Раис адашди. Қирғизистон парламенти раҳбари рус тилига қарши гапириб қўйди

Унинг сўзларидан кейин мамлакат президенти тиллар масаласида давлат сиёсати бошқача эканини айтди.

Қирғизистонда тиллар масаласи доимо долзарблигини йўқотмай келади. Асосан тортишувлар мамлакатда расмий ҳисобланган рус тили атрофида бўлиб туради. Маҳаллий сиёсатчи ва аҳолининг бир қисми айнан рус тилининг кенг қўлланиши туфайли давлат тили, яъни қирғиз тили ривожланмаётганини даъво қилиб келишади. Ҳар сафар бу борада Россия расмийлари гоҳо ташвиш, гоҳида норозилик сифатида ўз муносабатини билдириб келишади.

Бу сафар нозик масаланинг кун тартибига чиқишига Жўғўрқу Кенеш раиси Нурланбек Шакиевнинг сўзлари сабаб бўлди. У парламент йиғинида рус ва инглиз тилидаги интернет манбаларини блоклаб ташлаш зарурлигини айтди.

“Ҳалол саноат ҳақидаги” қонун лойиҳаси муҳокамаси пайтида Шакиев рус ва инглиз тилидаги мультфильмларни блоклаб, уларни қирғиз тилида яратишни таклиф қилди. Унинг айтишича, болалар боғчадан тортиб, рус ва инглиз тилларида гапира бошлаяптилар ва бу яхши кўрсаткич эмас. Шунингдек раис араб тилидан кирган “ҳалол” сўзи ўрнига қирғизча “адал” сўзини қўллашга чақирди.

“Келинглар, қирғиз тилида гапирайлик. Биз она тилимизни араблаштириб олдик, нутқимизда кўплаб рус сўзларини ишлатамиз. Болаларимизга арабча исмлар қўямиз… Тилимизни йўқотаётганимиз камлик қилганидай, исмларимиз ҳам йўқ бўлади”, – деди у.

Қонун лойиҳасида “адал” сўзини қўллашни депутат Камила Талиева ҳам талаб қилди. Бунга депутат Марлен Маматалиев қонун лойиҳасида маҳсулот стандарти номини ўзгартириш мумкин эмаслигини айтди. У дунёда кенг қўлланиладиган ISO каби халқаро андозалар номларини, масалан, “Coca-Cola» номини ўзгартиришнинг иложи йўқлигини эслатди. Маматалиев “адал” сўзи қўлланган ҳолатда Қирғизистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни чет элга чиқариш мумкин бўлмай қолишини айтди.

Яна бир депутат Дастан Жумабеков раисга қаттиқ эътироз билдириб, ҳар бир ота-она ўз боласига истаган исмини беришга ҳақли эканини айтди.

“…Мен сизнинг сўзларингизни чеклов қатори қабул қилдим”, – деди Жумабеков.

Болаларга мусулмонча исмлар қўйилиш урф бўлаётганидан бунгача ҳам айрим сиёсатчилар ташвиш билдириб чиқишган. Бу танқидларга қарамай, мамлакатда болаларга исломий исмлар қўйиш оммалашиб бормоқда. Масалан, ўтган 2023 йилда Рақамли ривожланиш вазирлиги берган маълумотга кўра, янги туғилган қизларга кўпроқ Салиха, Амина ва Фатима исмлари қўйилган бўлса, ўғил болаларни Муҳаммад, Умар, Али, Амир, Билол каби исмлар билан кўпроқ аташган.

Бунгача Нурланбек Шакиев давлат тили ҳақида гапириб, Қирғизистонда барча миллат вакиллари қирғизча фикрлаб, қирғизча гапириши лозимлигини даъво қилиб чиққан эди.

Президент раисни қўлламайди…

Парламент раисининг сўзларига изоҳ берар экан, президент Садир Жапаров мамлакатда ҳамма қирғиз тилининг ривожланишини қўллашини, бунга ҳеч ким қарши эмаслигини айтди.

Миллий “Қабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида давлат раҳбари Нурланбек Шакиевнинг рус ва инглиз тили ҳақидаги гаплари унинг шахсий фикри эканини ва бу фикрни қўлламаслигини маълум қилди. У тиллар масаласида давлат сиёсати бошқача эканини қўшимча қилган.

“БМТ расмий тиллари ичида рус ва инглиз тили ҳам бор. Рус тилини билмай туриб, МДҲ давлатларида ишлаш мумкин эмас. Нафақат Ҳамдўстлик давлатлари, балки, айрим Европа давлатлари, АҚШ ва бошқа қатор давлатларга борганда ҳам рус тилида гапиришади, бошқа тилдаги нутқлар рус тилига синхрон таржима қилинади. Мен буни охирги уч йилда кўп марта кўрдим”, – деди президент Жапаров. “…Мен фарзандларимизнинг болалигидан тортиб рус тилида гапиришаётганини эшитмадим. Аксинча, рус тилида бирорта сўз билмай туриб, Россияга боришяпти”.

Садир Жапаров шу сабабдан Россия президентидан Қирғизистонда рус мактабларини қуриб беришни илтимос қилганини маълум қилган. Мамлакатнинг барча вилоятларида қурилиши мўлжалланган тўққизта мактабни бунёд қилиш ишлари яқинда бошланиши керак. Келишувга кўра, бу мактабларнинг директорлари Россия томонидан тайинланиб, улар Россия фуқаролари бўлиши шарт.

Президент инглиз тилида мактаб очиш истагида бўлганлар учун ҳам мамлакат эшиклари доимо очиқ эканини қўшимча қилди.

Садир Жапаров Қирғизистон ёшларининг уч эмас, беш тилда гапирса яхши бўлишини айтар экан, халқ қанча кўп тил билса, унинг дунёқараши ва оламга бўлган муносабати шунча кенг бўлишини эътироф этди.

“Биз ҳеч қачон бошқа тилларга қарши бўлмаслигимиз керак. Албатта, биз қирғиз тилига алоҳида эътибор берамиз. Наҳотки, ўтмишда йўқолмаган тилимиз энди йўқолиб кетса?” – деди президент. – “Арабча исмларга келсак, боласига қандай исм қўйиш ҳар бир одамнинг шахсий иши. Муҳими, унинг қалбида қирғизлигича қолиши. Масалан, бизда ҳам Муҳаммед исми бор. Бизда жуда кўп ўхшаш исмлар бор”.

…Махсус хизмат раҳбари ҳам

Парламент раисининг сўзларига Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам қарши фикр билдириб, қирғиз тилини сақлаш мақсадида кундалик ҳаётимизда бошқа тилларни чеклаш – адашишдан иборат эканини эътироф қилди.

“Бошқа тиллар бўлмаса, қирғиз тили ривожланмайди. Бизнинг келажак авлод қирғиз тили билан бирга бошқа тилларни ҳам билиши керак. Чунки бошқа тиллар орқали дунёни таниш мумкин, бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган янги технологияларни мамлакатимизда татбиқ қилиш мумкин”, – деди Ташиев.

Ташиевнинг фикрича, шунинг асосида республика чет эл маданиятидан ортда қолмай ривожланади. У қишлоқ ўқитувчиларига болаларга рус ва инглиз тилини ўргатишлари учун қўшимча ҳақ тўлаб бераётганини айтди.

“Менинг мақсадим – улар ҳам бошқа тилларни ўрганиб, дунёни танисинлар”, – деди махсус хизмат раҳбари.

Қамчибек Ташиев тиллар масаласида парламент раисини қўлламаслигини айтди, чунки “рус тили келажак авлод учун жуда муҳим”. У болаларга исм қўйиш борасида ҳам раисга қарши фикр билдириб, Қирғизистон аҳолисининг аксарияти мусулмон эканини унутмасликка чақирди. Унинг фикрича энг яхши йўл – қирғизча-мусулмон исмларини танлашдан иборат.

Маълумки, мамлакатда махсус хизмат бошлиғи давлатнинг ички сиёсатига таъсири борасида президентдан кейин иккинчи ўринда туради. Икки дўст сифатида танилган бу сиёсатчилар тандеми мамлакат сиёсатининг энг муҳим йўналишларини белгилайди ва ҳал қилади. Шу маънода “қовун туширган” парламент раиси учун ушбу сиёсий хатоси анча қимматга тушиши мумкин.

Москвадаги қўполликнинг бунга алоқаси борми?

Одатда Қирғизистонда рус тили ҳақида салбий фикр билдирилган аксарият ҳолатларда Россияда ишлаётган қирғизистонлик муҳожирларга нисбатан қандайдир кўнгилсизлик юз беради. Бу муҳожирлар ҳаётини мураккаблашишга олиб келадиган бирор расмий қарор ёки норасмий баёнотлар бўлиши мумкин. Шу йўл билан Россия Қирғизистонга босим ўтказиб келади.

Аввалроқ хабар берганимиздек, оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган хабарларга кўра, Москвада Қирғизистон элчихонаси ходими Манас Жўлдўшбековнинг уйига полиция ходимлари келиб, дипломатнинг ўзи ва оиласи аъзоларининг миграция рўйхатидан ўтишгани тўғрисида ҳужжат талаб қилишган.

Унинг уйига полиция ходимлари эшик қулфини бузиб киришгани айтилади. Дипломат ўзининг ва оила аъзоларининг димломатик паспортларини кўрсатгандан кейин ҳам унга қўполлик қилиб, ҳужжат талаб қилишда давом этишган.

Полиция ходимларининг бу ишлари ноқонуний эканини билмаганлари ақлга сиғмайдиган иш. Чунки элчихона ходимларининг ва умуман дипломатик паспортга эга бўлган фуқароларнинг дахлсизлик ҳуқуқи борлигини оддий одамлар ҳам яхши билишади. Демак, бу қандайдир англашилмовчилик эмас, иғво ёки мамлакатга яширин босим ўтказиш усули бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу тасодиф бўлиши мумкин, лекин дипломатга ва унинг оиласига нисбатан қўполлик Қирғизистон парламенти раисининг юқорида айтган сўзларидан кейин бўлиб ўтган.

Қирғизистон томон Россия полицияси ходимларининг мамлакат элчихонаси ходими ва унинг оиласига нисбатан қилган ҳаракатларидан ташвиш билдирди. Бундай ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги эслатилиб, қисқа вақт ичида вазиятнинг жиддий текшириб чиқилиши ва айбдорларнинг жазоланишини талаб қилди.

Консул Андрей Бурьевой бу масала юзасидан афсусда эканини маълум қилди. Шунингдек у Қирғизистон томондан расмий нота олингани ва бу факт юзасидан текшириш ўтказилаётгани ҳамда унга расмий жавоб берилишини маълум қилди.

Маълумки, Москва яқинидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида 22 март куни ўтказилган терактдан сўнг Россияда меҳнат муҳожирларига, айниқса Марказий Осиё давлатларидан борган фуқароларга қарши кайфиятлар кучайган. Ҳужум оқибатида 140дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Теракт содир этишда тожикистонлик бир гуруҳ фуқаролар қўлга олинган.

Шундан сўнг бутун Россия бўйлаб муҳожирларга қарши полиция рейдлари кучайиб, турли даражадаги рус сиёсатчилари муҳожирлар устидан назоратни кучайтиришга чақирмоқда. Россиядаги шундоғам кўп бўлмаган масжидларни ёпиб ташлаш ҳақида талаблар ҳам янграмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг