Минтақани ташвишга солган сел: Қирғизистонда бир киши қурбон бўлди

Бир неча кундирки, Марказий Осиёнинг қатор минтақаларида дарёлар тошиб, сел оқими кучаймоқда.

Табиий офатнинг асосий иқтисодий талофатларини Қозоғистон тортаётган бўлсада, сел туфайли биринчи қурбон Қирғизистонда қайд этилди. Ўш вилоятида сел тошқини катта йўлда кетаётган бир машинани оқизиб кетиб, унинг ҳайдовчиси ҳалок бўлган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 21 апрель кунги маълумотига кўра, Мирзаке – Олойқув автойўлидан кетаётган машинани сел оқизиб кетган. Машинадаги йўловчилар – икки аёл ва бир ёш болани маҳаллий аҳоли қутқариб улгурган, лекин ҳайдовчини оқим олиб кетган. Қидирувчилар унинг жасадини топиб, қариндошларига топширишган.

Сел Ўш вилоятининг Олой, Қорақулжа, Ўзган ва Қорасув туманларида 20 апрел куни ёғиб ўтган шиддатли жала натижасида юзага келган. Натижада қатор автомобил йўллари ёпилиб қолган. Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги Қирғизистоннинг уч жанубий вилояти ва Толас вилоятида 46 та сел юриши ҳолатини қайд этган. Ушбу ҳудудларда ҳам фавқулодда ҳолат жорий этилган.

Сел оқибатида Ўш вилотида 170дан ортиқ ҳовлини, 28 уй ва бир мактаб ертўлаларини сув босган. Жалолободда юздан ортиқ, Толасда 200дан ортиқ ҳовлини сел босган. Охирги 2-3 кунда Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги мамлакат жанубидаги Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларининг тоғолди ҳудудларида сел хавфи борлиги ҳақида огоҳлантириб келаётган эди.

Ўзбекистонда ҳам яқин кунларда кутилаётган ёмғирлар натижасида тўққиз вилоятда сел юриши хавфи борлиги ҳақида расмий огоҳлантириш берилди. Лекин асосий талофатни Қозоғистон аҳолиси кўрмоқда.

Сўнгги хабарларга кўра, тошқин ва сел оқибатида мамлакат ғарбида 5 минг уй, 16 минг дала-ҳовли, мингга яқин ҳовлилар ва юзга яқин турли бинолар сув остида қолган. Ўн вилоятнинг 40дан ортиқ турли ҳудудларида фавқулодда ҳолат киритилган. Бу орада 120 мингга яқин одам хавфсиз жойларга кўчирилган. 11,6 миллион метр куб ҳажмидаги сел оқовалари сўриб ташланган ва селга тўғон сифатида 5 миллион қумқоплар ўрнатилган.

Тошқин ва сел оқибатларини тугатиш ишларига 32 минг нафардан ортиқ одам, 5 минг дона техника, жумладан, 310 сузувчи мосламалар ва 13 дона вертолёт жалб қилинган.

Қирғизистон ва Ўзбекистон биринчилардан бўлиб биродар қозоқ халқига инсонийлик ёрдамларини юборишган ва бу хайрия ишлари давом этмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг