Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари алоқаларида янги имкониятлар очилмоқда

Олти давлат президентлари учрашуви чоғида савдо, мудофаа ва хавфсизлик масалаларига урғу берилди.  

Ҳиндистон ва Марказий Осиё минтақасининг беш республикаси раҳбарлари иштирокида ўтган онлайн саммитда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Саммит Ҳиндистон билан Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллик юбилейи арафасида бўлиб ўтди.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 27 январь куни ўтган учрашувда «Марказий Осиё Ҳиндистоннинг интеграциялашган ва барқарор кенгайтирилган қўшничилик ҳақидаги тасаввурида марказий ўрин тутади», деди.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда «Ҳиндистон – Марказий Осиё» саммитида учрашув иштирокчилари «савдо ва коммуникациялар, ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик, мудофаа ва хавфсизлик» каби долзарб соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича масалаларни муҳокама қилдилар.

Учрашувда жиддий муҳокамага сабаб бўлган яна бир мавзу, “тинч, хавфсиз ва барқарор Афғонистонни кучли қўллаб-қувватлаш» масаласи бўлди. Президентлар ана шундай қўлловнинг бундан буён ҳам давом этишини яна бир бор тасдиқладилар.

«Биз ҳаммамиз Афғонистондаги воқеалар ривожидан хавотирдамиз, у ерда [2021 йилнинг] август ойида Толибон ҳокимиятга қайтганидан кейин гуманитар вазият кескин ёмонлашган», – деди жумладан Нарендра Моди. – «Шу нуқтаи назардан, минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик учун бизнинг ўзаро ҳамкорлигимиз муҳим аҳамият касб этди».

Бу учрашув биз аввал ёзганимиздек, Вашингтон, Пекин ва Москванинг ўз манфаатлари доирасининг муҳим бир қисми деб ҳисоблаган Марказий Осиё минтақасида ўз таъсирларини кенгайтиришга интилаётган бир пайтда бўлиб ўтди. Жумладан, Россия минтақа давлатлари ҳудудида йирик иқтисодий иншоотлар қуриш режаларини таклиф қилаётган бўлса, икки кун аввал Хитой раҳбари Марказий Осиё давлатларининг президентлари билан саммит ўтказиб, унда минтақа давлатлари иқтисодиёти ва хавфсизлигини ошириш учун уч йил давомида 500 миллион доллар ёрдам кўрсатишга ваъда берган эди.

Марказий Осиё давлатлари ичидан Ўзбекистон Ҳиндистон билан кўп йиллик устувор алоқалари билан ажралиб туради. Жумладан, 1966 йилда, яъни Совет ҳукумати даврида, айнан Тошкентда Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги урушга барҳам берган Тинчлик декларацияси имзоланган. 1988 йилда эса Тошкентда Ҳиндистоннинг Бош консуллиги очилиб, кейинчалик Элчихонага айлантирилган.

Бир пайтлар ҳар икки йилда бир ташкил қилинадиган, жаҳон кино санъатидаги энг нуфузли тадбирлардан бири бўлган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари иштирокидаги халқаро фестивал Тошкентда ўтказилиб, Ҳиндистон киночилари фестивалнинг доимий, энг фаол ва севимли қатнашчилари бўлиб келишган.

Ўтган 2021 йилнинг июль ойида Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда минтақа давлатларидан ташқари Россия, Хитой, АҚШ ва Ҳиндистон давлатларининг ташқи ишлар вазирлари ҳам иштирок этдилар. Ўшанда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкарни қабул қилиб, сармоялар, савдо-сотиқ, маълумот технологиялари ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилган.

Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йили Ҳиндистонга қилган ташрифи чоғида Ҳиндистондан Ўзбекистонга сармоялар жалб қилиш бўйича умумий кўлами 3 миллиард долларга яқин 50та лойиҳа бўйича битим имзоланган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг