Ўлмас полк: Россияда яна бекор қилишди, Қирғизистонда эса кенг қулоч ёймоқда

Фашизмни бирга енгган икки биродар славян халқи бугун бири-бирини фашизмда айбламоқда.

Бу йил Россияда кўп йиллик анъанага айланиб қолган “Ўлмас полк” юриши ўтказилмайди. Бу ҳақда журналистларга “Россия ўлмас полки” ҳаракати Марказий штабининг ҳамраисаси Елена Цунаева билдирган. Бунга Украина-Россия уруши ва яқинда Москва яқинида амалга оширилган террористик акт билан боғлиқ хавфсирашлар сабаб бўлган. Яъни, оммавий тадбирларда террористик актларни амалга оширишга уриниш ҳоллари бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

2022 йилнинг 24 февралида Россия Қуролли кучлари Украина ҳудудига ҳужум қилиб, махсус амалиёт бошлагани маълум қилинган. Унинг мақсади – Украинадаги миллатчи ҳокимиятни ағдариб, мамлакатни қуролсизлантиришдан иборат. Бир-икки ҳафтада тугалланиши кутилган амалиёт кенг миқёсдаги урушга айланиб кетди ва бугунга қадар давом этмоқда. Турли маълумотларга қараганда ҳар икки томондан камида 50 мингдан ортиқ аскар ва зобит ҳалок бўлган.

Ҳар икки томон бири-бирини хунрезлик ва фашизмда айбламоқда. Украинанинг қарийб 7 миллион кишилик аҳолиси мамлакатни ташлаб чиқиб, Европа ва АҚШда бошпана топишган. Айримлар, ҳатто ғарб экспертлари бу урушда Украинанинг енгилишини ва ҳатто давлат сифатида йўқ бўлиб кетиши мумкинлигини башорат қилмоқдалар.

Россияда 9 май куни Ғалаба байрамини кенг нишонлаш мақсадида кенг миқёсда тадбирлар ўтказилади. Улар биринчи майдан бошланиши маълум қилинди. Жумладан, “Ўчмас полк” акцияси жамоатчилик транспорти ва бошқа оммавий жойларда ўтказилади. Бунинг учун авваллари юришларда одамлар кўтариб чиқадиган уруш қаҳрамонлари ва қатнашчиларининг портретлари автобус ва хусусий машиналарга, самолёт ва кемаларга, биноларнинг ички ва ташқи қисмларига илиб қўйилади.

Бундан ташқари “Хотира галереяси” тадбири доирасида Совет Иттифоқи қаҳрамонлари, Шуҳрат ордени кавалерларининг портретлари улар ҳақидаги маълумотлар билан бирга одамлар кўп бўладиган жойларда, истироҳат боғлари ва хиёбонларга жойлаштирилади.

Маълумки, Россияда йил сайин 9 май Ғалаба байрами кенг нишонланади, бу мамлакатнинг энг асосий байрамларидан бири. “Ўлмас полк” юриши кўп йиллардан бери Россиянинг турли шаҳарларида кенг миқёсда уюштирилади. Лекин бу тадбир коронавирус пандемияси туфайли 2020 ва 2021-йилларда онлайн тарзда ўтказилган. 2022 йилда тадбир одатдагидай ўтказилган, лекин 2023 йили юриш Украинада бошланган уруш сабабли яна бекор қилинган.

Шу вақтнинг ўзида Россиядаги вазият ва турли сиёсий тадбирларга ҳамоҳанг иш юритилувчи Қирғизистонда бу юриш нафақат Бишкек, балки бошқа шаҳар ва туман марказларида ҳам ўтказилади. Бишкекда ўтадиган акциянинг мувофиқлаштирувчиси Зульфира Хайбуллинанинг айтишича, ҳозирда Бишкекдан ташқари Ўш, Жалолобод, Қораболта каби шаҳарлар бу тадбирга тайёр эканини маълум қилишган.

Бишкекда ўтган брифингда Қирғизистон Қуролли кучларининг Бош штаби вакили Белек Абдрахманов Мудофаа вазирлиги томонидан барча ҳарбий қисм ва ҳарбий комиссарликларга ушбу тадбирга имкон қадар ёрдам бериш вазифаси топширилганини маълум қилди.

 

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг