиллари сиёсий-иқтисодий ва хавфсизлик масалалари, фуқаролик жамияти ва қонун устиворлиги каби муаммоларни муҳокама қилишган.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида бу ташриф муваффақиятли деб баҳоланиб, у ҳақида кенг маълумотлар берилган. Жумладан, АҚШ ва Қирғизистоннинг бундан буён ҳам сиёсий ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорлар сифатида қолиши режалаштирилгани маълум қилинган. АҚШ ҳам Англия каби иқтисодий масалаларга урғу бериб, америкалик ишбилармонларнинг Қирғизистондаги яшил иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳасига мўлжалланган сармоялари ҳажмини оширишлари айтилган.
Бу ташриф АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида доимий равишда ўтказилиб келаётган маслаҳатлашув жараёнининг бир қисми экани эътироф этилган. Лекин бу ташрифнинг оддий сафарлардан эмаслиги ойдай равшан. Чунки биринчидан, АҚШ ва Англия минтақада Россиянинг таъсирини камайтиришга биргаликда тиришиб ҳаракат қилишмоқда. Лекин бу икки ғарб давлати Украина ва Исроил масаласида ҳамфикр бўлишсада, нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун дунёда ҳам ўз таъсир доираларини кенгайтиришда йирик рақобатчилар ҳисобланишади.
Америкалик амлдорнинг ташрифи чоғида томонлар анъанавий тарзда ОАВ эркинлиги, кучли фуқаролик жамиятини сақлаб қолиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш каби масалаларда ҳамфикр экани айтилган.
Бунгача АҚШ ва ғарб давлатлари минтақадаги мамлакатлар билан асосан демократия ва инсон ҳуқуқлари борасида ҳамкорлик қилиб келишган. Уларнинг асосий рақиби Россия эса минтақа давлатларини асосан иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик билан қизиқтириб келади. Афтидан, ғарб давлатлари энди бу ташаббусни Россиядан тортиб олишни мақсад қилганлар. Чунки АҚШ ва унинг доимий ҳамкорлари, жумладан Европа давлатлари Россияни иқтисодий томондан ҳолсизлантириб, уни парчалаб ташлаш ниятларини кўпам яширмаяптилар. Бу интилиш айниқса, Россиянинг Украинага қарши бошлаган урушидан сўнг кучайган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди